Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеяси Танзаниянинг Аруша шаҳрида ўтказилмоқда.
Халқаро анжуманлар маркази (AICC)да ўтаётган анжуман 2026 йил 5 - 9 октябрь кунларига мўлжалланган бўлиб, унда дунёнинг юздан ортиқ мамлакатидан 2 мингга яқин делегат иштирок этмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация ҳам қатнашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Парламентлараро иттифоқ (ПИ) 1889 йилда ташкил этилган. Дастлаб халқаро мулоқотни йўлга қўйиш, давлатлар ўртасидаги низоларни уруш эмас, музокара ва арбитраж орқали ҳал этиш ғоясини илгари сурган бу ташкилот бугунги кунда тинчлик ва хавфсизликдан ташқари демократия, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, парламентлар самарадорлиги ва барқарор ривожланиш масалаларини ҳам қамраб олмоқда.
Ассамблеянинг расмий очилиш маросимида Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентларлари раҳбарлари, аъзолари, ҳукуматлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Танзания Президенти Самия Сулуху Ҳассаннинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табриги видеокнференцалоқа тизими орқали намойиш этилди.

“Танзания ҳукумати ва халқи номидан Парламентлараро иттифоқнинг 153-Ассамблеясида иштирок этаётган барча делегатларни самимий қутлайман. Ҳар бир парламент ўз ваколатини ўзи вакиллик қилаётган халқдан олади. Фуқаролар ўз муаммолари ва орзу-интилишларини ўз вакилларига ишониб топширади ва улардан ушбу масалалар бўйича жавоб кутади. Шундай экан, мана шундай шончга муносиб бўлиб, нафақат мамлакатингиз, балки халқаро миқёсда муҳим ташаббуслар муаллифи бўлишгингизга тилакдошман”, деди С.Ҳассан.
Очилиш маросимида ПИ бош котиби Анда Филип, ПИ Президенти Тулия Эксон сиёсий қарашлардаги фарқларга қарамай параментлар мулоқот қилиши учун ҳар тўсиқни енгиб ўтаётгани эътибрррга лойиқлигини таъкидлади. Кучли ва инклюзив парламентларни шакллантириш, парламент дипломатияси ва қўшма ҳаракатларни ривожлантиришга кўмаклашиш ПИ фаолиятининг муҳим йўналиши бўлиб қолади.

Маросимда БМТ бош котиби Антониу Гуттерешнинг онлайн янграган фикрларига кўра, ПИ дунёда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётган институт эканини эътироф этди ва ассамблея ишига муваффақият тилади. БМТ ва ПИ биргаликда самарали бошқарувни барча учун ишонч ва имкониятлар манбаига айлантира олади, деди у.
Айтиб ўтиш керакки, бу сафарги анжуман доирасида ПИнинг барча устав органлари, жумладан, Бошқарув кенгаши, доимий қўмиталар, парламент аъзоларининг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси, Яқин Шарқ масалалари бўйича қўмита, шунингдек, Аёл парламент аъзолари форуми ва Ёш парламент аъзолари форуми йиғилишлари ўтказилади.
Умумий дебатлар “Инклюзивлик, ишонч ва барча учун имкониятлар орқали самарали бошқарувни такомиллаштириш ҳамда жамиятлар имкониятларини кенгайтириш” бош мавзусига қаратилади.
Ассамблея доирасида ПИнинг янги Президенти сайлови бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унда Австралия, Озарбайжон ва Чили вакиллари номзод сифатида қатнашмоқда.
Ассамблея фавқулодда банд бўйича ҳамда Демократия ва инсон ҳуқуқлари доимий қўмитаси томонидан тақдим этилган “Барча учун инклюзив ижтимоий ривожланиш: ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришни рағбатлантириш бўйича парламент стратегиялари” мавзусидаги резолюцияларни қабул қилади. Ассамблеяда Умумий дебатларнинг бош мавзуси бўйича якуний ҳужжат қабул қилиниши билан якунланиши кутилмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Танзания, Аруша шаҳри
