Ҳужжат билан улушли қурилиш соҳасидаги муносабатлар, иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат органларининг ваколатлари ҳамда улар ўртасидаги ҳамкорлик тартиби белгиланмоқда.
Эътиборлиси, Президентнинг 2025 йил 27 январдаги фармони билан улушли қурилишда эскроу тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Хусусан, 2025 йил 1 июлдан улушдорлар маблағларини эскроу ҳисобварақлари орқали жалб қилиш ихтиёрий асосда йўлга қўйилган. 2026 йил 1 январдан эса маблағларни фақат эскроу ҳисобварақлари орқали жалб қилиш белгиланган.
Янги қонун лойиҳасида ушбу тизимнинг ҳуқуқий асослари ва фуқаролар маблағларини ҳимоя қилиш кафолатлари мустаҳкамланмоқда.
Яъни харидорнинг пули банкда сақланади. Қурувчи эса уй-жойни белгиланган талаблар асосида қуриб, фойдаланишга топширганидан кейингина ушбу маблағларни олади.
Қонун лойиҳасига кўра, қурувчи аҳолидан маблағ жалб қилиши учун бир қатор талабларга жавоб бериши керак. Жумладан, у Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтиши, ваколатли банк билан бош битим тузиши ва лойиҳа декларациясини эълон қилиши лозим.
Шунингдек, улушли иштирок этиш шартномаси нотариал тасдиқланади ва давлат рўйхатидан ўтказилади. Шартномага киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам нотариал тасдиқланиши шарт. Бу бир хонадонни бир неча кишига сотиш ёки норасмий қўшимча келишувлар орқали шартнома шартларини ўзгартириш каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.
Агар қурувчи қонун талабларини бузган ҳолда фуқаролардан маблағ жалб қилса, улушдор ушбу пулни қайтаришни ҳамда ундан фойдаланилганлик учун фоиз тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қонун лойиҳасида қурилиш лойиҳаларини ўз вақтида якунлашга қаратилган механизмлар ҳам назарда тутилган. Зарур ҳолларда ваколатли банкни ёки қурувчини алмаштириш, қурилишнинг узлуксиз молиялаштирилишини таъминлаш имкониятлари яратилади.
Депутатлар томонидан иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида киритилган муҳим ўзгартиришлардан бири — уйни топшириш муддати бузилганда объектни муаммоли деб топиш учун яна олти ой кутиш талабининг бекор қилиниши бўлди.
Шунингдек, қурувчининг мавжуд камчиликларни бартараф этмасдан, фақат товон тўлаш орқали муаммоли объектлар реестридан чиқиб кетишига йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.
Бундан ташқари, улушли қурилишга оид маълумотлар Ягона ахборот тизимига жойлаштирилади. Бу орқали фуқаролар қурувчи, қурилиш объекти ва лойиҳанинг амалга оширилиши ҳақидаги маълумотлар билан танишиш имконига эга бўлади.
Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида депутатлар қурилаётган кўп квартирали уйларга бир неча бор бориб, қурилиш жараёнлари ва улушдорлар билан ишлаш ҳолатини ўрганган. Шунингдек, фуқаролар, қурувчилар, банк-молия тизими вакиллари ва бошқа манфаатдор томонларнинг таклифлари инобатга олинган.
Янги тартибларнинг амалдаги қурилишларга таъсири бўйича ҳам ўтиш қоидалари белгиланмоқда. Жумладан, қонун кучга кирганидан кейин қурилиши учун рухсатнома олинган объектларга нисбатан унинг талаблари татбиқ этилиши назарда тутилган.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши улушли қурилиш бозорида шаффофликни ошириш, қурувчилар масъулиятини кучайтириш ва фуқароларнинг уй-жой сотиб олиш учун киритган маблағларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
“Yangi Oʻzbekiston” va “Pravda Vostoka” gazetalari tahririyati
