БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 22 февралдан иш бошлайди

Ўзбекистон илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси сифатида 2021 йил 1 январдан ўз вазифаларини бажаришга киришди.

Шу йил 22 февралдан – 23 мартгача Женева шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 46-сессияси бўлиб ўтади.

Баҳорги сессия доирасида ҳар йили бир марта Юқори даражадаги сегмент мажлиси ўтказилади. Жорий йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессияси Юқори даражадаги сегментининг мажлиси 22-24 февраль кунлари ўтказилади.

Сегмент мажлисидан кўзланган мақсад – дунё мамлакатларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш,  шунингдек  ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш механизмлари ва тартиб-таомилларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини юқори сиёсий даражада муҳокама қилишдан иборат.

Юқори даражадаги сегмент Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг йил давомидаги энг асосий сиёсий тадбири ҳисобланади. Мазкур Сегмент БМТга аъзо мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш масалалари бўйича умумий ва ўзаро мутаносиб ёндашувларини ишлаб чиқиш ва келишиб олиш механизми сифатида тузилган.

Ҳар йили Юқори даражадаги сегмент мажлисида давлат бошлиқлари ва ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар намояндаларидан иборат турли мамлакатлар делегациялари, бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этади.

 

Маълумот учун: БМТ Бош Ассамблеясининг 2006 йил 15 мартдаги 60/251-сон резолюциясига мувофиқ, илгари фаолият юритиб келган Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия ўрнига БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ташкил этилган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг бош вазифаси – эркинлик, қонун устуворлиги ва адолатни тарғиб қилишдир. Шунингдек, Кенгаш жаҳон бўйлаб бу борадаги вазиятни назорат қилиб, ҳукуматларга кўрсатма ва тавсиялар бериб боради.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши БМТ Бош Ассамблеясининг органи бўлиб, ўз мажлисларини мунтазам, йилида камида уч марта – март, июнь ва сентябрь ойларида ўтказади. Ушбу сессиялардан бири асосийси саналади ва унинг иши ўн ҳафта давом этади. Кенгаш аъзоларининг учдан бир қисми талаби асосида, жумладан, муайян мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ташвишли аҳволни ўрганиш мақсадида махсус фавқулодда сессиялар ҳам чақирилиши мумкин.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Кенгаш учун котибият вазифасини бажаради.

Бош  Ассамблеянинг 60/251-резолюцияси 7-бандига мувофиқ, "Кенгаш таркибига 47 та аъзо-давлат киради ва уларнинг ҳар бири Бош  Ассамблеянинг кўпчилик аъзолари томонидан бевосита яширин овоз бериш йўли билан сайланади".

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш йил давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида эътибор қаратишни талаб этадиган барча масалалар ва вазиятларни муҳокама қилиш ваколатига эга. Кенгаш фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар билан бир қаторда, ривожланишга бўлган ҳуқуқ таъминланишига ҳам бирдек эътибор қаратади, шунингдек давлатларга техник кўмак кўрсатади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech