“Ёпиқ муассасалар ва озодликдан маҳрум этиш жойлари мониторинги” мавзусидаги тренинг машғулотлари давом этмоқда.
БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси раиси ўринбосари Виктор Захария олиб борган навбатдаги машғулот қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини тақиқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш борасида барвақт мониторинг жорий этиш, шунингдек, озодликдан маҳрум этиш муассасаларида мониторинг ўтказиш ва қийноқларнинг олдини олиш бўйича хорижий амалиёт таҳлилига бағишланди.
Виктор Захария қайд этганидек, дунёдаги ҳар қандай қамоқхонада ҳам муайян муаммолар учраб туриши табиийдир. Шу омилнинг ўзи бундай муассасаларда мустақил равишда превентив, яъни барвақт мониторинг олиб боришни тақозо этади.
Миллий превентив механизм - МПМлар мазкур вазифа билан бевосита шуғулланади. МПМ мавжуд назорат тизимини алмаштириши эмас, балки тўлдириши керак. МПМнинг ташкил этилиши бу соҳада бошқа қўшимча тизимлар тузишга ёки уларнинг фаолият юритишига халал бермаслиги зарур.
БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси раиси ўринбосари МПМга қўйиладиган энг оз талабларни санаб ўтди. Ушбу минимал талаблар қаторига мустақиллик; молия, логистика ва мутахассислар масаласида етарлича ресурслар билан таъминланганлик; ўз ваколатини бажариш учун тақозо этиладиган зарур тажриба ва турлича ёндашувларни қўллаш лаёқати; тегишли ваколат ва кафолатларга эга бўлиш, хусусан, озодликдан маҳрум этиш жойларига кириш, зарур ахборотларни олиш ва керакли шахслар билан учрашишга доир фаолиятни монеликларсиз уддалаш; имтиёз ва иммунитетлар, яъни санкциялардан ҳимояланганлик ва ахборот махфийлигидан фойдаланиш масалалари киради.
Виктор Захариянинг таъкидлашича, МПМ чақирилган жойга шошилиб борадиган "Тез ёрдам" машинасига айланиб қолмаслиги керак. Аксинча, ушбу тизим бундай тезкор "чақириш"ларга сабаб бўладиган муаммолар юзага келишидан олдин ўша жойда барвақт мониторинг олиб бориши лозим. Бинобарин, муаммо борлиги ҳақида шикоят йўқлигининг ўзи ҳам муаммодир.
Моҳиятан ёндашганда, МПМ фаолияти - бу фақат қамоқхоналардаги камчиликларни фош этиш ва танқид қилиш дегани эмас. Балки бу борадаги фаолият шундай жойларда сақланаётган шахсларнинг ҳаёти яхшиланишига имкон қадар ҳисса қўшишдан иборатдир.
Шу боис МПМ давлат органлари билан доимий равишда амалий мулоқотни йўлга қўйиши керак бўлади. Бунда, албатта, мониторинг якунлари бўйича тайёрланган ҳисоботга асосланиб иш олиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистонда айни йўналишдаги мониторинг тизими қанчалик ривожланган? Куннинг иккинчи ярмидаги машғулотни олиб борган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев шу ҳақда сўз юритди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, Марказ жазони ижро этиш муассасалари, қамоқхоналар ва махсус ҳибсхоналарни монеликсиз кириб кўриш ҳуқуқига эга ҳисобланади, деди М.Тиллабоев. - Бу Марказга берилган яна бир муҳим ваколатдир.
Бугунги кунда мамлакатимизда учта ташкилот миллий превентив механизм ваколатларига эга. Булар - Омбудсман, Бизнес-омбудсман ва Миллий марказ саналади.
Кейинги даврда шундай муҳим превентив механизмлар орқали мамлакатда маҳбусларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятлари тубдан кенгайди. Бу соҳада янги қонун ҳужжатлари янада катта аҳамият касб этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алия Юнусова шу ҳақда атрофлича тўхталди. Парламент вакили 2019 йил 14 мартда қабул қилинган "Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонуннинг долзарблигига эътибор қаратди.
Қонуннинг 20-9-моддасида Вакил, яъни Омбудсманнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятига доир нормалар қайд этилган.
Хусусан, ушбу модданинг биринчи бандига кўра, "Вакил қамоқда сақлаш жойларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради".
БМТ ва ЕХҲТ халқаро экспертлари, шунингдек, Буюк Британия ва Ўзбекистоннинг ушбу соҳа бўйича малакали мутахассислари олиб бораётган машғулотлардан кўзланган мақсад, биринчидан, мазкур соҳа бўйича миллий мутахассисларнинг зарур билимларни эгаллашига, иккинчидан, уларнинг бу борада орттирган кўникмаларини амалиётда қўллашига, учинчидан, ушбу билим ва кўникмалардан миллий қонунчиликни такомиллаштиришда фойдаланишга кўмаклашишдан иборат.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.09.2019
- Кўришлар: 6066
- Чоп этиш