Хитой ва Марказий Осиё давлатлари инсон ҳуқуқлари масалаларига яқин нуқтаи назардан ёндашади
14 май куни Тошкентда Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўзаро ҳамкорликда ташкил этган “Хитой — Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг давлат тузилмалари, эксперт ва илмий ҳамжамиятлари, ишбилармон доиралари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг 100 дан ортиқ вакили иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимида Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ривожланаётган давлатлар сифатида барқарор ривожланиш ҳамда инсон ҳуқуқларини илгари суриш масалаларида ўхшаш ёндашувларга эга экани таъкидланди.
– Хитойда “Узоқдаги қариндошдан яқин қўшни яхши”, дея кўп такрорлашади. Бу эътирофни Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси вице-президенти ва бош котиби Ли Хункуй ўз табрик сўзида алоҳида қайд этди.
“Сўнгги йилларда Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилди. Ўтган йили бўлиб ўтган “Хитой – Марказий Осиё” иккинчи саммитида ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Марказий Осиёдаги беш давлат раҳбарлари ўзаро ҳурмат, ишонч, манфаатдорлик ва қўллаб-қувватлашга асосланган “Хитой – Марказий Осиё” руҳини илгари суришга, шунингдек, янада яқинроқ Хитой – Марказий Осиё тақдири муштарак ҳамжамиятини биргаликда қуришга бир овоздан қарор қилди”, – деди Хитой делегацияси раҳбари.
Нотиқ таъкидлаганидек, бу галги Форум учун “Юқори сифатли ривожланиш орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиётни биргаликда рағбатлантириш” мавзуси танлангани бежиз эмас. Бундай ёндашув Хитой ва Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамкорлик орқали тараққиётга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқлари ривожланишининг янги уфқларини биргаликда очиш йўлидан оғишмай боришини қўллаб-қувватлайди.
“Раис Си Цзиньпин қайд этганидек, Хитой модернизациясининг негизида халқ фаровонлиги ётибди. Биз инсонларнинг бахтли ҳаёти – энг улуғ инсоний ҳуқуқ деб ҳисоблаймиз”, — деди Ли Хункуй. У Хитой ва Марказий Осиёнинг беш давлати ривожланаётган мамлакатлар ва модернизация йўлидаги ҳамкорлар эканини таъкидлади.
“Инсон ҳуқуқларини ривожлантиришга оид ёндашувларимиз ва уларни амалга ошириш йўлларимизда ўхшашликлар кўп. Биз олти мамлакат халқларининг умумий фаровонликка интилишларига муносиб жавоб қайтаришимиз, тараққиёт амалиётига инсон манфаатларини кўзлайдиган ёндашувни жорий этишимиз керак”, — деди Хитой Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси бош котиби.
“Қашшоқликни камайтириш, бандлик, таълим, тиббиёт каби соҳаларга эътибор қаратиб, амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур. Токи янада кўпроқ одамлар бахт, ишонч ва хавфсизликни ҳис қилсин ҳамда инсон ҳуқуқлари ривожланиши самараларидан баҳраманд бўлсин”, — деб таъкидлади нотиқ.
Шунингдек, у яшил трансформацияни илгари суриш ва инсон ҳуқуқлари ривожланишининг янги саҳифасини биргаликда ёзиш зарурлигини қайд этди. Қулай экологик муҳит – энг адолатли ижтимоий неъмат ва халқ фаровонлигининг энг муҳим таркибий қисмидир.
“Биз “яшил”, кам углеродли ривожланиш модернизациянинг асосий элементи ҳамда инсон ҳуқуқларини илгари суриш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган барқарор тараққиётнинг ягона йўли эканини тобора кўпроқ англаб етмоқдамиз”, — деди Ли Хункуй.
У, шунингдек, замонавий дунёда технологияларнинг ўрни ҳамда шу муносабат билан инсон ҳуқуқларини ривожлантиришнинг янги салоҳиятини очиш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, инсонга йўналтирилганлик ва технологияларни инсон манфаатлари йўлида қўллаш тамойилига амал қилиш, рақамли бошқарувни такомиллаштириш ҳамда технологик жараён инсоннинг эркин ва ҳар томонлама камол топишига хизмат қилишини, рақамли дивидендлар эса барча халқлар учун очиқ бўлишини таъминлаш зарур.
Инсон ҳуқуқларини ривожлантиришда, — дея таъкидлади Ли Хункуй, — ҳақиқий кўп томонламаликни ёқлаш, инсон ҳуқуқлари масалаларининг сиёсийлаштирилишига қарши чиқиш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал бошқарувни такомиллаштиришни биргаликда илгари суриш муҳим.
– Марказий Осиё давлатлари ва Хитой учун инсон ҳуқуқлари масалалари аҳолининг муносиб турмуш даражасини таъминлаш, қашшоқликни қисқартириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш билан чамбарчас боғлиқдир. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ўз табрик сўзи аввалида шу фикрларни алоҳида таъкидлади.
Акмал Саидовнинг фикрича, бугунги кунда юксак даражадаги ривожланиш инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашнинг зарурий шарти сифатида тобора кўпроқ эътироф этилмоқда. Бандлик, ижтимоий ҳимоя, замонавий таълим олиш, тиббий ёрдам ва хавфсиз атроф-муҳитдан баҳраманд бўлиш масалалари инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг рўёбга чиқишига бевосита таъсир кўрсатади ҳамда кўп жиҳатдан жамият барқарорлигини белгилайди. Шу маънода, инсон ҳуқуқларини илгари суришни ривожланиш вазифаларидан ажратган ҳолда кўриб чиқиш мумкин эмас.
Миллий марказ директори Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой учун ривожланиш ҳамда инсон ҳуқуқлари масалалари тобора чамбарчас боғланиб бораётганини қайд этди. Айнан шунинг учун ҳам инсон капиталини мустаҳкамлаш, билим ва технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, оила, ёшлар ва аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, инсоннинг муносиб ва хавфсиз ҳаёти учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган вазифалар диққат марказида турибди.
А. Саидов ўз нутқида бугунги кунда Хитой ва Марказий Осиё давлатлари инсон ҳуқуқлари масалаларига минтақадаги умумий тараққиёт вазифасининг бир қисми сифатида ўхшаш нуқтаи назардан ёндашаётганини алоҳида таъкидлади.
Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь Форум иштирокчиларини қутлар экан, Хитой ва Марказий Осиё ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликдан манфаатдор бўлган барчага самимий миннатдорлик изҳор этди.
«Хитой ва Марказий Осиё мамлакатларини умумий тоғу дарёлар бирлаштириб туради. Халқларимизнинг қалби бир-бирига яқин. Икки минг йилдан зиёд вақт давомида Буюк ипак йўли мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик учун мустаҳкам пойдевор яратди. Сўнгги ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида Хитой ва Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасида юксак даражадаги стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди», — деди дипломатик ваколатхона раҳбари.
«Инсон ҳуқуқлари бутун инсоният умумий қадриятларининг муҳим таркибий қисмидир. Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари “Глобал Жануб” тоифасига киради ва бизнинг олдимизда иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда аҳоли турмушини яхшилашдек умумий вазифалар турибди. Мамлакатларимиз ўртасида инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича кенг консенсусга эришилган. Биз инсон манфаатлари устувор бўлган тараққиёт концепциясига содиқмиз, яшаш ва ривожланиш ҳуқуқини инсоннинг энг асосий, биринчи даражали ҳуқуқлари деб биламиз», — деди Хитой элчиси.
У, шунингдек, Хитой ва Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги яқин ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Ўтган йили Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг фаол кўмагида ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва таъминлашга оид асарининг ўзбек тилидаги нашри чоп этилди. «Ушбу воқеа ҳамкорлигимиз тарихида муҳим босқич бўлди», — дея қайд этди Юй Цзюнь.
Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Алуа Надиркулова ўз нутқида таъкидлаганидек, “Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми минтақада ва унинг ташқарисида кўп томонлама ҳамкорлик, ўзаро англашув, маданий хилма-хилликка ҳурмат ҳамда инсон ҳуқуқларини илгари суришга бўлган умумий садоқатни мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган муҳим мулоқот майдонига айланди.
