Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентлари алоҳида стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқишга тайёрлигини тасдиқладилар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён билан тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди.

Ўзбекистон – Корея алоҳида стратегик шериклигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

photo_2026-09-14_16-01-01

Корея Республикаси Президенти давлатимиз раҳбарини самимий қутлаб, ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида ривожланиб келаётган муносабатлар тарихида муҳим воқеа эканини қайд этди.

photo_2026-09-14_16-01-02

Ўз навбатида, Ўзбекистон етакчиси Корея Республикаси ўтган йиллар давомида юртимизнинг ишончли дўсти ва энг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бирига айланганини таъкидлади.

photo_2026-09-14_16-01-04

Бу борада товар айланмаси ва инвестициялар кўрсаткичлари ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистонда Корея сармояси иштирокидаги 700 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз бозорида “Samsung”, “LG”, “Lotte”, “Young One”, “BOMI”, “KIA” ва бошқа йирик компаниялар фаолият кўрсатмоқда.

photo_2026-09-14_16-01-05

Кореядан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 8 миллиард доллардан ошди. Жиззах вилоятидаги “KIA” автомобилларини ишлаб чиқариш қувватлари, Миллий болалар тиббиёт маркази, Сургил кони негизидаги Устюрт газ-кимё мажмуаси ва бошқа йирик лойиҳалар мазкур ҳамкорликнинг ёрқин намуналаридир.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Эксимбанки ва “EDCF” жамғармаси билан ҳамкорлик доирасида тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, саноат, АКТ, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, инфратузилма, таълим соҳаларида ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Музокаралар давомида парламентлар, вазирлик ва идоралар, ҳудуд раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари Корея Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг бешта устувор йўналишини айтиб ўтди.

photo_2026-09-14_16-01-06

Булар – савдо алоқаларини кенгайтириш, инвестициялар ҳажмини ошириш, муҳим минераллар, транспорт ва инфратузилма соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш.

Жорий ташриф якунлари бўйича инвестиция портфели кўлами янада кенгаяди. Хусусан, умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар тайёрланган. Корея Эксимбанки билан 8 миллиард долларлик Стратегик ҳамкорлик дастури қабул қилинган.

Томонлар Кореянинг илғор технологиялари ҳамда Янги Ўзбекистоннинг ресурслар ва саноат борасидаги салоҳиятига асосланган мустаҳкам инновацион ва технологик альянсни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Альянс фаолиятини ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик соҳалари ҳамда тиббиёт, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика саноатида юқори технологияли ва рақамли ечимларни жорий этиш каби устувор йўналишларга қаратиш таклиф этилди.

Ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, идоралараро алоқаларни кенгайтириш, қўшма тадбирлар ташкил этиш ва ҳарбий мутахассисларни ўқитишга тайёрлик билдирилди.

Ташриф арафасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик тарихида илк бор ўтказилган Ҳудудлараро форум натижалари юқори баҳоланди. Кейинги форумни Самарқанд шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.

photo_2026-09-14_16-01-03

Президентлар музокаралар давомида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида урғу бердилар.

Ўзбекистонда Жанубий Корея университетларининг тўртта филиали фаолият юритиб, педагогика, АТ, муҳандислик, рақамли технологиялар ҳамда замонавий иқтисодиётнинг бошқа устувор йўналишларида юқори малакали кадрларни тайёрлаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда KOICA кўмагида ташкил этилган 5 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази самарали фаолият юритмоқда. Ушбу марказлар ёшларимизга келгусида қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун ўз билим ва кўникмаларини оширишига кенг имкониятлар тақдим этмоқда.

Кадрлар тайёрлаш бўйича амалий тажриба алмашишда икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорлари форуми муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.

Муносабатларни ривожлантиришда халқлар ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган маданий алмашинув муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.

Давлатимиз раҳбари кўп сонли корейс диаспораси Ўзбекистон кўп миллатли оиласининг ажралмас қисми ҳамда мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги “маънавий кўприк” эканини таъкидлади.

Ушбу ўзига хос гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида 2027 йилни “Маданият ва ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилиш ҳамда қўшма маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Якунда муҳокама қилинган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан томонларнинг позициялари яқинлиги ҳам тасдиқланди.

ЎзА

Nashr sanasi 14.09.2026 Ko'rishlar 86
Ulashish