“Таълимда, маърифатда орқада қолганлар – ҳеч шубҳасиз, тараққиётда ҳам орқада қолади. Албатта, бундай уйғунликка эришиш осон эмас. Бунинг учун катта-катта маблағлардан ташқари улкан инсоний ресурс, билим ва тажриба, кадрлар салоҳияти, энг муҳими, ўқитувчиларнинг ватанпарварлик фазилатлари талаб этилади”. Бу фикрлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 30 сентябрь куни таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқотида таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилган тадбирда айни мавзу муҳокамалар марказида бўлди. Байрам тадбирини Миллий марказ директори Акмал Саидов бошқарди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим тизимига қаратилаётган юксак эътибор яхши самаралар бермоқда. Ўқув муассасаларида зарур замонавий шароитлар яратилиб, хориж тажрибаси кенг жорий этилмоқда. Соҳа ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишга катта аҳамият қаратилмоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, Президентимизнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, кўплаб соҳа фидойилари давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланганини қайд этиш лозим. Шу кунларда жойларда давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали топшириш маросимлари бўлиб ўтмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятида ҳам таълим-маърифат ва илм-фан йўналишлари алоҳида аҳамият касб этади. Айниқса, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим миллий дастури негизида ҳудудларда тизимли ўқув машғулотлари йўлга қўйилган. Давлат ва нодавлат ташкилотлар, турли муассасалар ва таълим даргоҳлари кутубхоналарига инсон ҳуқуқларига оид янги адабиётларни беғараз етказиб бериш жараёни изчил давом эттирилмоқда.
Тадбирда Миллий марказда фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимларга ташаккурномалар тақдим этилди.
Шунингдек, Миллий марказда узоқ йиллар ишлаган меҳнат фахрийлари, нафақадаги устозлар ҳолидан хабар олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.09.2024
- Кўришлар: 767
- Чоп этиш