Ахборот маконида ёлғон хабарлар, чалғитувчи маълумотлар, сунъий интеллект ёрдамида яратилган сохта тасвир ва видеолар кўпайиб бораётган бир шароитда телевидение зиммасига катта масъулият юкланмоқда. Бугун ҳаққоний ва ишончли ахборот тарқатиш, журналистик этика тамойилларига содиқ қолиш, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
1996 йил 21–22 ноябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Биринчи жаҳон телевизион форуми ўтказилди. Ушбу форумда 21 ноябрь Бутунжаҳон телевидение куни деб эълон қилинди. Ташкилот телевидениени тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солувчи можаролар, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ёритиш, жаҳон жамоатчилиги эътиборини долзарб масалаларга қаратишда таъсирчан восита сифатида эътироф этди.
Телевидениенинг шаклланиш тарихи XX аср бошларига бориб тақалади. 1930-йилларда олим ва муҳандисларнинг изланишлари натижасида телевизорлар амалда қўлланила бошлади. Дастлаб экранларда оқ-қора тасвирлар намойиш этилган бўлса, 1950-йиллар бошларида рангли телевидение тизимлари яратилди. Эътиборли жиҳати шундаки, кўплаб манбаларда электрон телевидение тарихи пойтахтимиз Тошкент шаҳри билан ҳам боғланади.
Телевидение нафақат ахборот етказиш, балки жамоатчилик фикрини шакллантириш, аҳоли муаммоларини кўтариш ва уларнинг ечимига кўмаклашишда ҳам муҳим ўрин тутади. Телевидениенинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги аҳамияти ҳам беқиёс. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасида ҳар бир инсоннинг фикр ва сўз эркинлиги, ахборот ҳамда ғояларни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи мустаҳкамланган.
Ҳуқуқий мавзуларни мунтазам ёритиш аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонун устуворлиги ва инсон қадр-қимматига ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Хотин-қизлар, болалар, ёшлар, кексалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари манфаатларига эътибор қаратиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун субтитрлар ва имо-ишора тили таржимасидан фойдаланиш ҳам тенг ахборот имкониятларини таъминлашда катта аҳамиятга эга.
Рақамли технологиялар тараққиёти телевидение олдига янги вазифаларни қўймоқда. Бугун томошабин дастурларни анъанавий эфир билан бирга интернет ва мобил қурилмалар орқали ҳам кузатмоқда. Айни пайтда, ёлғон хабарлар ва сунъий интеллект ёрдамида яратилган сохта материалларнинг тарқалиши журналистлардан ахборотни синчковлик билан текшириш, манбаларни солиштириш ва касб этикасига қатъий риоя этишни талаб қилмоқда.
Ҳар бир кўрсатув ортида инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, ишончи ва умиди турганини унутмаслик керак.
Севара ИШМУРАТОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Умумий бўлим бошлиғи
«Iste’mol madaniyati» газетасининг 2026 йил 26 ноябрь кунги 22 (238)-сони
