Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Рақамлар тилида: мустақилликнинг 35 йиллик тараққиёт йўли

Ўттиз беш йил — тарих учун катта давр бўлмаслиги мумкин. Аммо мамлакат ҳаётида бир авлод улғайиши, иқтисодиётнинг янги қиёфа касб этиши, шаҳар ва қишлоқлар ўзгариши, миллионлаб инсонларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши ва турмуш тарзи янгиланиши учун етарли вақт.

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига етиб келар экан, босиб ўтилган йўлни баҳолашда энг холис манбалардан бири — статистикадир. Чунки рақамлар кечаги ва бугунги ҳолат ўртасидаги фарқни аниқ кўрсатади. Аҳоли сони, ялпи ички маҳсулот, инвестиция, ташқи савдо, таълим, умр давомийлиги, камбағаллик ёки аҳолининг яшаш шароитига оид кўрсаткичларни бир-бири билан таққослаганда мамлакатда юз берган ўзгаришларнинг кўлами янада яққол намоён бўлади.

Шу маънода, статистика — ўтган даврнинг рақамлардаги солномасигина эмас. У бугунги ҳолатни англаш, эртанги вазифаларни тўғри белгилаш ва қабул қилинаётган қарорларнинг натижасини баҳолаш учун зарур бўлган асосдир.

2026 йил 28 август куни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат тараққиётининг кейинги босқичи учун қатор янги марраларни белгилаб берди. Жумладан, иқтисодиётни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш, келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард АҚШ долларига етказиш ҳамда саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш вазифалари қайд этилди.

Бу мақсадларнинг кўламини тўғри тасаввур қилиш учун эса аввало мамлакат мустақиллик йилларида қандай иқтисодий ва ижтимоий йўлни босиб ўтганига назар ташлаш зарур.

Иқтисодиётнинг янги кўлами

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳажми, тармоқ таркиби, ишлаб чиқариш имкониятлари ва ташқи бозорлар билан алоқалари бугунгидан мутлақо бошқача эди. Ўтган 35 йил мобайнида иқтисодиёт нафақат миқдор жиҳатдан ўсди, балки унинг ички тузилиши ҳам сезиларли даражада ўзгарди.

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти жорий нархларда 1 849,7 триллион сўмни ташкил этди. Реал ҳажм нуқтаи назаридан қаралганда эса мамлакат иқтисодиёти 1991 йилдаги даражага нисбатан қарийб 4,8 бараварга, 2016 йилдаги кўрсаткичга нисбатан эса 1,7 бараварга ўсди.

2026 йилнинг биринчи ярми ҳам иқтисодий фаоллик юқори суръатда давом этаётганини кўрсатди. Январь–июнь ойларида ялпи ички маҳсулот
1 072,7 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан реал ҳисобда 8,5 фоизга ўсди. Иқтисодиёт тармоқларининг ялпи қўшилган қиймати таркибида хизматлар соҳаси 50,8 фоиз, саноат 26,5 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 15 фоиз, қурилиш эса 7,7 фоиз улушга эга бўлди.

Бу нисбатлар Ўзбекистон иқтисодиётида хизматлар ва саноатнинг ўрни тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Энди иқтисодий ўсишнинг мазмуни фақат ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки кўрсатилган хизматлар ҳажми билан эмас, балки меҳнат унумдорлиги, технологиялар даражаси, яратилаётган қўшилган қиймат ва иш ўринларининг сифати билан ҳам белгиланади.

Айни шу нуқтаи назардан 2030 йилгача ЯИМни 300 миллиард долларга етказиш вазифаси янги босқичнинг миқдорий марраси бўлиш билан бирга, иқтисодиётнинг сифат жиҳатидан ҳам янгиланишини тақозо этади.

Сармоя — келгуси ўсишнинг пойдевори

Иқтисодиётнинг узоқ муддатли ўсиши инвестициялар билан чамбарчас боғлиқ. Янги корхона, ишлаб чиқариш линияси, йўл, электр тармоғи, уй-жой, мактаб ёки шифохона — буларнинг барчаси аввало сармоя талаб қилади.

2025 йилда Ўзбекистонда асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 603,6 триллион сўмни ташкил этди. Реал ҳажм нуқтаи назаридан инвестициялар 1991 йилдаги даражага нисбатан 14,6 бараварга, 2016 йилдаги кўрсаткичга нисбатан эса қарийб 3,9 бараварга ошди.

