Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Миллий марказ вакили Гаагада Халқаро жиноят суди ва Нидерландия давлат идоралари фаолияти билан танишди

23 ноябрь куни “Capstone Project Uzbekistan” лойиҳаси доирасида Нидерландиядаги ўқув ташрифида иштирок этаётган Ўзбекистон вакиллари Гаага шаҳрига келдилар. Ўқув ташрифида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази етакчи мутахассиси Асилбек Миржалилов, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва лойиҳа танловида ғолиб бўлган талабалар иштирок этмоқда.

Дастлаб Нидерландия Адлия ва хавфсизлик вазирлиги таркибидаги Жазони ижро этиш муассасалари агентлигида учрашув бўлиб ўтди. Агентлик вакиллари мамлакатдаги қамоқхона тизими, маҳкумларни касбга ўқитиш, уларни озодликка чиқишга тайёрлаш ва собиқ маҳкумларни жамиятга қайтариш дастурлари ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг мамлакатимиз делегацияси аъзолари Халқаро жиноят суди фаолияти билан танишдилар. Суд вакиллари геноцид, инсониятга қарши жиноятлар, ҳарбий жиноятлар ва тажовуз (агрессия) жинояти бўйича ишларни тергов қилиш ва кўриб чиқиш тартиби ҳақида сўзлаб берди. Ташриф иштирокчиларига суд мажлиси қандай тартибда ўтказилиши тушунтирилди.

Якуний тадбир Нидерландия Ташқи ишлар вазирлигида бўлди. Нидерландиянинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсати ҳақидаги тақдимотда, жумладан, Гаага шаҳрида Халқаро суд ва Халқаро жиноят суди жойлашгани, Нидерландия ҳукумати Конституцияга кўра халқаро ҳуқуқий тартибни ривожлантириш талабига риоя этиши ҳамда мамлакат инсон ҳуқуқларини бузганларни жавобгарликка тортиш борасида фаол иш олиб бориши қайд этилди.

Ўқув ташрифи 27 ноябрга қадар давом этади. Дастурдан мамлакатнинг яна бир қатор шаҳарларидаги пробация хизмати, жазони ижро этиш муассасаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти билан танишиш ва Тилбург университетига ташриф каби тадбирлар жой олган.

 

Маълумот учун: «Capstone Project Uzbekistan” лойиҳаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Халқаро ривожланиш ва адлия маркази (CDJI) томонидан Нидерландия Қироллиги Ташқи ишлар вазирлиги молиявий кўмагида, Нидерландия Қироллигининг Марказий Осиёдаги элчихонаси қўллаб-қувватлаши билан амалга оширилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 24.11.2026 Ko'rishlar 141
Ulashish