Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

БМТ: 2030 йилга бориб дунё ҳар йили 560 га яқин табиий офатларга дуч келади

13 октябрь – Халқаро ҳалокатлар хавфини камайтириш куни

1989 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 44-сессиясида қабул қилинган резолюцияга биноан 1990-1999 йиллар табиий офатлар хавфини камайтириш ўн йиллиги деб эълон қилинган. Шу давр мобайнида ҳар йили октябрь ойининг иккинчи чоршанбаси Халқаро табиий офатлар хавфини камайтириш куни деб эълон қилинган.

Бу борада кенг миқёсдаги чора-тадбирларни давом эттириш мақсадида БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил 17 январдаги резолюциясига асосан ҳар йилнинг 13 октябрь санаси мунтазам равишда Халқаро ҳалокатлар хавфини камайтириш куни деб эълон қилинди.

Дарҳақиқат, табиий офатлар инсон ҳаёти, инфратузилма ва табиат учун жиддий таҳдид ҳисобланади. Ҳар йили тошқинлар, зилзилалар, бўронлар, сел ва қурғоқчилик каби офатлар минглаб инсон ҳаётига таъсир кўрсатади. Шу сабабли хавфларнинг олдини олиш, бунга тайёргарлик кўриш муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирги иқлим прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб, дунё ҳар йили 560 га яқин табиий офатларга дуч келади, дейилади БМТ ҳисоботлрида. Иқлим ўзгариши ва офатлар таъсирида қўшимча 100,7 миллион киши ўта қашшоқлик шароитида яшайди. Хавфни олдиндан таҳлил қилиш, юзага келиши мумкин бўлган офатдан олдин ҳимояланиш муҳим.

Бунинг учун табиий ҳудудларни ҳимоя қилиш ва деградациядан сақлаш, экологик тоза ҳудудлар тизимини қонуний мустаҳкамлаш, сув ресурслари ва тупроқ саломатлигини сақлашда барқарор инфратузилма ва табиий мувозанатни тиклаш долзарб ўрин тутади. Шунингдек, фуқароларда экологик хабардорлигини ва хавфлар туйғусини шакллантириш, фавқулодда вазиятларга тайёргарлик ва зудлик билан реакция тизимини кучайтириш лозим бўлади.

М.Комилова, ЎзА

Nashr sanasi 13.10.2026 Ko'rishlar 164
Ulashish