Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

БРИФИНГ

Жорий йил 28–29 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми бўлиб ўтади.

Форум “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларга 60 йил ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларацияга 40 йил: қадр-қиммат, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлидаги глобал шериклик” мавзусида ўтказилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралда қабул қилинган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон–2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони доирасида ташкил этилмоқда.

Форум ташкилотчилари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ҳамда Халқаро тараққиёт ва адолат маркази ҳисобланади.

Бўлажак Форум БМТнинг 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган иккита асосий ҳужжати – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллигига, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллигига, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллигига бағишланади.

Форумда 200 нафардан ортиқ халқаро, минтақавий, хорижий ва миллий ташкилот вакиллари офф-лайн ва он-лайн форматда иштирок этиши кутилмоқда.

Дастурга кўра, биринчи кун Форумнинг тантанали очилиши, 2 та ялпи мажлиси ва параллел тарздаги 7 та шўъба сессияси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Иккинчи куни якунловчи ялпи мажлис Самарқандда ўтказилиб, унда Форумнинг Якуний ҳужжати қабул қилинади.

Бугун инсоният мураккаб ва бир-бири билан чамбарчас боғланган глобал синовларга дуч келмоқда. Айниқса, сунъий интеллект ва янги рақамли технологияларнинг жадал ривожи инсон ҳаёти учун улкан имкониятлар билан бир қаторда янги ҳуқуқий ва ахлоқий хавф-хатарларни ҳам юзага чиқармоқда.

Шу боис инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини замонавий воқеликлар асосида такомиллаштириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми дастури доирасидаги муҳокамалар ҳам айнан шу мақсад ва вазифаларга қаратилади.

Форумнинг асосий ғояси – инсон қадри, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлида глобал ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Самарқанд форумининг муҳим юбилей саналари нишонланаётган йилда ўтказилиши Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга изчил содиқлигини ва инсон ҳуқуқлари бўйича глобал мулоқотни ривожлантиришга амалий ҳисса қўшишга интилишини тасдиқлайди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 25.09.2026 Ko'rishlar 35
Ulashish