Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

ИНСОН ВА ОИЛА, ЖАМИЯТ ВА ДАВЛАТ ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТГА САДОҚАТ ТИМСОЛИ

(Муродулла Нормуродовнинг Парламент ва Омбудсман институтидаги ибратли фаолиятига айрим чизгилар)

 

Юртимизда азалдан илм-фан юксак қадрланади ва миллатнинг заҳматкаш, фидойи олимлари – Худонинг беминнат неъмати сифатида улуғлаб келинади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Олимлик Аллоҳ нурини солган улуғ бир мартаба. Бу мартабадан жамиятнинг бутун вужудига нур, зиё тарқалади. Олимларнинг суҳбатидан инсон ўзига беқиёс маънавий бойлик олади, қалб кенгликларини, тафаккур теранлигини ҳис қилади”.

 

“Олимнинг ёстиғи – тошдан”

 

Давлатимиз раҳбари маъруза ва нутқларида илм-фан, таълим ва олимлар мавзусига Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг устувор йўналиши сифатида алоҳида урғу бериб келади. Миллат Сардори уқтирганидек, “Илм-фансиз, маърифатсиз давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам келажаги йўқ”. Фақат илм ва маърифат, интеллектуал салоҳият, ҳар томонлама билимли кадрлар ҳисобидангина Ўзбекистонни янги тараққиёт босқичига олиб чиқа оламиз.

Бугунги кунда жамиятимиз ва давлатимиз мамлакат ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришда, авваламбор, илм-фанга таянаётгани жуда муҳим. Негаки, илм бўлмаган жойда барака бўлмайди, тараққиёт бўлмайди. Янада эътиборлиси, Янги Ўзбекистоннинг ягона ва якдил халқи ўз олдига стратегик вазифа қилиб қўйган Учинчи Ренессанс пойдеворини фақат замонавий билим ва илм-фанга эга бўлган ёшларгина қура олади.

Ўз навбатида, илм-фан ривожи ва баракаси олимлар ва уларнинг машаққатли меҳнати – тинимсиз изланишлари, изчил илмий-назарий тадқиқотларининг амалий натижалари ва самарадор илмий кашфиётлари билан чамбарчас боғлиқ. Бинобарин, улуғ аллома аждодимиз Маҳмуд Кошғарий «Олимнинг ёстиғи тошдандир» деган ҳикматни бежиз битмаган. Шундай экан, бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз меҳнати ҳар қанча таҳсин ва рағбатга муносибдир.

Шу маънода, ўзларининг ноёб кашфиётлари, илмий ишланмалари билан ҳаётимизнинг турли соҳа ва тармоқларига салмоқли миқёсда наф келтираётган фидойи олимлар, таъбир жоиз бўлса, игна билан қудуқ қазиб, юксак марраларни забт этаётган заҳматкаш зиёли инсонлар ҳақида ўйласам, албатта, Ватанимизнинг забардаст олимлари қатори профессор Муродулла Тоғаевич Нормуродовнинг номи биринчилар қаторида хаёлимга келади.

Инсон умрининг қадри фақат яшалган йиллар билан эмас, балки жамият ва давлат тараққиётига қўшган ҳиссаси, халқ манфаати йўлида амалга оширган ишлари, ўзидан кейин қолдирган маънавий ва илмий мероси билан ўлчанади. Шу маънода, профессор Муродулла Нормуродовнинг саксон йиллик ҳаёт йўли илм-фан, таълим, давлат ва жамоат ишлари, инсон ҳуқуқларини таъминлаш каби бир-бири билан узвий боғлиқ йўналишларни қамраб олган серқирра фаолият намунасидир.

Муродулла Нормуродов, аввало, физика-математика фанлари доктори, профессор, йирик олим ва олий таълим ташкилотчиси сифатида танилган. Бироқ унинг фаолиятини фақат аниқ фанлар ёки олий таълим соҳаси билан чегаралаш тўғри бўлмайди. Олимнинг ҳаёт йўлида давлат бошқаруви, парламентаризм, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари ҳам алоҳида ўрин эгаллайди.

 

Парламент фаолияти — халққа хизмат ва демократия мактаби

 

Муродулла Нормуродовнинг давлат-ҳуқуқий фаолиятида парламент ва вакиллик органларидаги кўп йиллик иштироки муҳим ўрин тутади. У 1999–2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, 2005–2014 йилларда халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши депутати, 2005–2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида фаолият кўрсатди.

