Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Самарқанд форуми 7 та шўъба сессияларида давом этди

28 сентябрь куни пойтахтимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми очилди. Форумнинг ялпи йиғилишларида 2 та Халқаро пактнинг олтмиш йиллик тажрибаси, ривожланиш ҳуқуқининг универсал инсон ҳуқуқи сифатидаги аҳамияти, глобал ҳамжиҳатлик ва замонавий чақириқларга жавобан халқаро ва миллий инсон ҳуқуқлари тизимини янада кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шундан сўнг Форум 7 та шўъба йиғилишларида ўз ишини давом эттирди. Бир вақтнинг ўзида,  яъни параллел ўтказилган ушбу сессияларда фуқаролик ҳамда сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар, болалар, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқ ва иқлим адолати, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, фуқароликка эга эмасликнинг олдини олиш каби муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Биринчи сессия – “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон ҳуқуқлари орқали барқарор ривожланишни илгари суриш” мавзусига бағишланди. Асосий маърузачилар таълим олиш ҳуқуқи ва сифатли, инклюзив ҳамда узлуксиз таълимни таъминлаш; соғлиқни сақлаш ҳуқуқи ва замонавий таҳдидлар шароитида барқарор соғлиқни сақлаш тизимларини мустаҳкамлаш; муносиб меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва адолатли иқтисодий ўсиш – барқарор ривожланиш асослари каби мавзулар юзасидан сўз юритдилар.

Шунингдек, камбағалликни қисқартириш, тенгсизликни бартараф этиш ва инклюзив ривожланишни таъминлаш; ривожланиш ҳуқуқи ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда миллий тажриба ва халқаро ҳамкорликнинг ўрни; барқарор ривожланишни молиялаштириш ва иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга оширишда халқаро молия институтларининг роли ҳамда қуролли можаролар шароитида маданий бойликларни муҳофаза қилиш сингари долзарб масалар ҳам сўзга чиққанларнинг алоҳида диққат марказида бўлди.

Иккинчи сессияда – “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллиги: қонун устуворлиги ва янги таҳдидлар” мавзуси кўриб чиқилди. Миллий, хорижий ва халқаро экспертлар ўз маърузаларида асосий эътиборни халқаро ҳуқуқ ва миллий ҳуқуқ тизимлари ўртасидаги нисбатга, хусусан, шартнома мажбуриятларининг мажбурий кучи ва давлатнинг шартномани бажармаганини оқлаш учун ўз ички ҳуқуқига ҳавола қилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида талқинига қаратдилар.

Халқаро пактнинг миллий ҳуқуқда амал қилишини таъминлаш мажбурияти ва миллий қонунчиликнинг унинг қоидаларига мувофиқлиги масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, ҳисоботлар тақдим этиш цикли, якуний мулоҳазалар бўйича кейинги чоралар ва ижрони давлат органлари ўртасида мувофиқлаштириш; Пакт ва Инсон ҳуқуқлари қўмитаси талқинларининг амал қилишини таъминлашда миллий судлар, прокурорлар ва адвокатларнинг роли; индивидуал мурожаатлар тартиби миллий амалиётда – уларнинг ички суд ишларида тутган ўрни батафсил таҳлил этилди.

Пактнинг қоидалари ўтган олтмиш йилда Инсон ҳуқуқлари қўмитаси томонидан талқин қилиниши ва ривожлантирилиши ҳамда шартнома органлари тизимининг миллий ижрони қўллаб-қувватлаш имконияти; Пакт қоидаларини миллий юридик таълимда ҳамда судьялар, адвокатлар ва прокурорларнинг касбий тайёргарлиги жараёнларида ўргатиш; БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг замонавий амалиётида Пакт қоидаларини талқин қилиш ва қўллашга янгича ёндашувлари уқтирилди.

Учинчи сессия – “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга 20 йил: ҳуқуқларни тан олишдан – инклюзив жамиятларга” мавзуси доирасида ўтказилди. Маърузачилар ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг самарали амалга оширилишини мустаҳкамлашда мажбуриятларни қатъий бажариш муҳимлигини таъкидладилар. Тенглик, камситмаслик ва қулайлик яратиш мисолида тўлиқ инклюзия йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш; инклюзив таълим, муносиб меҳнат ва ижтимоий ҳимоя борасида тенг имкониятларни таъминлаш масалалари ҳақида тўхталдилар.

Адолат судловидан фойдаланиш, мустақил яшаш ва жамоат ҳаётида иштирок этиш; рақамли инклюзия, ёрдамчи технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари ва юзага келувчи хавфлар таҳлил марказида бўлди. Ногиронлик масалаларини ҳисобга олган ривожланиш жараёнида миллий ижро, халқаро ҳамкорлик ва «ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойилига амал қилишнинг муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

Тўртинчи сессия – “Демографик барқарорлик: инсон ҳуқуқлари, инсон капитали ва ҳозирги ҳамда келажак авлодлар фаровонлиги” мавзусига бағишланиб, унда инсон ҳуқуқлари, ёшлар ва оила фаровонлиги барқарор ривожланиш ҳамда инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш асослари сифатида атрофлича талқин этилди. Демографик тенденциялар, шу жумладан аҳолининг қариши ва уларнинг давлат сиёсати, меҳнат бозорлари, ижтимоий ҳимоя ва ҳудудий ривожланишга таъсири ҳақида фикр юритилди.

Маърузачилар таълим, соғлиқни сақлаш, келажак кўникмалари ва бутун умр давомида инсон капиталига инвестициялар; демографик ўзгаришлар контекстида гендер тенглик, онгли танлов ва инклюзив иштирок; рақамли трансформация ва ёшларга хавфсизлик ва жамоат қарорларини қабул қилишда фаол қатнашиш учун яратилган имкониятлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Бунда демографик барқарорлик, авлодлар ҳамжиҳатлиги ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар фаровонлигига оид халқаро ҳамкорлик ва инновацион ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилди.

Бешинчи сессия мавзуси –  “Хотин-қизлар ҳуқуқлари, гендер тенглик ва иқлим адолати: халқаро мажбуриятлардан – самарали амалга оширишга” деб номланди. Бунда асосан хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва гендер тенгликка эришиш бўйича давлатларнинг халқаро мажбуриятларини бажариши масаласи ҳақида сўз борар экан, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш – барқарор, инклюзив ривожланиш ва тенгсизликни қисқартиришнинг муҳим омили экани таъкидланди.

Маърузаларда иқлим ўзгариши ва хотин-қизлар ҳуқуқлари: энг заиф гуруҳларни ҳимоя қилиш ва иқлим адолатини таъминлаш; иқлим ўзгариши контекстида хотин-қизларнинг табиий ресурслар, озиқ-овқат, сув, соғлиқни сақлаш хизматлари ва муносиб яшаш шароитларидан фойдаланиши;  хотин-қизларнинг етакчилиги ва бошқарувнинг барча даражаларида қарорлар қабул қилишда иштироки каби масалалар юзасидан амалий фикрлар ўртага ташланди. Хотин-қизларга нисбатан камситиш ва зўравонликнинг барча шакллари олдини олиш бўйича халқаро стандартлар ва миллий амалиёт; рақамли трансформация ва гендер тенглик: хотин-қизларнинг технологиялар, таълим ва инновациялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Олтинчи сессия – “Сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва инсон ҳуқуқлари: этика, ҳуқуқий тартибга солиш ва халқаро ҳамкорлик” мавзусига бағишланди. Муҳокамаларда сунъий интеллектни ҳуқуқий тартибга солишнинг халқаро стандартлари ва уларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга таъсири масаласи кенг таҳлил этилди.

Маърузачилар сунъий интеллектни ишлаб чиқиш ва жорий этишнинг этик тамойиллари: шаффофлик, ҳисобдорлик ва камситмасликни таъминлаш; сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги, фикрни эркин ифода этиш ҳамда маълумот олиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш; алгоритмик камситиш, рақамли тенгсизлик ва сунъий интеллект имкониятларидан тенг фойдаланишни таъминлаш; жадал технологик ривожланиш даврида сунъий интеллектни глобал бошқариш ва халқаро ҳамкорлик масалалари юзасидан чиқишлар қилди.

Сунъий интеллектдан давлат бошқаруви ва адлия соҳасида фойдаланишда мавжуд имкониятлар, хавфлар ва инсон ҳуқуқлари кафолатлари кўриб чиқилди. Замонавий қуролли можароларда сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳолатлари ортиб боришининг инсоний нархи муаммоси борасида гуманитар ташкилотларнинг нуқтаи назари эшитилди.

Еттинчи сессия – “Фуқароликка эга бўлмаганлик ҳолатларини қисқартириш тўғрисидаги конвенциянинг 65 йиллиги: унинг сақланиб қолаётган аҳамияти, Марказий Осиё давлатларининг эришган натижалари ва келгуси истиқболлари” мавзуси доирасида ташкил этилди. Сўзга чиққанлар 1961 йилги БМТ Конвенциясининг ўтган даврда  инсонларнинг фуқароликка бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссасини юқори баҳоладилар.

Муҳокамалар асносида Марказий Осиё давлатлари фуқароликка эга бўлмаганликнинг олдини олиш ва уни қисқартириш соҳасида эришган натижалар тақдим этилди. Бу борадаги муваффақиятли амалиёт ва олинган сабоқлар билан ўртоқлашилди.

Айниқса, минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан Ашхобод декларацияси ҳамда халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари билан ҳамкорликнинг ролини атрофлича ёритиб берилди. Халқаро стандартларни қўллашни мустаҳкамлаш ва минтақада ҳамда унинг ташқарисида фуқароликка эга бўлмаганликни бартараф этиш бўйича тараққиётни жадаллаштиришга қаратилган амалий тавсиялар таклиф этилди.

Форумнинг якуний ялпи мажлиси 29 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида ўтказилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 28.09.2026 Ko'rishlar 51
Ulashish