“Марказий Осиё ва Хитойни ўзаро ҳурмат, ишонч ва стратегик шерикликка асосланган кўп йиллик ҳамкорлик боғлаб туради. Бизнинг ҳамкорлигимиз савдо, таълим, маданий алмашинув ва минтақавий ривожланиш каби кенг қамровли йўналишларни ўз ичига олади. Биз Хитойнинг инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш соҳасидаги ютуқларини, шунингдек, барча давлатлар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро майдонлардаги фаолиятини юқори баҳолаймиз”, — деди Қозоғистон делегацияси раҳбари.
У Хитойнинг ўта қашшоқликка барҳам беришда улкан натижаларга эришганини, 2020 йилга келиб қарийб 800 миллион кишини камбағалликдан чиқарганини алоҳида таъкидлади. Бу натижа инсон ҳуқуқларини барқарор равишда илгари суриш учун иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар нақадар муҳим эканини кўрсатади.
Алуа Надиркулова Форум иштирокчиларини ўз мамлакатининг сўнгги ютуқлари, хусусан, яқинда умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган ва жорий йилнинг июль ойида кучга кирадиган Қозоғистоннинг янги Конституцияси билан таништирди. “Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тоқаев амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало инсон ҳуқуқларини илгари суриш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлади”, — деди нотиқ.
Шунингдек, Алуа Надиркулова Қозоғистон ташаббусларини қўллаб-қувватлагани учун Хитой ва Ўзбекистонга самимий миннатдорлик билдирди.
Бу ўринда, хусусан, Олмаотада “БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) бўйича минтақавий хабини ташкил этиш тўғрисида”ги резолюция, шунингдек, Қозоғистон томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этилган резолюция лойиҳалари – Марказий Осиёнинг “Ҳар бир боланинг тинчлик ва бағрикенглик тамойилларига асосланган таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш” номли биринчи резолюцияси ҳамда “Оиладаги зўравонликка барҳам бериш” масаласига доир резолюция қўллаб-қувватлангани ҳақида сўз бормоқда.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Форумда бугунги кунда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кун тартиби тобора кенг қамровли тус олаётганини таъкидлади. У нафақат эркинликларни ҳимоя қилиш масалаларини, балки барқарор ривожланиш, ижтимоий фаровонлик, рақамли трансформация, экологик хавфсизлик каби муҳим йўналишларни ҳам қамраб олмоқда.
Туркманистон Омбудсмани Аппаратининг хусусий секторда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўлими бош маслаҳатчиси Алланур Қодиров ўз маърузасида табиий ҳуқуқнинг асосий унсури сифатида инсоннинг экологик ҳуқуқлари ҳақида сўз юритди.
«Бугунги кунда, глобаллашув жараёнлари ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олган бир пайтда, инсоннинг экологик ҳуқуқлари табиий ҳуқуқнинг асосий унсури сифатида ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Уларни ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш эндиликда жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида қаралмоқда», — дея таъкидлади нотиқ.
Алланур Қодировнинг қайд этишича, замонавий Туркманистон халқаро майдонда экологик фаровонликка қаратилган ташаббусларни тез-тез илгари сурмоқда. Булар қаторига Иқлим технологиялари бўйича минтақавий марказ очиш таклифи ҳам киради. Тахминан 80 миллион аҳоли истиқомат қиладиган, ноёб табиий ресурслар ва биохилма-хилликка эга, айни пайтда жиддий экологик таҳдидлар зонасида жойлашган минтақа учун БМТнинг бундай ихтисослаштирилган марказини ташкил этиш ташаббуси бугунги кунда яққол истиқболларга эга.
