Сайлов тизимининг такомиллаштирилиши муносабати билан Конституция ва бир қатор қонунларга тузатишлар киритилди, деб хабар берди «Норма». Тузатишларнинг кўпи Сайлов кодекси кучга кирганлиги билан боғлиқ ва қонун ҳужжатларини унга мувофиқлаштиришга йўналтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 4 сентябрда имзоланган “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилиниши муносабати билан ва унинг нормаларини сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари билан бирхиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
Тегишли ўзгартишлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, конституциявий қонунларга, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига киритилган.
Жумладан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни норма билан тўлдирилиб, унга кўра фуқаролар йиғини халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари номзодлари бўйича тавсиялар тақдим этади, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиш учун участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тақдим этади, шунингдек сайлов комиссиясига ўз кузатувчиларини юборади.
Қонунчилик палатасида Экологик ҳаракат вакиллари учун депутатлар ўринларини квоталаш институти бекор қилиниши муносабати билан “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунларига тегишли ўзгартишлар киритилди.
Хусусан, Қонунда қуйидагилар акс эттирилган:
• оғир ва ўта оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайлов ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқи (Жиноят кодексининг 15-моддаси 2-3-қисмлари; Сайлов кодексининг 5-моддаси 3-қисмига қаранг). Шу тариқа, ҳозирда оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларгина фаол сайлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган (Жиноят кодексининг 15-моддаси 4-5-қисмларига қаранг);
• сайлов комиссиясининг янгиланган ваколатлари (Сайлов кодексининг 14, 20, 22, 24-моддаларига қаранг);
• сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати юритилиши (Сайлов кодексининг 28-моддасига қаранг);
• сайлов комиссияси ва референдум ўтказиш комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар (Сайлов кодексининг 25-моддаси 1-қисмига қаранг);
• сайловолди ташвиқотини олиб бориш қоидалари (Сайлов кодексининг 44-48-моддалари);
• овоз беришни ташкил қилиш ва ўтказиш тартиби – вақти ва жойи, бино ва хоналарни расмийлаштириш талаблари, сайлов комиссиялари ҳаракати, олдиндан овоз бериш механизмлари ва бошқалар (Сайлов кодексининг 49-58-моддалари).
Тузатишларнинг муайян қисми 2020 йил 1 январдан кучга киради. Ушбу ўзгартиришлар Ўзбекистон Экологик ҳаракатини қайта ташкил этиш билан боғлиқ – жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Экологик партияси рўйхатдан ўтказилган. Шу муносабат билан Экологик ҳаракат аъзолари учун квоталар ҳамда Парламент қуйи палатасида депутатлар гуруҳини ташкил этиш тартиби бекор қилинади.
Маълумот учун: “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг мамлакат сиёсий саҳнасида соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари учун белгиланган квотани бекор қилиш борасидаги 1.1.7-банди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўрсатиб ўтилган вазифалар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган.
Бундан мақсад мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган миллий сайлов қонунчилиги ва сайлов тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларини мувофиқлаштиришдир. Шу билан бирга Экологик ҳаракат учун белгиланган квотани бекор қилиш орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар номзодини илгари сурувчи субъектлар доирасини муқобиллаштириш ҳамда халқаро норма ва стандартларга мослаштиришдан иборат.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.09.2019
- Кўришлар: 6738
- Чоп этиш