1 октябрь – Халқаро кексалар куни
Доно халқимиз: “Инсон – ғанимат”, дейди. Дарҳақиқат, биз учун ота-боболаримиз, фахрийларимизнинг ҳаёти ҳам ғанимат. Қариялар қадр топган юртда меҳр-оқибат, қут-барака, тинчлик-хотиржамлик доим барқарор бўлади.
Бу фоний дунёда ҳеч нарса абадий эмас. Ҳозирги ёшлар ҳам бир куни кексалик остонасидан ҳатлаб, изларидан келаётган янги ёш авлодга жой бўшатадилар.
Кексалик даври – болалик ва ёшлик даврлари каби ҳаётнинг табиий ҳамда узвий босқичидир. Биргина фарқ шундаки, инсон болалик ва ёшлик йилларида куч-қудрат ҳамда азму шижоатга тўла бўлса, аксинча, кексалик даврида жисмоний фаолият мезони камайиши ва куч-қудратнинг заифланиши билан юзма-юз келади.
Қуръони каримнинг “Раҳмон” сурасида “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир” ояти зикр этилгани бежиз эмас. Кексаларга ҳурмат, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Шу маънода, 1 октябрь – Халқаро кексалар куни мамлакатимизда бу гал янада кенг ва сермазмун нишонлангани табиий.
Маълумки, ушбу халқаро сана 1990 йил 14 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 45-сессиясида таъсис этилган. Шунингдек, бу борада 1982 йили Кексалик муаммолари бўйича Вена ҳаракатлар режаси; 1991 йили БМТнинг Кексаларга муомала-муносабат принциплари; 1992 йили Кексалик муаммолари бўйича декларация; 2002 йили Кексалик муаммолари бўйича Мадрид ҳаракатлар режаси қабул қилинган.
Айниқса, охирги халқаро ҳужжат XXI асрда аҳоли ёшининг кексайиб бориши муаммосига ечим топишда том маънодаги дастуриламал бўлди. Зотан, бугунги кунда ривожланган давлатлар аҳолиси таркибининг ўртача 25 фоизи кекса авлод вакилларидан иборат ва ушбу кўрсаткич йил сайин ортиб бормоқда.
БМТ таҳлилларига қараганда, 2030 йилда сайёрамиздаги 60 ёшдан катта инсонлар сони 38 фоизга ошади ва қарийб 1,4 млрд нафардан иборат бўлади. Ўз навбатида, 2050 йилда дунёдаги ҳар олти инсоннинг бир нафари 65 ёшдан катта кексалардан иборат бўлиши тахмин қилинмоқда.
Кексалар сонининг жадал суръатларда ортиши, афсуски, аҳолининг айни қатлами вакилларига нисбатан бемеҳр, таъбир жоиз бўлса, ҳатто шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатларининг ҳам кўпайишига олиб келиши сир эмас. Шунинг учун БМТ ёши улуғ инсонлар ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган глобал жавоб чораларини кўриш зарур, деб ҳисоблайди.
БМТ мутахассисларининг бу борадаги хулосалари биз яшаб турган ва тобора глобаллашиб бораётган дунёда ҳамма ҳам бирдек бағрикенг ва нуронийпарвар эмаслигини кўрсатмоқда. Сайёрамиз аҳолисининг тенг ярми, бошқача айтганда, заминдош ва замондошларимизнинг ҳар икки нафаридан биттаси кексаларга нисбатан салбий муносабатда экан.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, кексаларнинг мавжуд эҳтиёжлари ва аниқ муаммоларини ҳал этишга эътиборни янада оширишни тақозо этади. Шунингдек, аксарият ёши улуғ инсонларга зарур шароитлар яратиб берилса, улар ҳали ҳам жамият ҳаётига фойда келтиришда давом этиши билан боғлиқ имкониятларни ҳисобга олиш талаб этилади.
Бундай саъй-ҳаракатларнинг негизида, албатта, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш мезонлари мужассам. Нега деганда, дунёнинг айрим манзилларида бу борадаги аҳвол шундайки, ишхоналарда навқирон ходимларга яратилган имтиёз ва енгилликлардан кўпинча ёши улуғ инсонлар маҳрумдир.
Ишчи-ходимларнинг ўқиш-ўрганиш ва малака ошириш имкониятлари ёши ўтган сари кескин камайиб боради. Энг ёмони, ёш ва жинсга боғлиқ камситишлар, хусусан, эйджизм иллати кексаларнинг аҳволини янада мураккаблаштирмоқда.