Қурилиш соҳасида ҳам худди шундай катта ўзгариш кузатилади. Дастлабки маълумотларга кўра, 2025 йилда республикада 313,9 триллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Қурилиш ишларининг реал ҳажми 1991 йилга нисбатан 12,3 бараварга, 2016 йилдаги кўрсаткичга нисбатан эса 2,5 бараварга кўпайди.

Бу рақамлар ортида минглаб янги объектлар, ишлаб чиқариш қувватлари ва инфратузилма лойиҳалари турибди. Шу билан бирга, кейинги босқичда инвестиция ҳажмининг ўзи етарли кўрсаткич бўлиб қолмайди. Киритилган сармоя қанча янги маҳсулот яратди, нечта барқарор иш ўрни пайдо қилди, экспорт имкониятларини қай даражада кенгайтирди ва меҳнат унумдорлигига қандай таъсир кўрсатди — инвестиция самарадорлигини айнан шу натижалар белгилайди.

2030 йилгача ва ундан кейинги давр учун белгиланган кенг кўламли инвестиция вазифаларининг аҳамияти ҳам шунда. Капитал оқимини жалб қилиш билан бирга уни юқори технологик ва юқори қўшилган қиймат яратадиган соҳаларга йўналтириш иқтисодиётнинг янги моделини шакллантиришда ҳал қилувчи омил бўлади.

Дунё бозорига очилган иқтисодиёт

Ўзбекистон иқтисодиётида юз берган катта ўзгаришларни ташқи савдо кўрсаткичларида ҳам кўриш мумкин.

2025 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 82,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич 1991 йилдаги 3,3 миллиард долларга нисбатан қарийб 25 баравар, 2016 йилдаги 24,2 миллиард долларга нисбатан эса 3,4 баравар кўпайган. Шундан экспорт 34,25 миллиард, импорт эса 48,52 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Бугун Ўзбекистон дунёнинг 200 дан зиёд мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда.

Бироқ замонавий иқтисодиётда ташқи савдонинг умумий ҳажми билан чекланиб қолиш мумкин эмас. Мамлакат учун экспортда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушининг ортиши, ташқи бозорларга тайёр маҳсулот ва замонавий хизматлар билан чиқиш, экспорт географиясини кенгайтириш ва саноат кооперациясини кучайтириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

20,6 миллиондан 38 миллиондан зиёд аҳолигача

Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг демографик қиёфаси ҳам тубдан ўзгарди.

1991 йил бошида мамлакат доимий аҳолиси 20,6 миллион нафар эди. 2026 йил 1 январь ҳолатига жорий статистик ҳисоб бўйича аҳоли сони 38 миллион 236,7 минг нафарга етди. Яъни, ўтган 35 йилда Ўзбекистон аҳолиси қарийб 17,6 миллион нафарга кўпайди.

Бу ўзгариш мамлакат иқтисодиёти учун катта меҳнат ва истеъмол бозорини шакллантирди. Айни вақтда демографик ўсиш давлат ва жамият олдига янги вазифаларни ҳам қўйди. Миллионлаб янги фуқаролар учун таълим муассасалари, тиббий хизмат, уй-жой, транспорт, муҳандислик инфратузилмаси ва муносиб иш ўринларига эҳтиёж пайдо бўлди.

Аҳоли сони ошгани сари мамлакатнинг умумий иқтисодий кўрсаткичларини аҳоли жон бошига тўғри келадиган кўрсаткичлар билан бирга баҳолашнинг аҳамияти ҳам ортиб боради. Чунки иқтисодий тараққиётнинг энг муҳим натижаси унинг инсон ҳаётида қандай акс этаётгани билан белгиланади.

Таълимда кенгайган имкониятлар

Мустақиллик йилларида аҳолининг таълим олиш имкониятлари ҳам сезиларли даражада кенгайди.

1991/1992 ўқув йилида республикада 8 557 та, 2016/2017 ўқув йилида 9 719 та умумтаълим муассасаси фаолият юритган бўлса, 2025/2026 ўқув йили бошида уларнинг сони 11 118 тага етди.

Олий таълим соҳасидаги ўзгариш янада сезиларли. 2025/2026 ўқув йили бошида Ўзбекистонда олий таълим ташкилотлари сони филиаллар билан бирга 215 тага етди. Бу 1991/1992 ўқув йилидаги 52 тага нисбатан 4,1 баравар, 2016/2017 ўқув йилидаги 70 тага нисбатан эса 3,1 баравар кўп.

