Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи

23 ноябрь куни пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказида худди шу шиор асосида Ўзбекистон зиёлилари кенгаши йиғилиши ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбари Саида Мирзиёева иштирок этди.

Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ташкил этилган мазкур Кенгаш мамлакатда илм-фан, таълим, маданият, адабиёт, санъат, тиббиёт ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган зиёлиларнинг интеллектуал салоҳияти, тажрибаси ва ташаббусларини умуммиллий тараққиёт мақсадларига йўналтириш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини янада кучайтиришга қаратилган. Кенгашнинг ялпи мажлиси ва еттита шўъбасида миллий тараққиётимизнинг ғоявий, маънавий, илмий, иқтисодий ва ижтимоий асосларига оид долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан зиёлилар, олимлар ва ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббусларини давлат ва жамият бошқарувида инобатга олиш масалаларига доимо алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «Зиёлиларимиз, олимларимиз, ижодкорларимиз — жамиятимизнинг олтин фонди, халқимизнинг маънавий устунидир. Уларнинг фикри, таклиф ва ташаббуслари биз учун доимо муҳим ва қадрли».

Ўзбекистон зиёлилари кенгаши йиғилишининг очилиш маросимида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов ҳам қатнашди. А.Садиовнинг фикрича, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда зиёлилар қатламининг алоҳида ўрни бор. Зеро, ҳар бир соҳанинг етук мутахассиси, ўз ишининг фидойиси ҳам зиёлидир.

Кенгашнинг янада муҳим аҳамияти шундаки, зиёлилар фақат кузатувчи ёки ислоҳотлар ҳақида маълумот берувчи эмас, балки ана шу шиддатли янгиланишларнинг туб мазмуни ва натижасига дахлдор ташаббускор куч сифатида майдонга чиқмоқда. Бу жараёнда “Янги Ўзбекистон зиёлилари – миллий юксалиш таянчи” ғояси илгари сурилаётгани бежиз эмас.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 24.11.2026 Ko'rishlar 177
Ulashish