Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

ХАЛҚНИНГ ВИЖДОНИГА АЙЛАНГАН АДИБ

2026 йилда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов таваллудига 100 йил тўлди. Қалби уммон, жасорати тоғдек улуғ қаҳрамон адиб, ўзбек адабиётининг ҳақиқий виждонига айланган ижодкор Одил Ёқубов таваллудининг бир асрлик қутлуғ тўйи мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Одил Ёқубов фақат ёзувчи эмас, у миллатнинг оғриқларини ўз танасида ҳис қилган, халқнинг дардини собиқ Иттифоқ даражасида Москвада баралла айта олган буюк ижтимоий арбобдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: "Одил Ёқубов ўз асарларида миллий ўзлик, диёнат ва адолат ғояларини куйлаган, мураккаб давр синовларида халқ манфаатини ҳар нарсадан устун қўйган улкан сўз санъаткоридир. Унинг адабий мероси ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда бебаҳо манба бўлиб хизмат қилади".

МИЛЛАТПАРВАР ВА ХАЛҚПАРВАР АРБОБ: КРЕМЛДАГИ ТАРИХИЙ ЖАСОРАТ

Одил Ёқубов чин маънода халқпарвар инсон эди. Бунинг энг олий исботи — 1989 йилнинг 16 июнида 1 СССР Халқ депутатлари съездида сўзлаган тарихий нутқидир. Мен ушбу нутқни телевизор орқали жонли эфирда катта ҳаяжон билан томоша қилганман. Ўшанда собиқ империянинг маркази — Кремль минбаридан туриб, кўплаб сиёсатчилар титраб турган бир пайтда Одил ака ўзбек халқини куллик ва қашшоқликка маҳкум этган, деҳқоннинг тинкасини қуритган "пахта яккаҳокимлиги" сиёсатини аёвсиз фош қилди. У Орол фожиасини, гўдаклар ва оналар ўлимини Иттифоқ раҳбариятининг юзига тик қараб айтди. Бу чинакам депутатлик жасорати, миллатни истибдоддан асраб қолиш йўлидаги сиёсий қаҳрамонлик эди.

ЎЗБЕК ТИЛИ ФИДОИЙСИ ВА АТАМАШУНОСЛИК АСОСЧИСИ

1989 йилда она тилимизга Давлат тили мақомини бериш бўйича кечган суронли курашларда Одил Ёқубов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида энг олдинги сафда, баҳсларнинг марказида турди.

"Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамаси кечагидек ёдимда. Ўшанда қонун лойиҳасининг дастлабки матнини тайёрлаб, уни ўзбек зиёлилари, она тили ва адабиётимиз жонкуяри бўлган адабиётшунослар, шоиру ёзувчилар эътиборига ҳавола этганман. Қонун лойиҳаси бўйича маъруза қилганимда қизғин муҳокамалар бошланиб кетган. Йиғилиш қатнашчиларининг, хусусан, мажлис раиси Одил Ёқубовнинг таклиф ва тавсиялари асосида қонун лойиҳаси такомиллаштирилган.

Одил Ёқубов Кремлъ томонидан тиқиштирилган сохта "икки тиллилик" концепциясига қарши чиқиб, фақат ўзбек тили ягона давлат тили бўлишини қатъий талаб қилди ва тарихий қонун қабул қилинишига беқиёс ҳисса қўшди.

Бироқ адибнинг бу борадаги хизматлари фақат қонун қабул қилиниши билан чекланиб қолмади. Қонунни ҳаётга изчил татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат атамалар қўмитаси (Терминология қўмитаси) ташкил этилганда, унга биринчи раис этиб айнан Одил Ёқубов тайинланди. Бу лавозимда адиб улкан ташкилотчилик салоҳиятини намоён этди, илмий ва амалий жасорат кўрсатди. Қўмита аъзоси сифатида жонкуяр адиб Одил Ёқубов билан она тилимизнинг софлигини асраш тўғрисида кўп бор суҳбатлашганман. Кейинчалик муаллифлар жамоаси таркибида "Юридик атамалар қомусий луғати"ни нашрга тайёрлаганимда ушбу суҳбатлардан чиқарган хулосаларим қўл келган.

Одил Ёқубов Давлат атамалар қўмитаси раиси сифатида шўро даврида тилимизга зўрлаб киритилган сохта терминларни тозалаш, миллий ўзбек атамашунослиги ва луғатшунослигига асос солиш йўлида энг етук тилшунос олимларни бирлаштирди. Бугунги кунда давлат идоралари ва илм-фанда қўлланилаётган кўплаб гўзал миллий атамаларимиз замирида Одил ака раҳбарлик қилган ўша тарихий қўмитанинг машаққатли меҳнати мужассам.

АДАБИЙ МЕРОСИНИНГ БЕҚИЁС АҲАМИЯТИ

Атоқли адиб Одил Ёқубовнинг серқирра ижодини катта бир миллий академияга қиёслаш мумкин. Ёзувчи ижодий меросининг аҳамияти қуйидагиларда намоён бўлади:

Илмий ва адабий аҳамияти: Ўзбек насрида психологик таҳлил, кучли характерлар яратиш ва тарихий ҳақиқатни бадиий гавдалантириш мактабини яратди.

Амалий ва ўқув-тарбиявий аҳамияти: Унинг асарлари ёш авлодни ватанпарварликка, миллий ўзликни англашга ва ор-номусли бўлишга ўргатадиган бебаҳо тарбия воситасидир.

Халқаро аҳамияти: Адиб асарлари дунёнинг ўнлаб тилларига таржима қилиниб, ўзбек миллатининг маънавий салоҳиятини жаҳонга танитди.

"ЎҚИЛИШИ ШАРТ" БЎЛГАН АСАРЛАР

Ҳар бир ўзбек хонадонида бўлиши ва ўқилиши шарт бўлган китоблар рўйхатига Одил Ёқубовнинг қуйидаги асарларини дадил кирита оламиз:

"Муқаддас" — соф муҳаббат, виждон поклиги ва ахлоқий гўзаллик қиссаси.

"Улуғбек хазинаси" — илм ва жаҳолат, маърифат ва ҳокимият тўқнашувини кўрсатган тарихий роман.

"Кўҳна дунё" — ибн Сино ва Маҳмуд Ғазнавий сиймоси орқали даҳолар қисматини ёритган асар.

"Диёнат" — инсонийлик, ҳалоллик ва давр муаммолари рўйирост очиб берилган ижтимоий роман.

"Оққушлар, оппоқ қушлар" — экологик ва маънавий инқироз оқибатларидан огоҳ этувчи асар.

Айниқса, "Улуғбек хазинаси" романи ўз даврида катта шуҳрат қозониб, давлат арбоби Шароф Рашидовнинг эътирофига сазовор бўлган. "Одил Ёқубов ушбу романи билан ўзбек адабиётида тарихий насрни янги, юксак бадиий ва фалсафий босқичга кўтарди. Бу асар халқимизнинг ўз буюк аждодлари тарихи билан фахрланишига хизмат қиладиган чинакам хазинадир", — дея романга юксак баҳо берган Шароф Рашидов.

АДАБИЙ ҚАҲРАМОНЛАР ТИЛИДАГИ ИБРАТЛИ ҲИКМАТЛАР

Одил Ёқубов яратган образлар шунчаки бадиий тўқима эмас, улар миллатнинг асрлар оша яшаб келаётган донишмандлик ва руҳий матонати тимсолидир. Адиб ўз қаҳрамонлари тили орқали башариятга улуғ ҳикматларни сингдирди.

Масалан, "Улуғбек хазинаси" романида Мирзо Улуғбек ўлими олдидан шогирди Али Қушчига қараб, илмнинг боқийлигини шундай

ифодалайди: "Тахтлар ағдарилур, салтанатлар маҳв бўлур, аммо олимларнинг тафаккур маҳсули — китоблар, инсоният маънавий хазинаси абадий яшажак"

"Кўҳна дунё" романида эса улуғ аллома ва табиб ибн Сино қудратли Султон Маҳмуд тазйиқларига бош эгмасдан қуйидаги ҳикматни айтади: "Ҳокимлар жисмни занжирбанд қилиши мумкин, аммо эркин тафаккурни ва ҳақиқатга интилган қалбни ҳеч қачон бўйсундириб бўлмайди".

ИККИ УЛУҒ ЭЛНИНГ КЎПРИГИ: ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ БИЛАН ҚАДРДОНЛИК

Одил Ёқубов ва буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов ўртасидаги дўстлик — икки қардош халқ адабий биродарлигининг рамзидир. Чингиз Айтматов Одил аканинг "Улуғбек хазинаси" романини "Шарқ Ренессанси фожиасини кўрсатган шоҳ асар" деб атаган бўлса, Одил Ёқубов Айтматовни "жаҳон адабиётининг сиртлони" дея эътироф этган. Энг оғир дамларда

— 1990 йилдаги қонли Ўш воқеалари пайтида икки адиб зудлик билан олов ичига кириб бордилар. Халқларни вазминликка чақириб, ушбу фожиа Кўҳна Марказнинг сиёсий фитнаси эканини очиқ айтишди ва қон тўкилишини тўхтатишда ўз обрўларини қалқон қилишди.

ЗАМОН ТАЛАБИ: РАҚАМЛАШТИРИШ ДАВРИДА АДИБ МЕРОСИНИ ТАРҒИБ ЭТИШ БЎЙИЧА АМАЛИЙ ТАКЛИФЛАР

Биз ХХI асрда — рақамли технологиялар ва глобаллашув даврида яшамоқдамиз. Бугун Одил Ёқубов меросини нафақат асраб-авайлашимиз, балки уни энг замонавий усулларда ёш авлод қалбига сингдиришимиз зарур. Шу мақсадда қуйидаги таклифларни билдираман.

Биринчи таклиф: "Одил Ёқубов рақамли кутубхонаси" миллий платформасини яратиш. Адибнинг барча роман, қисса ва публицистик мақолалари, қўлёзмалари, архив ҳужжатлари ҳамда Москвадаги тарихий нутқининг асл аудио-видеоёзувлари жамланган мукаммал вебсайт ва мобил иловани ишга туширишимиз лозим.

Иккинчи таклиф: аудиовизуал медиаконтентларни кўпайтириш. "Улуғбек хазинаси" ва "Кўҳна дунё" романларини бугунги ёшларбоп радиоспектакль кўринишида қайта овозлаштириб, “YouTube”, “Spotify” каби глобал тармоқларга жойлаштириш, асарлар асосида қисқа ва таъсирли видео-трейлерлар (“booktrailers”) яратиш зарур.

Учинчи таклиф: "Миллий жасорат ва диёнат дарслари"ни жорий этиш. Умумтаълим мактаблари ва олий ўқув юртларида адиб қаҳрамонлари тимсолида ёшларни ҳалоллик, ватанпарварлик ва миллий ғурур руҳида тарбияловчи махсус курслар ташкил этиш, ёш тадқиқотчилар учун давлат грантларини таъсис этиш мақсадга мувофиқдир.

Тўртинчи таклиф: халқаро миқёсда рақамли тарғибот. Адибнинг шоҳ асарларини замонавий инглиз, испан, араб ва хитой тилларига қайта таржима қилиб, "Атагоп" каби халқаро электрон тармоқлар орқали дунё китобхонларига етказиш фурсати келди.

ЎЗБЕК АДАБИЁТИДА МАНГУ БАРҲАЁТ

Одил Ёқубов ўзбек адабиёти тарихида жасорат, диёнат ва бадиий ҳақиқат мезонларини баланд кўтарган ижодкор сифатида ўчмас из қолдирди. Унинг ижодидаги энг муҳим қирра — инсон руҳиятининг энг туб қатламларига кириб бориш ва жамиятдаги адолатсизликка қарши муросасизликдир.

Бугунги Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш даврида Одил Ёқубовнинг миллий ғурур, илм-фанга эҳтиром ва ҳақиқатгўйлик ғоялари биз учун сув ва ҳаводек зарурдир. Унинг асарларидаги "диёнат" мезони бугунги кунда ҳам коррупцияга, лоқайдликка ва маънавий қашшоқликка қарши курашда энг ўткир маънавий қуролимиз бўлиб хизмат қилмоқда.

Одил Ёқубов ўз асарлари, сўзи ва руҳи ила биз билан бирга. Орамизда экан, у барҳаётдир!

 

Акмал САИДОВ, академик.

«Hurriyat» газетасининг 2026 йил 18 ноябрь кунги 46 (1524)-сони

Nashr sanasi 18.11.2026 Ko'rishlar 307
Ulashish