(Академик Акмал Саидовнинг “Юридик фан ва юрист касби рақамли асрда” китобини ўқиб ..)
Глобал рақамли трансформация шароитида меҳнат бозори ва касбларга бўлган талаб жиддий ўзгаришларга учрамоқда. Аввало, рақамларга мурожаат қилайлик. 2030 йилга бориб фаол ривожланаётган янги технологиялар ҳисобига тахминан 50 фоиз иш ўринлари автоматлаштирилиши мумкин. Ҳозирнинг ўзидаёқ қарийб 60 фоиз ҳолатларда меҳнат жараёнларининг камайти деганда учдан бир қисмини автоматлаштириш имконияти мавжуд. Барча соҳалардаги “Эртага нима бўлади?” деган саволлар кўплаб олимларни илмий тадқиқотлар олиб боришга ундамоқда. Яқинда мен Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори, академик Акмал Саидовнинг “Юридик фан ва юрист касби рақамли асрда” деб номланган очерклар тўпламини ўқиб чиқдим. Юридик фанни рақамли аср билан қиёсий ҳолда фақатгина кам сонли олимлар тадқиқ қилмоқдалар. Муаллиф китобхон олдига муҳим савол қўяди: рақамлаштириш юридик фанга қандай таъсир кўрсатади ва рақамли асрда юристларнинг ўрни қандай бўлади?
Бугунги кунда глобал рақамлаштириш жараёнлари жадал суръатларда ривожланаётган бир пайтда, рақамли технологиялар, айниқса сунъий интеллект юридик фаолиятнинг муҳим ва ажралмас қисмига айланмоқда. Рақамли ечимлар замонавий ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, ҳуқуқий таҳлил ўтказиш, суд ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳамда юридик хизматлар самарадорлигини оширишда кенг қўлланилмоқда. Шунинг учун ҳуқуқ соҳасига рақамли технологияларни интеграция қилиш юрист фаолиятининг мазмуни ва усулларини янги босқичга олиб чиқмоқда, дейиш хато бўлмайди. Олим LawTech, LegalTech ва ChatGPT технологияларининг юрист касбига таъсири ҳақида асосланган фикрларни келтиради. Китобда ҳатто Сингапурнинг судларда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш тажрибаси ҳам таҳлил қилинган.
Технологияларнинг келажакдаги юридик фаолиятдаги роли ҳақида ягона фикр мавжуд эмас. Сўров қатнашчиларининг 43 фоизи технологияларни имконият сифатида баҳоласа, 25 фоизи уларда таҳдид кўрмоқда, яна 26 фоизи эса уларни бир вақтнинг ўзида ҳам имконият, ҳам таҳдид деб ҳисоблайди. Сўровнома маълумотларини таҳлил қилар экан, олим бир қатор далилларни келтиради. “Баъзи олий ўқув юртлари профессорлари келажакда талабларни ишга жойлашишда асосий рақобатчиси роботлар бўлиши ҳақида ҳазиллашадилар. Прогнозларга кўра, яқин келажакда робот-судьялар ва нейротармоқ-адвокатлар реал воқеага айланади. Масалан, Хитойда виртуал судьялар ишлайдиган киберсудлар пайдо бўлди. Хитой ҳукумати ишларни кўриб чиқиш жараёнини такомиллаштириш мақсадида суд тизимига сунъий интеллект, кибермакон технологиялари, блокчейн ва булутли ҳисоблашларни жорий этишга катта қизиқиш кўрсатмоқда”, — деб қайд этади олим.
Шунингдек, WeChat ижтимоий тармоғида бир йил ичида 3 миллиондан ортиқ суд ишини кўриб чиқишга улгурган “Мобил суд” пайдо бўлди. Ханчжоу киберсуди онлайн-интерфейс орқали ишлайди. Даъвогар ва жавобгар видеоалоқа форматида иштирок этади, сунъий интеллект асосида яратилган киберсудья эса ишгларни кўриб чиқади. Ханчжоу киберсуди интернетдаги сотувчилар ва харидорлар ўртасидаги низоларни, муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши билан боғлиқ ишларни, шунингдек, тармоқдан сотиб олинган товарларнинг сифати бўйича даъволарни кўриб чиқади. Даъвогар аризани онлайн режимда рўйхатдан ўтказади ва кейинчалик киберсуд тизимида иштирок этиш учун таклиф олади.
Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект суд тизими самарадорлигини ошириш, ишларни тезкор кўриб чиқиш ва жараёнларни автоматлаштиришнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Хитой каби мамлакатларда киберсудлар томонидан низоларни онлайн кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш рақамлаштиришнинг амалий мисоли бўлиб хизмат қилади. Бироқ суд фаолиятининг негизида инсон ҳуқуқлари, адолат, мустақиллик ва холислик принциплари ётади. Сунъий интеллект далилларни таҳлил қилиши, ҳужжатларни тайёрлаши ёки процессуал ёрдам кўрсатиши мумкин, лекин якуний қарорни қабул қилиш инсон-судьянинг ваколати бўлиб қолади, бу эса ҳуқуқий давлат принципларига кўпроқ мос келади. Шунинг учун рақамли технологияларга судья ёки адвокатнинг ўрнини босувчи восита сифатида эмас, балки уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган интеллектуал восита сифатида қараш мақсадга мувофиқдир. Бу ёндашув Ўзбекистонда рақамли одил судловни ривожлантириш жараёни учун ҳам долзарб аҳамиятга эга. Яқинда Президентимиз ташаббуси билан “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ва суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Айнан мазкур ҳужжатда “Рақамли суд” концепциясининг ҳуқуқий асослари яратилди. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар яратиш ҳамда суд муҳокамасини соддалаштириш мақсадида “Рақамли суд” концепциясини амалга ошириш доирасида қуйидагилар белгиланди:
а) судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ва кутилаётган харажатлар шакллантирилади;
б) мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади;
в) ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига бормайди ва суд мажлисларида масофавий тарзида иштирок этади;
г) ишда иштирок этувчи тарафлар ва бошқа шахсларга суд жараёнларида барча иш материаллари билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади;
д) суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади, ижро варақалари эса ижрога автоматик тарзда юборилади;
е) суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон шаклда юритилади;
ж) суд мажлислари баённомалари сунъий интеллект ёрдамида реал вақт режимида матнли форматда тайёрланади;
з) суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик тарзда шакллантирилади.
Академик Акмал Саидовнинг илмий рисоласи айнан мана шу жараёнлар таҳлили сифатида қимматлидир. Хусусан, китобда хулосалар билан бирга аниқ таклифлар ҳам берилган. Улар орасида:
– “Рақамли иқтисодиётда юрист” ва “Рақамли иқтисодиётни ҳуқуқий таъминлаш” каби ўқув дастурлари ва курсларини жорий этиш;
– Турли хил танловларни ташкил этиш;
– Рақамли жамият юристларининг интернетда инсон ва мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини ишлаб чиқиш билан шуғулланиши. Янги авлод юрист-ҳуқуқшунослар виртуал фазода бизнес қандай қонунлар асосида қурилишини тушуниши керак. Ёш кадрлар интернет-стартапларнинг ишлаш принципларини биладилар, блокчейн технологияларида аъло даражада мўлжал оладилар. Келажакда ҳуқуқшунослар катта маълумотлар (Big Data), нейротехнологиялар ва сунъий интеллект, тақсимланган реестр тизимлари, квант технологиялари ва симсиз алоқа технологиялари, виртуал ва тўлдирилган реаллик каби асосий рақамли технологияларни ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштиришни таъминлашларига тўғри келади. Бўлажак юристлар учун қуйидаги масалаларни ўрганиш ҳам муҳимдир:
-
рақамли иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солиш;
-
криптовалюта ва майнингни ҳуқуқий тартибга солиш;
-
интеллектуал мулк ва инновациялар соҳасида рақамли технологиялар;
-
смарт-контрактларнинг ҳуқуқий мақоми;
-
рақамли бозорлар иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва бошқалар. Бу масалалар бўйича ўқув-услубий адабиётларни ишлаб чиқиш зарур.
Китоб давомида кўпчиликни ташвишга солаётган “СИ айнан юристнинг ўрнини боса оладими?” деган саволга жавоб берилади. “Менимча, йўқ. СИ унинг ишини сезиларли даражада енгиллаштириши мумкин: ҳужжатларни тайёрлашда, қонунчиликни таҳлил қилишда, ҳуқуқий эксперимент ўтказишда. Аммо тўлиқ алмаштира олмайди ва алмаштирмаслиги ҳам керак: чунки қонун ҳарфидан ташқари, қонун руҳи ҳам бор”.
Китобда шунингдек, “рақамли асрда ҳуқуқ дуализми”, “рақамли парламент”, “медиаконтент” ва “Рақамли кодекс” тадқиқотларига бағишланган илмий таҳлиллар ва мақолалар ҳам тўпланган. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, рақамли трансформация даври юриспруденция учун фақат таҳдидларни эмас, балки илгари ҳеч қачон кўрилмаган имкониятларни ҳам ўзида мужассам этади. Сунъий интеллект қанчалик такомиллашмасин, у қонуннинг қуруқ матни доирасидан чиқа олмайди – қонуннинг ҳақиқий руҳи, адолат ва инсоний масъуллик доимо инсон қўлида қолади. Бироқ эрталабки куннинг ҳақиқий эгалари рақамли технологияларни чуқур ўзлаштирган ва янги замон талабларига жавоб бера оладиган янги авлод юристлари бўладилар. Таълим тизимини бугун ўз вақтида ва тўғри ислоҳ қилиш, “рақамли юриспруденция”нинг мустаҳкам пойдеворини қўйиш – келажакдаги адолатли ва барқарор рақамли жамиятнинг энг муҳим кафолатидир. Олимдан чуқур мулоҳазаларга ундайдиган шу каби янги асарларни кутиб қоламиз.
Саидакмал Мамасолиев,
Тошкент давлат юридик университети талабаси
«Янгийўл» газетасининг 2026 йилнинг 9 октябрь №41-42(9339-9340)
