Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ёшларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари кафолатлари: халқаро стандартлар ва миллий тажриба

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Менежмент факультети Фалсафа кафедраси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда «Ёшларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари кафолатлари» мавзусида илмий-маърифий тадбир ўтказилди. У Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қабул қилинганининг 60 йиллиги доирасида ташкил этилди.

Тадбирда ёшларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини таъминлашнинг халқаро-ҳуқуқий асослари ва миллий кафолатларини кенг ёритиш, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимларини ошириш, шунингдек, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир долзарб масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Университет профессор-ўқитувчилари, кафедра вакиллари ҳамда талабалар ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш ва муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Фалсафа фанлари доктори, профессор, Фахрийлар кенгаши раиси Исмоил Саифназаров тадбирни очар экан, ёш авлоднинг жамият ва давлат тараққиётидаги ўрни, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, сифатли таълим олиши, касб эгаллаши ҳамда ҳар томонлама камол топиши учун зарур имкониятлар яратиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ва уларда қонун устуворлигига ҳурмат туйғусини шакллантиришнинг аҳамиятига эътибор қаратди.

Тадбирга фалсафа фанлари доктори, профессор Азамат Мухторов модераторлик қилди. Муҳокамалар давомида ёшларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг таълим олиш, муносиб меҳнат қилиш, ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш ҳамда маданий ҳаётда фаол иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Асосий маъруза билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг масъул ходими, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Наврўзбек Аслонов иштирок этди. Маърузачи БМТ томонидан 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш тизимидаги ўрни ва аҳамияти, унда белгиланган асосий тамойиллар ҳамда давлатларнинг тегишли ҳуқуқларни таъминлаш борасидаги мажбуриятларини ёритди.

Пакт қабул қилинганининг 60 йиллиги инсон ҳуқуқларининг ушбу муҳим йўналишларига яна бир бор эътибор қаратиш, халқаро стандартлар ва миллий амалиёт уйғунлигини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шунингдек, ёшларнинг таълим олиш, меҳнат қилиш ва эркин касб танлаш, адолатли ва қулай меҳнат шароитларига эга бўлиш, ижтимоий таъминотдан фойдаланиш, муносиб турмуш даражасида яшаш ҳамда маданий ҳаётда иштирок этиш ҳуқуқларининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди. Ушбу ҳуқуқларнинг миллий қонунчиликда мустаҳкамланган кафолатлари ва уларни амалда рўёбга чиқаришнинг долзарб жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.

Иштирокчилар фикрича, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши, ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун мустаҳкам асос яратади. Айниқса, ёшларнинг сифатли таълим олиши, меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаши, ижтимоий қўллаб-қувватланиши ва маданий қадриятлардан баҳраманд бўлиши мамлакатнинг барқарор ривожланиши ҳамда инсон капиталини юксалтиришнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.

Тадбир давомида профессор-ўқитувчилар мавзунинг илмий ва амалий жиҳатлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Ўзаро мулоқот ёшлар ҳуқуқларининг халқаро стандартларини чуқурроқ англаш, уларнинг миллий қонунчиликдаги кафолатларини ўрганиш ҳамда инсон ҳуқуқларига ҳурмат тамойилини таълим жараёнида кенг тарғиб этиш учун муҳим имконият яратди.

Мазкур тадбир Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қабул қилинганининг 60 йиллиги доирасида инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларнинг мазмун-моҳиятини кенг ёритиш, олий таълим муассасалари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ихтисослашган институтлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 16.10.2026 Ko'rishlar 136
Ulashish