Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича вакили билан учрашди
9 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича вакили Махир Сафарли ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ҳуқуқий ҳимоя масалалари юзасидан мутахассиси Балжан Ошакбаева ҳам иштирок этди.
Томонлар ўзаро мулоқот асносида қочоқлар, бошпана изловчи шахслар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикрлашдилар. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ўртасида 2026 йилга мўлжалланган Қўшма иш режаси имзоланди. Мазкур ҳужжатда келгуси давр учун ҳамкорликдаги фаолиятнинг устувор йўналишлари, жумладан, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, аҳоли хабардорлигини ошириш ва салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, тегишли тоифадаги шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартларни илгари суриш белгилаб олинди.
Томонлар конструктив ҳамкорликни янада ривожлантириш ва эришилган келишувларни самарали амалга оширишга тайёрлигини билдирдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский