КОНСТИТУЦИЯ: ЭКОЛОГИК ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАР

«Конституция –инсон қадри,

эркинлик, тенглик ва адолат гарови!»

 

Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Конституциямиз қабул қилинганининг ўттиз уч йиллигини муносиб кутиб олиш тўғрисидаги фармойиш қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан байрам дастури ва тадбирларни ташкил этиш учун масъул ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.

Шу кунларда Конституцияга бағишланган тадбирлар юртимизнинг барча шаҳар-туманларида ва ҳатто энг кичик аҳоли пунктларида ҳам ўтказилмоқда. Байрам дастури очиқ мулоқотлар, маданий кечалар, фестиваллар, олимлар, санъат арбоблари ва спортчилар билан учрашувларни ўз ичига олган.

Тадбирлар давомида Конституциянинг мамлакатдаги иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, фан, маданият, спорт ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрни тушунтирилмоқда. Таълим муассасаларида байрам олдидан ҳуқуқшунослар ва давлат органлари вакиллари иштирокида "Конституция дарслари" ўтказилади.

Янги таҳрирдаги Конституция 2023 йил 1 майга қадар амалда бўлган Конституцияга нисбатан 65 фоизга ўзгарган. Ундаги нормалар сони ошган, хусусан, экология ва табиат муҳофазаси билан боғлиқ нормалар ҳам кўпайганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Чунки, ҳозирги вақтда дунёда келиб чиқаётган экологик муаммолар аксарият давлатлар томонидан ўз Конституцияларига махсус экологик бўлимларни киритишни тақозо этмоқда.

Асосий Қонунимиз Муқаддимасида Ўзбекистон ягона халқи, мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб ушбу Конституцияни қабул қилганликлари таъкидланган. Ўз навбатида, Конституциянинг 49-моддасида қайд этилганидек:

“Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга.

Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради”.

Конституциямизнинг 115-моддасида эса, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликларни ва биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришига, эпидемияларга, пандемияларга қарши курашиш ҳамда уларнинг оқибатларини юмшатиш соҳаларида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклатилган.

Сир эмаски, кейинги кунларда Тошкент шаҳри ва унга қўшни ҳудудларда яшовчи аҳолининг ифлос ва носоғлом ҳаводан нафас олиб яшамоқда. Бунга беэътибор бўлмаган мамлакатимиз Президенти жорий йилнинг 24 ноябрь куни экологик вазиятни ўнглаш учун кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўзда тутилган “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини қабул қилди.

Фармонга мувофиқ, экологик чораларни амалга оширувчи махсус комиссия тузилди. Комиссия юртимизда АИ-80 маркали бензиндан воз кечишни назорат қилади, қурилиш объектларида чекловлар ва чангни камайтириш талабларини жорий этади, зарур ҳолларда транспорт ҳаракатини чеклайди, хусусан, юк машиналари ҳаракатини, тоқ-жуфт тартибини ва чеклов қўйиладиган йўл ва ҳудудларни белгилайди, табиий чанг кучайганда саноат, транспорт, иссиқлик таъминоти ва бошқа соҳаларда чекловлар жорий этади ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича бошқа вазифаларни амалга оширади.

Табиийки, ушбу Фармон қабул қилинганидан кейин қандай экологик тадбирлар амалга оширилди, деган савол туғилади.

Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра,  25 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишини камайтиришга қаратилган ишларга 71 та махсус сув сепиш техникаси жалб этилган ва йўл бўйидаги дарахтларни ювиш ишлари амалга оширилган;

  • 177 та кўча (жами 444 км), шу жумладан йўл ёқаларидаги дарахт ва буталар ювилган;

  • 241 та қурилиш объектида 48 та махсус техника ёрдамида сув пуркаш ва чангни босиш ишлари олиб борилган;

  • 1 та ҳудуддаги кўча ва хиёбонлар атрофидаги сунъий суғориш тармоқлари ишга туширилган;

  • 19 та бозор ва йирик савдо мажмуалари атрофидаги 2 та фаввора ва 1 та сув сақлаш ҳовузи ишга туширилган;

  • шунингдек, бир кунда экологик талабларга жавоб бермайдиган 890 та қурилиш объектининг иши тўхтатилган.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳрида юзага келган экологик вазият ва уни юмшатиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида ахборот берди. Ушбу асосий маълумотларга кўра, мавжуд вазият Республика раҳбариятининг доимий назорати остида, давлатнинг тезкор жавоб бериш механизми тўлиқ ишламоқда ва қабул қилинаётган барча қарорлар аниқ маълумотларга ҳамда илмий таҳлилларга асосланган.

Шунингдек, барча чора-тадбирлар Президент фармони, Махсус комиссия қарорлари ва илмий ташкилотлар тавсияларига қатъий амал қилган ҳолда амалга оширилмоқда. Махсус комиссия томонидан давлат органлари, ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 24/7 режимида сафарбар қилинган.

Фурсатдан фойдаланиб, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни тиклаш ва барқарорлигини таъминлаш учун шу ҳудудда яшовчи, меҳнат фаолиятини амалга оширувчи ҳар бир фуқаро масъулиятни чуқур англаб олиши зарур деб ҳисоблаймиз. Табиатни асраб-авайлаш учун барчамиз бирдек масъул эканлигимизни унутмайлик.

Бинобарин, янги таҳрирдаги Конституциянинг 62-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек, “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”.

 

Отабек НОРБОЕВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech