Sayt xaritasi 00:00:00

Узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс жазо муддатининг ...

Ro'yxatga qaytish

Узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс жазо муддатининг кўп қисмини ўтаб бўлган бўлса, қандай тартибда авф этилади?

 

Ўзбекистон Республикасида судланган шахсларни авф этиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 08 май кунидаги ПФ-5439 сонли Фармони талабларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Фармон қабул қилиш йўли билан амалга оширилади.

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома маҳкум ёки жазони ўтаб бўлган шахс, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан афв этиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳуқуқи берилган шахс (орган)лар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма шаклда берилади.

Фармон билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида авф этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига кўра маҳкумларнинг авф этиш масаласида ёзган илтимосномалари жазони ижро этиш муассасаси раҳбариятига топширилади.

Ўз ўрнида муассаса маъмурияти маҳкумнинг илтимосномасини тегишли ҳужжатлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юборади.

Вазирлик эса авф этиш тўғрисидаги илтимосномаларни дастлабки тарзда кўриб чиқувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Комиссияга юборади.

Шуни назарда тутиш лозимки, юқорида қайд этилган Низом талабларига биноан, афв этиш тўғрисидаги илтимоснома суд ҳукми қонуний кучга киргандан кейин қуйидаги муддатларда берилиши мумкин:

а) умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахс томонидан у тайинланган жазонинг йигирма беш йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, агар жазони ўташ даврида маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган, меҳнат ва ўқишга нисбатан виждонан муносабатда бўлаётган, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этаётган тақдирда эса, тайинланган жазонинг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин;

б) узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахс томонидан у тайинланган жазо муддатининг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, агар жазони ўташ даврида маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган, меҳнат ва ўқишга нисбатан виждонан муносабатда бўлаётган, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этаётган тақдирда эса, тайинланган жазонинг ўн беш йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин;

в) бошқа жазога ҳукм этилган шахс томонидан ўталган (ижро этилган) жазо муддати (ҳажми)дан қатъи назар, ушбу банднинг “г” бандида кўрсатилган шахслар бундан мустасно;

г) илгари амнистия акти асосида жиноий жавобгарликдан озод этилган, шартли ҳукм қилинган, муддатидан илгари шартли равишда, амнистия акти ва афв этиш асосида жазодан озод қилинган, шунингдек, ўзига нисбатан енгилроқ жазо билан алмаштириш қўлланилган ҳамда яна қасддан жиноят содир этган шахс, худди шунингдек, ўта хавфли рецидивист томонидан у тайинланган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, ушбу банднинг “а” ва “б” кичик бандларида кўрсатилган шахслар бундан мустасно.