Эйджизм – инсонни ёш белгиси бўйича камситиш ҳолатини ифодалайдиган халқаро тушунча. Бу ҳақда фикр юритганда, танганинг иккинчи томони ҳам борлигини унутмаслик керак. Гап шундаки, эйджизмдан ёшларнинг ўзлариям азият чекмоқда. Бунда, албатта, тиббий хизматдан фойдаланиш, турар-жойга эга бўлиш ва сиёсий ҳаётда иштирок этиш каби масалаларда ёши улуғларнинг қўли устунроқ экани назарда тутилмоқда.
Халқаро ҳамжамият эйджизм иллатига қарши фаол кураш олиб бориш зарурлигини таъкидлаб келаётгани бежиз эмас. Бинобарин, инсоннинг ёшига қараб ёндашув борасида илдиз отган номақбул муносабатлар инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкинлигидан ҳамиша огоҳ бўлиш даркор.
Шу нуқтаи назардан, кексаларни қадрлаш учун бундан 36 йил илгари алоҳида бир куннинг жаҳон кўламидаги байрам санаси сифатида расман белгилаб олинганидан асосий мақсад навқирон авлодга нуроний отахону онахонларимиз доимо алоҳида ғамхўрлик, меҳр-муҳаббат ва парваришга муҳтожлигини эслатиб туришдир.
Бинобарин, БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йилдаги резолюцияси билан яна бир халқаро сана, яъни 15 июнь – Бутунжаҳон кексаларга нисбатан суиистеъмолликлар ҳақидаги ахборотларни тарқатиш куни таъсис этилгани бежиз эмас. Ҳар йили шу санада бутун дунёда кекса авлодга мансуб айрим ёши улуғ инсонлар изтиробли муаммоларга дуч келаётганлари номақбул экани ҳақидаги маълумотларни кенг ёйиш анъанага айланган.
Экспертларнинг фикрича, кексаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатларига қарши курашиш бўйича ёндашувлар маданий мезонларга таяниши ва бунда ҳар бир алоҳида ҳолатга тааллуқли таҳдид омиллари инобатга олиниши мақсадга мувофиқдир. Ривожланаётган ва ривожланган мамлакатларда ҳам кексаларга нисбатан шафқатсиз муносабат бирдек кузатилгани ҳолда, афсуски, бу ҳақдаги маълумотлар глобал миқёсда жуда кам тарқалади.
Айни муаммонинг глобал кўлами ноаниқ бўлиб қолаётганига қарамай, унинг ижтимоий ва маънавий зиёни кундек равшан. Шу боис дунё миқёсида кексаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳар томонлама таъсирчан чоралар кўришга жиддий эътибор берилмоқда. Хусусан, “Кекса инсонларга нисбатан шафқатсиз муносабатга қарши курашиш: БМТнинг 2021-2030 йилларга мўлжалланган соғлом кексайиш ўн йиллигининг беш устувор йўналиши” мавзусидаги маъруза эълон қилингани муҳим аҳамиятга эга.
БМТ томонидан ҳар йили Халқаро кексалар куни доирасида қарияларни ҳимоялаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида турли фестиваль ва танловлар ўтказилади. Қолаверса, жаҳон миқёсида нуронийлар ҳаётини яхшилашга қаратилган БМТнинг Кексалик муаммолари бўйича мақсадли жамғармаси ҳам фаолият кўрсатиб турибди.
Бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритганда, биринчи навбатда, Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган давлат сиёсатида кексаларни эъзозлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда нуронийларимизнинг бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар тарбиясида фойдаланиш масалалари энг устувор йўналишлардан ҳисобланишини таъкидлаш лозим. Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги қарашлари мазмун-моҳиятининг асосий тамойилларига мухтасар тўхталамиз.
Биринчи тамойил: “Кексаларни қадрлаш — миллий қадрият”. Президентимиз ўз маъруза ва нутқларида ёши улуғ инсонларга ғамхўрлик қилиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган муқаддас бурч эканини мунтазам таъкидлаб келмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбари уқтиришича, “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Мамлакатимизда ёши улуғ инсонларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, турмуш шароитларини янада яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зотан, нуронийларни эъзозлаган кам бўлмайди”[1].
Иккинчи тамойил: “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин”. Бу ўринда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда ижтимоий ҳимоя тизими мутлақо янги босқичга кўтарилганини эътироф этиш даркор. Айниқса, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари, “Саховат” уйларида яшаётган отахон ва онахонларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, уларни бепул санаторийларда соғломлаштириш тизими йўлга қўйилди.
Миллат Сардори таъбири билан айтганда, бемор инсонларга эътиборни қанчалик оширсак, улар янаям соғаяди. Шунинг учун юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар ва нуронийлар ҳолидан доимий хабар олиш тизими тобора эътибор кучайтирилмоқда.