2025/2026 ўқув йили бошида олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган талабалар сони 1 миллион 535 минг нафарни ташкил этди. Бу 1991/1992 ўқув йилидаги 337,4 минг нафарга нисбатан қарийб 4,6 баравар, 2016/2017 ўқув йилидаги 268,3 минг нафарга нисбатан эса 5,7 бараварлик ўсиш демакдир.

Бу жараён доимо бир хил суръатда кечмаган. Айрим даврларда талабалар сони камайган, кейинги йилларда эса олий таълим қамрови жадал кенгайган. Бу ҳолатнинг ўзи ҳам узоқ муддатли статистиканинг аҳамиятини кўрсатади: у фақат бошланғич ва якуний натижани эмас, орадаги ўзгаришларни ҳам кўриш имконини беради.

Эндиликда таълим соҳасидаги асосий масала фақат ўқувчи ёки талабалар сони эмас. Таълим сифати, битирувчиларнинг касбий тайёргарлиги, меҳнат бозори талабларига мослиги ва илмий салоҳият янги босқичнинг муҳим мезонларига айланмоқда.

Президентнинг мустақиллик байрамидаги нутқида 6 ёшли болаларни тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш, техникумларда қамровни 1 миллион нафарга етказиш ҳамда камида ўнта университетни дунёнинг мингта етакчи олий таълим муассасаси қаторига олиб кириш бўйича мақсадлар ҳам билдирилди.

Демак, кейинги босқичда таълим статистикаси қамров билан бирга сифат ва натижадорликни ҳам янада кенгроқ акс эттириб бориши зарур бўлади.

Узоқ умр — турмуш сифатининг муҳим ўлчови

Жамият тараққиётини ифодаловчи энг муҳим демографик кўрсаткичлардан бири — туғилишда кутилаётган умр давомийлигидир.

1991 йилда Ўзбекистонда бу кўрсаткич 66,4 ёшни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб 75,4 ёшга етди. Яъни, ўртадаги фарқ 9 йилни ташкил қилди.

Бу кўрсаткич фақат соғлиқни сақлаш тизими фаолиятининг натижаси эмас. Унга аҳолининг турмуш шароити, овқатланиш сифати, даромадлари, меҳнат муҳити, тиббий профилактика, санитария, экология ва бошқа кўплаб омиллар таъсир кўрсатади.

Шу боис умр давомийлиги мамлакатдаги ижтимоий тараққиётни умумлашган ҳолда ифодалайдиган муҳим кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Давлат раҳбарининг нутқида келгуси беш йил мобайнида аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини ЯИМга нисбатан 5 фоизга етказиш вазифаси белгилангани ҳам соҳадаги натижаларни статистик жиҳатдан янада кенг баҳолашни тақозо этади.

Фаровонлик уй хўжаликларида ҳам кўринади

Йирик макроиқтисодий кўрсаткичлар мамлакат тараққиётининг умумий манзарасини беради. Лекин аҳоли турмуш шароитидаги ўзгаришларни кундалик ҳаётга яқин бўлган маълумотларда ҳам кўриш мумкин.

Масалан, 2010 йилда Ўзбекистонда бир кишига ўртача 15 квадрат метр уй-жой майдони тўғри келган бўлса, 2025 йилда мазкур кўрсаткич 19,2 квадрат метрга етган.

2010 йилда ҳар 100 та уй хўжалигига ўртача 21 та енгил автомобиль тўғри келган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 43 тага, 2025 йилда эса 61 тага етди. Яъни, 2025 йилда ҳар 100 та уй хўжалигига тўғри келадиган автомобиллар сони 2010 йилга нисбатан қарийб 2,9 баравар, 2016 йилга нисбатан эса 41,9 фоизга кўпайган.

Уй хўжаликларининг маиший техника билан таъминланганлигида ҳам ижобий динамика кузатилади. 2000 йилда ҳар 100 та уй хўжалигига ўртача 86 та совиткич ва музлатгич тўғри келган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг сони 124 тага етди. Бу аҳолининг узоқ муддат фойдаланиладиган маиший товарлар билан таъминланганлик даражаси йиллар давомида изчил ортиб борганини кўрсатади.

Рақамли технологияларнинг кундалик ҳаётга кириб бориши эса янада жадал кечди. 2010 йилда ҳар 100 та уй хўжалигига 145 та мобил телефон тўғри келган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 246 тага, 2025 йилда эса 359 тага етди. Демак, 2025 йилда мазкур кўрсаткич 2010 йилга нисбатан қарийб 2,5 баравар, 2016 йилга нисбатан эса 1,5 бараварга кўпайган.

Ахборот технологияларидан бевосита фойдаланиш имкониятлари ҳам кенгаймоқда. Уй хўжаликлари кузатуви маълумотларига кўра, 10 ёш ва ундан катта аҳоли орасида компьютердан фойдаланувчилар улуши 2017 йилда 49,1 фоиз бўлган бўлса, 2025 йилда 62,1 фоизга етди. Мобил телефондан фойдаланувчи 10 ёш ва ундан катта аҳоли улуши эса 2025 йилда 99,3 фоизга етди.

Албатта, алоҳида маиший кўрсаткич фаровонлик даражасини тўлиқ ифодаламайди. Лекин улар бошқа ижтимоий ва иқтисодий маълумотлар билан биргаликда аҳоли ҳаётида юз берган ўзгаришларнинг яна бир қиррасини очиб беради.

2026 йил: мамлакат ҳақидаги маълумотлар янгиланган йил

2026 йил Ўзбекистон миллий статистика тизими тарихида алоҳида ўрин тутади. Мустақил мамлакатимиз тарихида илк бор аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилиб, мамлакатнинг демографик ва аграр салоҳияти ҳақида кенг қамровли маълумотлар базасини шакллантириш учун мустаҳкам замин яратилди.

Рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра, 2026 йил 15 январь ҳолатига Ўзбекистон аҳолиси 39 миллион 47 минг 321 нафарни ташкил этди.

Мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида 8,2 миллиондан ортиқ объектнинг геолокация маълумотлари шакллантирилди.

Бу аҳоли пунктлари, турар жойлар, қишлоқ хўжалиги объектлари ва бошқа манзилли бирликларни аниқ жойлашуви бўйича ҳисобга олиш имконини берди. Энг муҳими, ушбу маълумотлар келгусида статистик кўрсаткичларни ҳудудлар кесимида янада аниқ шакллантириш ва таҳлил қилиш учун муҳим ахборот асоси бўлиб хизмат қилади.

Рўйхатга олишнинг аҳамияти аҳоли сонини аниқлаш билангина чекланмайди. У аҳолининг ёш ва жинс таркиби, ҳудудлар бўйича жойлашуви, яшаш шароити, бандлиги ва бошқа ижтимоий-демографик хусусиятлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ресурслари тўғрисидаги маълумотларни янгилаш имконини беради. Бу эса мамлакат ва унинг ҳар бир ҳудуди ҳақидаги статистик тасаввурни янада тўлиқ ва аниқ шакллантиришга хизмат қилади.

Рўйхатга олиш натижаларидан давлат ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш, инфратузилма объектларини жойлаштириш, мактаблар ва тиббиёт муассасаларига бўлган эҳтиёжни баҳолаш, бандлик ва ижтимоий ҳимоя чораларини манзилли режалаштириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилишда фойдаланиш мумкин. Бошқача айтганда, маълумот қанчалик аниқ ва батафсил бўлса, қабул қилинадиган қарорларнинг манзиллилиги ҳам шунчалик ортади.

Бу йўналишда навбатдаги муҳим қадамлар ҳам белгилаб берилган. Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ–190-сон Фармонида рўйхатга олиш натижаларидан самарали фойдаланиш, уларни бир марталик ахборот сифатида эмас, балки мунтазам янгиланиб борадиган статистик тизимни шакллантиришнинг муҳим манбаи сифатида қўллаш назарда тутилган. Хусусан, рўйхатга олиш натижалари асосида аҳолининг статистик регистри ҳамда қишлоқ хўжалигининг статистик регистрини шакллантириш, уларни тегишли давлат органларининг ахборот ресурслари билан уйғунлаштириш ва маълумотларни мунтазам янгилаб бориш вазифалари белгиланган.

Натижада рўйхатга олишда шаклланган катта ҳажмдаги маълумотлар муайян санани акс эттирувчи статистик маълумот бўлиб қолмай, аҳоли ва қишлоқ хўжалигидаги ўзгаришларни мунтазам кузатиш, ҳудудлар ривожини таҳлил қилиш ва келгуси эҳтиёжларни аниқроқ баҳолашга хизмат қиладиган доимий ахборот манбаига айланади.

Шу жиҳатдан 2026 йилги рўйхатга олиш — нафақат мамлакат ҳақидаги маълумотларни янгилаган йирик статистик тадбир, балки кейинги йилларда қарор қабул қилиш учун янги ва замонавий маълумотлар базасини шакллантирган муҳим босқич бўлди.

Статистика ҳам тараққиёт билан бирга ўзгармоқда

Жамият ва иқтисодиёт ўзгарган сари уларни ўлчайдиган статистика тизими ҳам янгиланиши табиий.

Президентнинг ПФ–190-сон Фармони билан “Статистикани ривожлантириш — 2030” миллий стратегияси тасдиқланди. Стратегия 2026–2030 йилларда расмий статистикани модернизация қилиш, миллий статистика тизими иштирокчилари фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, маълумотларнинг сифати, ишончлилиги ва очиқлигини ошириш ҳамда уларнинг фойдаланувчилар учун амалий аҳамиятини кучайтиришга қаратилган.

Замонавий статистика энди фақат корхона ва ташкилотлардан ҳисобот йиғишга таянмайди. Маъмурий маълумотлар, рақамли ахборот тизимлари, муқобил маълумот манбалари, геофазовий маълумотлар ва янги статистик усуллар тобора катта аҳамият касб этмоқда.

Бунинг сабаби ҳам аниқ: бугун иқтисодиёт ва жамиятдаги жараёнлар анча тез кечмоқда. Қарор қабул қилувчиларга ҳам, бизнесга ҳам, олимлар ва жамоатчиликка ҳам маълумотнинг фақат ишончли бўлиши эмас, балки ўз вақтида, тушунарли ва таққослаш учун қулай шаклда тақдим этилиши зарур.

SIAT очиқ маълумотлар платформаси, статистик жараёнларни рақамлаштириш, рўйхатга олиш натижаларидан самарали фойдаланиш ва турли ахборот манбаларини уйғунлаштиришга қаратилган ишлар ана шу ўзгаришларнинг бир қисмидир.

Бугун мамлакат ривожланишининг янги босқичида статистикага бўлган талаб ҳам ўзгармоқда.

Энди республика бўйича ўртача кўрсаткичнинг ўзи етарли эмас. Қайси ҳудудда аҳоли тез ўсмоқда? Қаерда янги мактабга эҳтиёж юқори? Қайси туманда иш ўринларига талаб кўпроқ? Қайси соҳада меҳнат унумдорлиги тезроқ ўсмоқда? Инвестициянинг қайси қисми юқори иқтисодий натижа бермоқда?

Бу саволларга жавоб қанчалик аниқ бўлса, қабул қилинадиган қарор ҳам шунчалик манзилли бўлади.

Шу боис статистиканинг бугунги вазифаси фақат натижани қайд этишдан иборат эмас. У давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва жамиятнинг реал эҳтиёжларини аниқ кўрсатиб берадиган ахборот инфратузилмасига айланиб бормоқда.

Мустақилликнинг ўттиз беш йиллик тарихига рақамлар орқали назар ташласак, ўзгаришларнинг кўлами яққол кўринади: аҳоли қарийб икки бараварга кўпайди, иқтисодиётнинг реал ҳажми бир неча баравар ўсди, инвестиция ва қурилиш имкониятлари кенгайди, ташқи савдо миқёси бутунлай янги даражага чиқди, олий таълимда талабалар сони 1,5 миллиондан ошди, умр давомийлиги сезиларли узайди.

Энг муҳими, бу натижалар энди янги вазифалар учун бошланғич нуқта вазифасини ўтайди.

2030 йил учун белгиланган мақсадлар мамлакатнинг кейинги тараққиёт даврига дахлдор. Уларнинг бажарилиши эса йилма-йил, тармоқма-тармоқ ва ҳудудма-ҳудуд аниқ статистик маълумотларда акс этиб боради.

Зеро, тараққиётнинг энг ишончли ўлчови — унинг инсон ҳаётидаги натижаси. Статистиканинг вазифаси эса ана шу натижани холис, аниқ ва тушунарли рақамларда кўрсатишдан иборат.

Б. Ҳамраев,

Миллий статистика қўмитаси раиси

ЎзА

Nashr sanasi 16.10.2026 Ko'rishlar 141
Ulashish