Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Болалар омбудсмани институтининг ташкил этилиши: халқаро амалиёт ва миллий тажриба

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Султонов Нодирбек Бўстон ўғлининг «Болалар омбудсмани институтининг ташкил этилиши: халқаро амалиёт ва миллий тажриба» мавзусидаги диссертация иши ҳимояси бўлиб ўтди. Тадқиқот 12.00.13 – «Инсон ҳуқуқлари» ихтисослиги бўйича юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тақдим этилди.

Диссертация бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг институционал механизмларини такомиллаштириш, Болалар омбудсмани институтининг шаклланиши ва ривожланиш қонуниятларини тадқиқ қилиш, шунингдек, унинг фаолиятини халқаро стандартлар ва хорижий давлатлар тажрибаси асосида такомиллаштиришга қаратилган. Тадқиқотда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг тарихий-ҳуқуқий асослари, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси, Париж принциплари ҳамда Болалар омбудсмани фаолиятига оид халқаро стандартлар комплекс таҳлил қилинган.

Шунингдек, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламент назоратини кучайтириш, ҳудудларда Болалар омбудсмани фаолиятининг самарадорлигини ошириш, болалар мурожаатлари билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда болалар фаровонлигини баҳолашнинг миллий индексини жорий этиш бўйича илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.

Тадқиқотнинг алоҳида йўналишини болалар ҳуқуқларига нисбатан замонавий таҳдидларга қарши институционал ва ҳуқуқий механизмларни ривожлантириш ташкил этади. Хусусан, болаларнинг рақамли муҳитдаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кибербуллинг, онлайн эксплуатация ва бошқа хавфларнинг олдини олиш, шунингдек, ушбу йўналишда Болалар омбудсманининг масъулиятини кучайтириш масалалари юзасидан таклифлар асослаб берилган.

Ҳимоя натижаларига кўра, Султонов Нодирбек Бўстон ўғлининг диссертация иши DSc.26/2025.27.12.Yu/S.01.01 рақамли Илмий кенгаш томонидан 12.00.13 – «Инсон ҳуқуқлари» ихтисослиги бўйича юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш учун тавсия этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 16.11.2026 Ko'rishlar 180
Ulashish