Нотиқ Туркманистон Омбудсман девонининг фаолияти давлат мажбуриятлари ва уларнинг амалий ижроси ўртасидаги муҳим боғловчи бўғин эканини, Девон экологик ҳуқуқлар ҳимоясини мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари мониторингининг умумий тизимига интеграция қилаётганини таъкидлади. Бундан ташқари, Девон экология кун тартибини амалга ошириш масалалари бўйича халқаро институтлар, жумладан БМТ ва ЕХҲТ агентликлари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Қирғизистон Республикаси Омбудсман (Ақийқатчи) институтининг ёпиқ муассасаларга превентив ташрифларни амалга ошириш бўлими бошлиғи Эмилбек Ажибековнинг таъкидлашича, бугунги кунда, айниқса, глобал муаммолар, шиддатли технологик тараққиёт ва халқаро кун тартибининг ўзгариши шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон қадр-қимматини таъминлаш, ижтимоий адолат ва барқарор ривожланиш масалалари биргаликдаги саъй-ҳаракатларни талаб этмоқда. Айнан шунинг учун ҳам “Хитой — Марказий Осиё” ҳамкорлик шакли алоҳида долзарблик ва аҳамият касб этади.
У Қирғизистон Республикаси Омбудсман (Ақийқатчи) институти инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларига риоя этилиши устидан парламент назоратини олиб борувчи мустақил конституциявий орган эканини қайд этди. “Фаолиятимизда ёпиқ муассасаларда, яъни озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қийноқ ва шафқатсиз муомаланинг бошқа шаклларини олдини олиш, шунингдек, инсон қадр-қиммати ва қонунийлик тамойилларига риоя этишга алоҳида эътибор қаратамиз”, — деди нотиқ.
Эмилбек Ажибеков бу борада Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасида миллий превенция механизмларини такомиллаштириш, жиноят-ижроия тизимини инсонпарварлаштириш, инсон ҳуқуқлари мониторингида замонавий ёндашувларни жорий этиш ҳамда аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш масалаларида амалий тажриба алмашиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шу боис Форум минтақавий мулоқотни мустаҳкамлаш, илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари бўйича биргаликдаги ёндашувларни ишлаб чиқишнинг муҳим механизми сифатида кўрилмоқда.
Тожикистон Республикаси Президенти Ижроия аппаратининг Инсон ҳуқуқлари кафолатлари бошқармаси бош мутахассиси Парвиз Олимзода Форумдаги нутқида таъкидлаганидек, инсон ҳуқуқлари масаласи замонавий жамият тараққиётида алоҳида ўрин тутади ва уларга риоя этилиши барқарор ривожланишни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
“Демократик Тожикистон ҳар қандай қонун талаби ақида эмаслигини, у вазият ўзгариши ва жамият ривожланиши билан ўзгариши кераклигини тан олади. Республика Конституциясининг 5-моддасида шундай дейилган: “Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланади. Улар давлат томонидан тан олинади, уларга риоя этилади ва улар ҳимоя қилинади”. Конституциянинг 10-моддаси эса республика ҳуқуқ тизимида конституциявий нормаларнинг олий кучга эга эканлигини тан олган ҳолда, Конституция нормаларига бошқа ҳуқуқ манбаларидан устунлик беради”, — деди тожикистонлик нотиқ.
Парвиз Олимзода мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида муҳим натижаларга эришилганини, хусусан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларни ратификация қилиш даражасининг юқорилиги, зарур миллий қонунчилик базасининг яратилгани, ўлим жазосини қўллашга мораторий жорий этилгани, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт ташкил этилганини алоҳида таъкидлади. Бироқ, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Унинг фикрича, “Бу борадаги мақсадли ва доимий саъй-ҳаракатлар Тожикистон Республикаси ўз фаолиятини инсоннинг, унинг ҳуқуқ ва эркинликларининг юксак қадрияти масъулиятини англаш асосида изчил ривожлантириб бораётганидан далолат беради”.
Форум якунлари бўйича Якуний ҳужжат — минтақа мамлакатлари ўртасида инсон ҳуқуқларини ривожлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги келгуси ҳамкорликнинг асосий йўналишларини акс эттирувчи “Тошкент ташаббуси” қабул қилинди.
Форум доирасида, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатни ташкилотлар раҳбарлари – Акмал Саидов ва Ли Хункуй имзолади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский