11 сентябрь куни Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани ҳокимлигида мамлакатимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш мавзусида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокимлиги, Хотин-қизлар қўмитасининг туман бўлими, адлия ва соғлиқни сақлаш бўлимлари ходимлари иштирок этди.
Маълумки, шу ойнинг ўзида мамлакатимиз, айниқса, опа-сингилларимиз ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган иккита муҳим ҳужжат қабул қилинди. Булар – “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлардир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари ушбу қонунларнинг асосий жиҳатлари тўғрисида йиғилганларга атрофлича маълумот бердилар. Иккала қонун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ишлаб чиқилгани таъкидланди.
Ушбу қонунларни тайёрлашда Инсон ҳуқуқлари бўйичаЎзбекистон Республикаси Миллий маркази мутахассислари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Адлия вазирлиги вакиллари билан самарали фаолият олиб борган. Бунда давлатимиз раҳбарининг халқаро талаблар доирасида хотин-қизлар аҳволини тубдан яхшилашга доир қонун ижодкорлиги фаолиятида фаоллик ва ташаббускорликни оширишга қаратилган даъвати дастуриламал бўлган.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун ҳақида сўз борганда, мамлакатимизда хотин-қизларнинг турмуш тарзини яхшилаш, уларнинг жамият ҳаётининг барча жабҳаларида иштирок этиши учун шароит яратиш, оналик ва болаликнинг ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ҳимоя қилинишини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий кафолатлари мавжуд эканини қайд этиш лозим.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида Олий Мажлис Сенатида янги қўмита – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузилди. Ўз навбатида, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани гендер тенгликни таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам ҳисобланади.
Ўз навбатида, “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Шу жумладан, ушбу қонунда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик, тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилишни, шунингдек жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай намоён бўлишига муросасиз муносабат муҳитини қарор топтиришни назарда тутувчи процессуал кафолатларни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрсатилган.
Хорижий тажрибани ўрганиш ҳозирда зўравонликка, хусусан маиший зўравонликка, хотин-қизларга нисбатан қўлланиладиган тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш муаммосига катта эътибор берилаётганидан дарак бермоқда. Бу масалани тартибга соладиган махсус қонунлар 120 дан ортиқ мамлакатда қабул қилинган.
Тадбирда ҳар икки қонун орқали миллий қонунчиликка киритилган янги тушунча ва институтлар, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти ниститутлари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари ҳақида ҳам сўз борди. Шунингдек, хотин қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонунда белгиланган чора-тадбирларни амалда қўллаш механизмлари муҳокама қилинди.
Мулоқотлар давомида ушбу қонунлар билан аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларининг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилгани, қонуний кафолатлари мустаҳкамлангани эътироф этилди. Айни чоғда, жамият олдида бу борада янада муҳим вазифа турганига эътибор қаратилди. У ҳам бўлса, мазкур қонунларнинг устуворлиги ва тўлиқ ижросини таъминлашдир.
Ўткир Очилов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги
таълим ва маърифат бўлими мутахассиси
- Қўшилди: 13.09.2019
- Кўришлар: 7162
- Чоп этиш