Ушбу давр мамлакатимизда миллий парламентаризм ва икки палатали парламент тизими шаклланиб, давлат ва жамият бошқарувининг ҳуқуқий асослари такомиллашаётган муҳим тарихий босқичга тўғри келди. Муродулла аканинг ҳам маҳаллий вакиллик органи, ҳам Олий Мажлис, кейинчалик эса Сенатдаги фаолияти унинг давлат бошқаруви жараёнларида турли даражаларда изчил иштирок этганини кўрсатади.

Муродулла Нормуродовнинг миллий парламент аъзоси, халқ вакили мақомидаги фаолиятини кўп йиллик илмий-педагогик ва раҳбарлик тажрибасидан ажратган ҳолда таҳлил этиб бўлмайди. Муродулла аканинг Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда Қарши давлат университетидаги раҳбарлик фаолияти давомида орттирган тажрибаси вилоятда таълим, илм-фан ва ижтимоий соҳаларнинг реал муаммоларини бевосита билиш имконини берди.

Парламент тизимидаги узоқ йиллик фаолиятим асносида Муродулла Нормуродовнинг сенатор ва депутат сифатидаги амалий фаолиятидан хабардорлигим учун ҳам, бу ҳақда тўхталишни лозим топдим. Биргина мисол:  у киши миллий парламент вакили сифатида Қашқадарё вилоятидаги таълим муассасалари фаолиятини мустаҳкамлаш, шаҳар ва туманлардаги ободонлаштириш ишларига кўмаклашиш каби жамоатчилик ишларида ҳам фаол қатнашганликларига кўп бор гувоҳ бўлганман.

Муродулла Нормуродовнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги парламент сайлови ва референдум жараёнларида ҳам намоён бўлганлиги хусусида мухтасар тўхталишни истардим. Гап шундаки, Муродулла ака 2001 йилда республика референдумини ўтказувчи Қашқадарё вилояти округига раислик қилдилар.

Бу вазифа, ўз моҳиятига кўра, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш, қонунийлик, холислик ва ташкилий масъулиятни таъминлаш билан бевосита боғлиқ. Шу жиҳатдан Муродулла Нормуродовнинг парламентдаги ва маҳаллий вакиллик органларидаги фаолиятини унинг кейинчалик инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида олиб борган ишларининг муҳим давлатчилик мактаби сифатида ҳам баҳолаш мумкин, деб ҳисоблайман.

 

Инсон қадри ва инсон ҳуқуқлари — олий қадрият

 

Муродулла Нормуродовнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили — Омбудсман институти билан боғлиқ фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Муродулла ака кўп йиллар давомида Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили сифатида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фаолият олиб борди.

Муродулла Нормуродов қарийб 20 йил жамоатчилик асосида Қашқадарё вилояти бўйича минтақавий вакил бўлиб ишлаган. Кейинчалик, 2022 йилда ушбу лавозимга доимий асосда тайинланган.

Бу фаолият оддий маъмурий вазифа эмас. Омбудсманнинг минтақавий вакили — давлат органлари билан фуқаро ўртасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан мулоқот ўрнатувчи, мурожаатларни ўрганувчи, ҳуқуқлари чекланиши мумкин бўлган шахсларнинг ҳолатини жойига чиқиб текширувчи муҳим ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институт вакилидир.

Айниқса, Муродулла Нормуродовнинг жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналаридаги мониторинг фаолияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг амалий кўриниши сифатида диққатга лойиқдир. Мониторинг асносида домла «Омбудсман қутиси»да қолдирилган маҳкумларнинг мурожаатларини ўрганиб, уларнинг ҳар бири билан яккама-якка суҳбатлашган. Яна бир қатор маҳкумлар унинг шахсий қабулида бўлган.

Мониторинг давомида маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий ёрдам олиш ва меҳнат қилиш шароитлари ўрганилган. Муассасадаги ишлаб чиқариш цехининг таъмирталаблиги ва айрим маҳкумларни янги устки кийимлар билан таъминлаш зарурати юзасидан тегишли тавсиялар берилган.

Бу мисоллар минтақавий вакил фаолиятининг моҳиятини яққол кўрсатади: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фақат қонун нормаларини тарғиб қилишдан иборат эмас, балки инсоннинг қадри ва кундалик ҳаётига бевосита таъсир қиладиган шароитларни жойига чиқиб ўрганиш, унинг мурожаатини эшитиш ва аниқланган муаммолар бўйича чора кўрилишига эришишни ҳам тақозо этади.

Ҳуқуқ – инсонга хизмат қилгандагина ўз мазмун-моҳиятига эга бўлади. Янги Ўзбекистонда барпо этилаётган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий давлатнинг моҳияти ҳам шунда: инсон эркинликдами ёки жазони ижро этиш муассасасидами — унинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари сақланиб қолади. Давлат органлари эса ушбу ҳуқуқларнинг амалда таъминланиши учун масъул ва жавобгардир.

Шу нуқтаи назардан, Муродулла Нормуродовнинг фаолиятида ҳуқуқ назарияси ва ҳаёт амалиётининг ўзаро уйғунлигини кўриб ҳамиша қойил қолганман.  Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мавжуд назарий ва амалий тажрибамдан келиб чиқиб, Муродулла аканинг Омбудсман институтида олиб борган фаолияти натижалари, содда қилиб айтганда, “беш” баҳога лойиқ, деб биламан.

Яъни, бундай ибратли ҳаёт ва фаолият соҳанинг навқирон вакиллари, умуман, юртимиз ёшлари учун ўрганишга  ва ўрнак олишга муносиб намуна мактабидир.

 

Жамоатчилик назорати ва фуқаролик жамияти

 

Муродулла Нормуродовнинг ҳуқуқий соҳадаги фаолияти фақат парламент ёки Омбудсман институти доираси билан чекланмайди. Домла ижтимоий-ҳуқуқий масалаларни илмий ва публицистик жиҳатдан ҳам таҳлил қилишга интилувчан том маънодаги зиёли инсон мақомида ҳам эл-юртимизга маълум ва машҳур.

Муродулла аканинг Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантириш, жамоатчилик назорати ҳамда ижтимоий бошқарув тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган китоблари ижтимоий фанлар вакиллари орасида доимо катта қизиқиш билан кутиб олинади. Бу мавзуларнинг ўзиёқ муаллифнинг давлат ва ҳуқуқ масалаларига қанчалик долзарб нуқтаи назардан ёндашганини кўрсатади.

Шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатлар — конституциявий ҳуқуқнинг марказий масалаларидандир. Фуқаролик жамияти ва жамоатчилик назорати эса давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, ҳисобдорлиги ва инсон манфаатларига хизмат қилишини таъминлашнинг муҳим воситалари саналади.

Профессор М.Нормуродовнинг амалий фаолияти билан ушбу мавзулар ўртасида ички мантиқий боғлиқлик мавжудлиги алоҳида эътиборга молик, назаримда. Бу ўринда, бир томондан — парламент аъзоси сифатида давлат вакиллик институтларидаги фаолият; иккинчи томондан — Омбудсманнинг минтақавий вакили сифатида фуқаролар мурожаатлари ва инсон ҳуқуқлари билан ишлаш; учинчи томондан эса — фуқаролик жамияти, жамоатчилик назорати ва «шахс — жамият — давлат» муносабатлари хусусидаги илмий-ижтимоий мушоҳадаларни китоб шаклида тақдим этиш ҳақида сўз бормоқда.

Шу маънода профессор М.Нормуродовнинг ҳуқуқий мероси – назария ва амалиётнинг ўзаро туташган нуқтаси сифатида ноёб воқеликдир. Бу, ўз навбатида, чуқур ва атрофлича ўрганиш мавзуси, дегани.

Парламентдан — Омбудсмангача:  инсон қадрига хизмат қилган йўл

 

Профессор М. Нормуродовнинг давлат ва жамоатчилик соҳасидаги фаолиятига яхлит назар ташланса, унинг турли босқичлари ўртасида муайян изчиллик мавжудлиги кўринади. Яъни:

  • депутат сифатида — аҳоли манфаатларини вакиллик органларида ифода этиш;

  • сенатор сифатида — давлат ва ҳудуд манфаатларини парламентнинг юқори палатаси даражасида муҳокама қилиш жараёнларида иштирок этиш;

  • маҳаллий Кенгаш депутати сифатида — ҳудуддаги ижтимоий муаммолар билан бевосита ишлаш;

  • Омбудсманнинг минтақавий вакили сифатида — муайян инсоннинг бузилган ёки таъминланиши лозим бўлган ҳуқуқлари билан ишлаш.

