Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш: Ўзбекистон тажрибаси ва парламент ташаббуслари

Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеяси доирасида Парламент аёл аъзолари форуми бўлиб ўтди. Форумда 120га яқин парламент аъзолари қатнашди. Тадбир доирасида "Барча учун инклюзив ижтимоий ривожланиш: ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини илгари суриш ва имкониятларини кенгайтириш бўйича парламент стратегиялари" мавзусидаги резолюция лойиҳаси муҳокама қилинди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева маъруза билан иштирок этди ва мамлакатимизнинг ногиронлиги бўлган аёллар ҳамда қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, хотин-қизларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун тенг имкониятлар яратиш тажрибаси билан ўртоқлашди.

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш ва хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлангани қайд этилди. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари амалда таъминланаётганига, оилавий зўравонлик учун жавобгарлик белгиланганига, жабрланганларга ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмлари жорий этилганига эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенати Раиси резолюция лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан бир қатор амалий таклифларни билдирди.

Парламентларда қонун лойиҳаларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари нуқтаи назаридан мажбурий экспертизадан ўтказиш тартибини жорий этиш, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ва қизлар дуч келаётган тўсиқларни алоҳида баҳолаш ҳамда қарорлар қабул қилиш жараёнига уларнинг ўзини бевосита жалб этиш шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, қабул қилинган қонунларнинг ижроси устидан доимий ва таъсирчан парламент назоратини таъминлаш, назорат тадбирларига ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, хотин-қизлар ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этувчи ташкилотларни кенг жалб қилиш таклиф этилди.

Ўзбекистон делегациясининг таклифлари резолюция лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида инобатга олинади ҳамда кейинги муҳокама учун Парламентлараро иттифоқнинг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича доимий қўмитасига тақдим этилади.

Парламентлараро иттифоқ  Парламент аёл аъзолари  бюроси президенти Синтия Лопес Кастро 2022 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Парламентлараро иттифоқ парламентлар аёл раҳбарларининг 14-саммитининг амалий аҳамиятига алоҳида тўхталди. Унинг фикрича, мазкур саммит гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг парламент фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш ва уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ролини мустаҳкамлашга, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларида ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларга муносиб ҳисса қўшган.

Форум якунида парламентлараро ҳамкорликни янада кучайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ва инклюзив жамият барпо этишга қаратилган халқаро ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Nashr sanasi 06.10.2026 Ko'rishlar 22
Ulashish