БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Б.Мирбобоев билан учрашди.
БМТ Махсус маърузачиси Конституциявий судлар ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш борасида катта аҳамият касб этишини қайд этди. Унинг сўзларига қараганда, “Бугунги кунда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида Конституциявий суд муҳим ўрин тутадиган мамлакатлар сони кўпайиб бормоқда”.
Диего Гарсия-Саян, шунингдек, “Хабеас корпус” тартиб-таомилларини қўллаш борасида мавжуд механизмлар билан қизиқди. Аксарият мамлакатларда “Хабеас корпус” тартиб-таомиллари доирасида оддий фуқаролар Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади.
Бинобарин, “фуқароларга ушбу судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиши жуда муҳим”, деди БМТ Махсус маърузачиси. Шу нуқтаи назардан, “Конституциявий суд тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 25-моддасига тегишли тузатиш киритилиши мақсадга мувофиқ эканига эътибор қаратилди.
Учрашувда миллий қонунчиликни халқаро шартномаларга янада мувофиқлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Д.Гарсия-Саяннинг фикрича, бу жараён халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилиш амалиёти билан биргаликда амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир.
БМТ Махсус маърузачиси миллий қонунчиликнинг халқаро ҳуқук нормалари устунлиги белгиланган қоидаларини аниқлаштиришни тавсия этди. Бунда дунёнинг аксарият мамлакатлари қонунчилигида халқаро ҳуқуқнинг миллий ҳуқуқдан устуворлигига доир қатъий нормалар ўз аксини топгани билан боғлиқ илғор тажрибага таяниш лозим.
Ўз навбатида, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг инсон ҳуқуқлари бўйича ходими Стефано Сэнси Ўзбекистонда Конституциявий суд судьяларини сайлаш тартиб-таомиллари билан қизиқди. “Президент кўрсатилган номзодларнинг судьяликка сайланишини асосли равишда рад этиш ваколатига эга экани диққатга лойиқ”, деди С. Сэнси.
Мулоқотлар давомида мамлакатда давлат ҳокимияти тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асослангани ҳамда давлат ҳокимиятининг ушбу тармоқлари ўртасида зарур мувозанат ва тийиб туриш тизими мавжудлиги ижобий баҳоланди. Бунда давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаш ниҳоятда муҳимдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.09.2019
- Кўришлар: 5767
- Чоп этиш