Мажбурий меҳнат – бирор бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш ҳисобланади. Ҳеч ким шахсни ишдан бўшатиб юбораман, ойлигингни камайтираман, лавозимингни тушираман ва ҳоказо таҳдидлар билан мажбурий меҳнатга жалб қилишга ҳақли эмас.
Демак, ходимни зўрлаш ёки қўрқитиш, жазо қўллаш, меҳнат фаолияти ва рағбатлантиришни чеклаш каби усуллар орқали бевосита мансаб вазифасига кирмайдиган ҳар кандай ишга жалб қилиш мажбурий меҳнат деб топилади. Ходимларни уларнинг ихтиёрисиз ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ ҳўжалиги ва қурилиш ишларига, шунингдек, турли тадбирларга жалб қилиш кабилар ҳам мажбурий меҳнатнинг кўринишлари деб баҳоланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасига мувофиқ, “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир. Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади”.
Бу каби меъёрларни Меҳнат кодексининг 7-моддасида ҳам кузатишимиз мумкин: “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунининг 2-моддасида “Мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно”деб белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган 29-105-сонли конвенциялари хам мажбурий меҳнатга қаратилган бўлиб, миллий қонунчилигимизда ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори давлат органлари ишидаги тизимли камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига тўлиқ барҳам беришга қаратилган.
Шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 14 августидаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғриси”ги қарори ва 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, халқ таълими вазирлиги томонидан тизимдаги таълим муассасалари ўқитувчилари ва ишчи-ходимлари фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга, яъни ободонлаштириш, дала ишлари, пахта йиғим-терими, мажлисларда қатнашиш, обуна, уйма-уй юриш ва бошқа тадбирларга жалб этилмаслик вазифалари юклатилган.
Иш берувчи ёки бирор мансабдор шахснинг фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилиши маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима белгиланган.
Мансабдор шахсларни мажбурий меҳнатга жалб қилишда, хуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб Жиноят кодексининг 205-, 206-моддаларига кўра жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини таъкидлаб ўтиш муҳим ҳисобланади.
Мажбурий меҳнат элементлари бир қатор мажбурий меҳнат индикаторлари орқали ўз ифодасини топади ёки баҳоланади. Алдаш, ҳаракатланишни чеклаш, изоляция қилиш, жисмоний ва жинсий зўравонлик, дўқ-пўписа ва қўрқитишлар, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйиш, маошни тўламаслик, заифликдан фойдаланиш, қарзга ботириш, меҳнат ва яшашнинг тубдан шароитлари, ўта кўп соат давомида ишлатиш, ҳуқуқлар, устунликлар, имтиёзлардан маҳрум этиш шулар сирасига киради. Шулардан, дўқ-пўписа ва қўрқитишлар ҳамда ўта кўп соат давомида ишлатиш каби индикаторлар бизда кўпроқ учрайди.
ЎзА материали асосида тайёрланди
- Қўшилди: 04.08.2019
- Кўришлар: 10373
- Чоп этиш