Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Туркия делегацияси вакиллари Ислом цивилизацияси маркази билан танишди

30 сентябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган Туркия делегацияси вакиллари пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказида бўлди. Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти президенти Васип Шахин ҳамда унинг ёрдамчиси Ўмар Индир Ўзбекистон Республикаси Президентининг ғояси ва ташаббуси асосида барпо этилган ушбу Марказда мамлакатимизнинг бой тарихий, илмий-маънавий ва маданий мероси билан яқиндан танишдилар.

Меҳмонларга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари ҳамроҳлик қилди. Саёҳат давомида Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиш тарихи, асосий мақсад ва вазифалари, унинг халқаро илмий-маърифий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрни ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ислом цивилизацияси маркази нафақат ўтмишнинг бой меросини сақлаш ва тарғиб этишга, балки тарихий хотирани бугунги тараққиёт билан уйғунлаштириш, ёш авлодда миллий ўзликни англаш, маърифат ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ноёб илмий-маърифий мажмуадир. Унда Ўзбекистон заминида асрлар давомида шаклланган илм-фан, маданият, маънавият ва цивилизациялараро мулоқот анъаналари замонавий технологиялар воситасида намоён этилган.

Меҳмонлар Марказнинг ўзига хос меъморий ечими, экспозицияларнинг мазмун-моҳияти ва замонавий мультимедиа имкониятлари билан танишдилар. Шунингдек, Шон-шараф зали, Қуръони Карим зали, исломдан аввалги давр цивилизациялари тарихи акс эттирилган Сўғд зали ҳамда бағрикенглик ғояларига бағишланган майдонни томоша қилдилар.

Экспозициялар орқали меҳмонлар Ўзбекистон ҳудудида қадимдан мавжуд бўлган цивилизациялар, Буюк ипак йўли орқали кечган маданий ва илмий алоқалар, ислом цивилизациясининг шаклланиши ва ривожланиши, шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ва алломаларнинг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлдилар.

Айниқса, Қуръони Карим залида намойиш этилган нодир қўлёзмалар ва муқаддас китоблар тарихи, ислом оламининг маънавий меросини асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хорижий меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Тарихий артефактлар, илмий манбалар ва интерактив технологиялар уйғунлигида яратилган экспозициялар Ўзбекистоннинг бой маданий меросини халқаро жамоатчиликка етказишнинг замонавий ва самарали усули сифатида эътиборни тортди.

Марказнинг бағрикенгликка бағишланган экспозициялари алоҳида аҳамиятга эгалиги эътироф этилди. Зеро, миллатлар ва динлар ўртасида ўзаро ҳурмат, тенглик, бағрикенглик ва тинч-тотувликни қарор топтириш инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихий тажрибаси ҳам турли маданиятлар, эътиқодлар ва халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ҳамда ўзаро англашув жамият тараққиётининг муҳим омили эканини яққол намоён этади.

Туркия делегацияси вакиллари Марказда яратилган шарт-шароитлар, ноёб тарихий экспонатлар, қўлёзмалар ва замонавий ахборот технологиялари ёрдамида тақдим этилган маърифий контент билан танишар экан, мазкур мажмуанинг халқаро илмий-маданий ҳамкорликни кенгайтириш, умуминсоний қадриятларни тарғиб этиш ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришдаги аҳамиятини юқори баҳоладилар.

Мазкур маърифий ташриф Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумининг мазмун-моҳияти билан ҳамоҳангдир. Чунки меҳмонларнинг айни зиёрати инсон ҳуқуқлари, бағрикенглик, маданиятлараро мулоқот ва ўзаро ҳурмат каби умуминсоний қадриятларнинг муштараклигини яна бир бор намоён этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 02.10.2026 Ko'rishlar 139
Ulashish