Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ўзбекистонда “БМТ-аёллар” тузилмаси офиси очилгани халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди

Олий Мажлис Сенатига “БМТ-аёллар” тузилмасининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Белен Санс Луке ташриф буюрди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистоннинг “БМТ-аёллар” тузилмаси билан ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда “БМТ-аёллар” тузилмаси офиси очилгани мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққан муҳим қадам сифатида қайд этилди.

2026 йил апрель ойида “БМТ-аёллар”, ЮНФПА ва ЮНИСЕФ иштирокида бошланган ва хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қўшма дастур доирасидаги ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтилди.

Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг рақамли бозорлар, “яшил” иш ўринлари ва барқарор саноат тармоқларидаги иштирокини таъминлаш устувор йўналишлар сифатида белгилангани, 2028 йилда Ўзбекистонда навбатдаги форумни ўтказишда “БМТ-аёллар” тузилмасининг кўмаги муҳимлиги таъкидланди.

Image

БМТ Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиясининг 70-сессияси доирасидаги ҳамкорлик, шунингдек, 2026 йил май ойида Бухоро шаҳрида ўтказилган II Осиё хотин-қизлари форуми якунлари ва унинг доирасидаги ташаббусларни илгари суриш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти доирасидаги ҳамкорлик, хусусан, “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” глобал кун тартибини илгари суриш бўйича минтақавий конференция ўтказиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг Гендер профилини тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ҳужжатда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижаларни кенг акс эттириш муҳимлиги қайд этилди.

                                                                  Н.Абдураимова,

ЎзА

Nashr sanasi 25.09.2026 Ko'rishlar 27
Ulashish