  • Буларнинг барчасини бирлаштириб турувчи асосий тушунчалар — инсон қадри ва инсон манфаати.

Бу ҳақда фикр юритганда, М. Нормуродов мамлакатимизда Омбудсманнинг минтақавий вакиллик институтининг шаклланишида иштирок этган профессорлар ва жамоат арбоблари қаторида тилга олинишини таъкидлаш лозим. Яхши эслайман: минтақавий вакиллар жойларда фуқаролар шикоятларини самарали ҳал қилиш мақсадида прокуратура, ички ишлар, адлия, соғлиқни сақлаш ва касаба уюшмалари органлари билан ҳамкорликда ишчи гуруҳлар ташкил этган ва бу каби ишларда Қашқадарё намояндаси Муродулла Нормуродов ўз ташаббускорлиги билан кўпчиликка ибрат ва намуна бўлганди.

Айтмоқчиманки, Омбудсман минтақавий вакиллиги институти фуқаронинг марказий идорага етиб боришини кутиб туриш эмас, балки ҳуқуқни ҳимоя қилиш механизмларини инсонга яқинлаштириш ғоясига асосланганди. М.Нормуродовнинг Қашқадарё вилоятидаги кўп йиллик самарали фаолияти ана шу институтнинг ҳудудларда қарор топиши ва амалий мазмун билан бойиши жараёнининг узвий бир қисми бўлди.

Муродулла Нормуродов табиий ва аниқ фанлар соҳасидан етишиб чиққан олим бўлишига қарамай, унинг давлат-ҳуқуқий масалаларга қизиқиши тасодифий эмас. Олим учун ҳақиқатни излаш қанчалик муҳим бўлса, жамият учун адолат ва қонунийликни қарор топтириш ҳам шунчалик муҳимдир.

Олимнинг парламент, маҳаллий Кенгаш, Сенат ва Омбудсман институтидаги фаолияти бир-биридан ажралган лавозимлар йиғиндиси эмас, балки жамият ҳаётида фаол иштирок этишнинг турли шакллари сифатида намоён бўлади.

 

Саксон йиллик умр — илм, давлат ва жамият хизматида

 

Профессор Муродулла Нормуродовнинг 80 йиллик ҳаёт йўлига назар ташлар эканмиз, унинг фаолиятида уч муҳим йўналиш:

  • илм-фан ва таълим;

  • давлат бошқаруви ва парламентаризм;

  • инсон ҳуқуқлари ва жамоатчилик хизмати бир-бирини тўлдириб келганини кўрамиз.

Домла фидойи олим сифатида илмий мактаб яратиш ва ёш авлодни тарбиялашга, моҳир раҳбар сифатида олий таълим муассасаларини ривожлантиришга, халқчил депутат ва сенатор сифатида вакиллик органлари фаолиятига, Омбудсманнинг минтақавий вакили сифатида эса инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшди.

Муродулла Нормуродовнинг ҳаёт йўлини фақат таниқли олимнинг таржимаи ҳоли сифатида эмас, балки илмдан – давлат хизматига, парламентдан – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишгача бўлган сермазмун фуқаролик йўли сифатида ҳам ўрганиш мумкин ва зарур, деб биламан.

Дарвоқе, олимнинг теран фалсафий мазмун-моҳият билан суғорилган ижод намуналари ҳам таҳсинга лойиқдир. Хусусан, “Ҳаёт кузатувларидан қайдлар” (2009 йил), “Ҳаёт ҳикматлари” (2011 йил), “Умрим сарҳадлари” (2014) каби фалсафий-бадиий китоблари ўз ўқувчиларини аллақачон топганлиги бу фикрни яққол исботлайди.

Мухтасар айтганда, эл-юртимизнинг жонкуяр фарзанди Муродулла Нормуродовнинг илм-фан, таълим, парламентаризм, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти ривожига бағишланган кўп йиллик фаолияти ёш авлод учун фидойилик, фуқаролик масъулияти ва Ватанга хизмат қилишнинг ибратли намунаси бўлиб қолаверади.

Фурсатдан фойдаланиб, устоз Муродулла акага қутлуғ таваллуд санаси муносабати билан мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, оилавий хотиржамлик ва маънавий баркамоллик тилайман.

 

Акмал Саидов,

академик

«Қашқадарё» газетасининг 2026 йил 8 октябрдаги №042(16076) сони

Nashr sanasi 08.10.2026 Ko'rishlar 85
Ulashish