Учинчи тамойил: “Бир нуроний ўн ёшга масъул”. Гап шундаки, Ўзбекистон Президенти кекса авлод вакилларини нафақат нафақадаги инсонлар, балки жамиятнинг маънавий устуни ва ёшлар учун ибрат мактаби деб билади. Шу боис маҳаллаларда кексаларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган тизимли лойиҳалар жорий этилди.
Айни тамойил асосида тажрибали кексалар йўлдан адашган ёки кўмакка муҳтож ёшларга устоз сифатида бириктирилди. Маҳаллаларда фаолият юритаётган “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари орқали оилавий ажримларнинг олдини олиш ва соғлом муҳитни асрашда уларнинг бой тажрибасидан фойдаланилмоқда.
Яъни, Президентимизнинг бу борадаги сиёсати кексаларга муносабат фақатгина моддий ёрдам кўрсатиш билан чекланмай, уларнинг ҳаётий тажрибасини, дуо ва панд-насиҳатларини Янги Ўзбекистон маънавий пойдеворининг ажралмас қисми сифатида қадрлашни ҳам кўзда тутади
Айни чоғда, кексаларимизга ғамхўрлик кўрсатиш масаласи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида алоҳида мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 46-моддасига мувофиқ: “Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас”.
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари тасдиқлаган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 19-мақсади соғлом ва фаол кексаликни таъминлашдир. Ушбу Стратегияни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури бўйича амалий тадбирлар режасига кўра, бир томондан, ҳар йили 60 ва ундан катта ёшдаги аҳолини соғломлаштириш, иккинчи томондан, катта ёшдаги аҳоли орасида тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси бўйича индивидуал ва оммавий тарғибот тадбирларини ўтказиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 26-мақсади асосида нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий эътиборида турибди. Жумладан, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар ва нуронийлар ҳамда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уруш орти меҳнат фахрийлари ҳолидан мунтазам хабар олинмоқда.
Жорий йил давомида юртимизнинг диққатга сазовор жойларга, тарихий шаҳарлар, қадимий обидалар, зиёратгоҳлар ва юртимизнинг сўлим гўшаларига 1,5 миллион нафар нуронийларнинг саёҳатларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Маҳаллаларда, ўқув юртларида, ташкилот ва идораларда ёшлар, шунингдек, уюшмаган, тарбияси оғир, муаммоли ёшлар ва кам таъминланган оилалардаги ёшлар ўртасида, шунингдек, ҳарбий қисмларда ҳарбий хизматчилар ўртасида кекса авлод вакиллари иштирокида “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ўтказилаётгани ҳам жуда муҳим.
Яна бир муҳим далил: Мустақиллик байрами арафасида Президент Фармони асосида юртимизнинг турли ҳудудларидан бизга Яратгандан куч ва мадад тилаб турган, ҳар бир ишда дуогўй муҳтарам отахон ва онахонларимиздан 100 ёшдан ошган 14 нафарини давлат мукофоти – «Шуҳрат» медали билан тақдирлаш яхши анъанага айланди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда 100 ёшга кирган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига пенсияни ҳисоблашнинг базавий 100 фоизи миқдорида қўшимча пул тўланади. Қолаверса, “Нуроний” жамғармаси тизимида кексаларимизни ҳар томонлама ва мунтазам рағбатлантириб бориш бўйича кенг қамровли амалий ишлар йўлга қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда бундай эзгу амалларнинг кўлами янада кенгаймоқда. Меҳнат жамоаларида пенсияга чиқиш арафасида бўлган меҳнат фахрийларини тақдирлаш ва нафақага кузатиш амалиёти жорий этилди. Корхона ва ташкилотларда узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар хонадонларида бўлиб, уларни байрам билан қутлаш баҳонасида ҳолларидан хабар олинмоқда. Таълим муассасаларида Ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳамда Халқаро кексалар куни муносабати билан фахрий устозлар таклиф этилиб, улар учун байрам тадбирлари ташкил этилмоқда.
Шу билан бирга, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” доирасида ҳам айни йўналишда муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, ҳар бир эзгу ишимизда дуогўй нуронийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш том маънода давлат сиёсати даражасига кўтарилганини яққол тасдиқлайди.
Ғулом Мирзо
«GULISTON» журналининг 2026 йил 5-сони
[1] Президент Наманган вилоятига ташрифи доирасида "Нуроний" жамғармасининг Наманган вилояти бўлими янги биноси ва "Нуронийлар маскани" билан танишди / https://sputniknews.uz/20170708/5780592.html
