2026 йил 28–29 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форуми бўлиб ўтди. «Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлида глобал шериклик» мавзусида ташкил этилган мазкур халқаро анжуман турли давлатлар, халқаро ташкилотлар, миллий инсон ҳуқуқлари институтлари, илмий-академик доиралар ва фуқаролик жамияти вакилларини бир майдонда бирлаштирди.
Форумнинг алоҳида аҳамияти шундаки, унинг якуний ҳужжати — «Самарқанд нигоҳи – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлида глобал шериклик» БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси доирасида A/81/444 рақами билан расмий ҳужжат сифатида тарқатилди. Бу Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ташаббуслари ва глобал мулоқотни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасининг халқаро миқёсда эътироф этилаётганини кўрсатади.
«Самарқанд нигоҳи – 2040»нинг мазмун-моҳияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг анъанавий механизмларини замонавий глобал чақириқлар билан уйғунлаштиришда намоён бўлади. Унда халқаро инсон ҳуқуқлари шартномаларини миллий даражада самарали амалга ошириш, ривожланиш ҳуқуқи ва ижтимоий адолатни таъминлаш, гендер тенглиги, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рақамли трансформация ва сунъий интеллект шароитида инсон қадр-қиммати ҳамда шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларнинг инсон ҳуқуқларига таъсири каби долзарб масалалар қамраб олинган. Шунингдек, тинчлик ва хавфсизлик, халқаро гуманитар ҳуқуқ, фуқароликсизликнинг олдини олиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳужжатнинг муҳим жиҳатларидан яна бири — инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича узоқ муддатли ҳамкорлик механизмларини назарда тутишидир. Хусусан, «Самарқанд шериклиги» концепцияси, Халқаро пактларни амалга ошириш бўйича Самарқанд рақамли ҳамкорлик платформасини яратиш ташаббуси ва 2040 йилгача мўлжалланган «Йўл харитаси» халқаро тажриба алмашиш, миллий амалиётларни такомиллаштириш ва белгиланган мақсадлар ижросини кузатиб бориш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Форум иштирокчиси сифатида менда, айниқса, инсон ҳуқуқлари масалаларининг фақат ҳуқуқий нормалар доирасида эмас, балки инсон ҳаёти, жамият тараққиёти ва глобал барқарорлик билан узвий боғлиқ ҳолда муҳокама қилингани катта таассурот қолдирди. Назаримда, «Самарқанд нигоҳи – 2040»нинг асосий ғояси инсон қадр-қимматини барча ислоҳотлар ва тараққиёт жараёнларининг марказига қўйиш, ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик ҳамда халқаро ҳамкорлик орқали умумий масъулиятни мустаҳкамлашдан иборатдир.
Шубҳасиз, V Самарқанд форуми ва унинг якуний ҳужжатининг БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси расмий ҳужжати сифатида эълон қилиниши Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари учун муҳим воқеадир. Бу, шунингдек, Самарқанднинг инсон ҳуқуқлари, тенглик ва барқарор тараққиёт масалалари бўйича халқаро мулоқот майдони сифатидаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маҳиннора Мирҳамидова,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг
«Халқаро ҳуқуқ ва оммавий ҳуқуқ» фанлари кафедраси доценти
