Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи йиғилишида Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 22 июль куни қабул қилинган “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар бермоқда.
Миллий иқтисодиёт самарадорлигининг асосини табиий ва меҳнат ресурслари қаторида мамлакатнинг илмий-техникавий салоҳияти ҳам ташкил этади. Жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилаётгани илмий фаолиятнинг аҳамиятини янада оширди.
Олий таълим муассасаларида 26 476 нафар профессор ва ўқитувчи фаолият юритмоқда, уларнинг 9 636 нафари илмий даражаларга эга. 2018-2019 йилларда 1 382 нафар тадқиқотчи диссертация ҳимоя қилган. Бироқ соҳада мавжуд камчилик ва муаммолар, аввало, унинг қонунчилик негизини янгилаш ва мустаҳкамлашни тақозо этмоқда.
“Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонун бу йўналишда қўйиладиган муҳим қадам бўлиши лозим.
Ҳужжатда соҳадаги фаолиятнинг:
- илмий ижод ва ахборот эркинлиги;
- самарадорлик, манфаатдорлик ва рағбатлантириш;
- холис илмий экспертиза;
- инсон ҳаёти ва саломатлигига зарар етказмаслик каби асосий тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Соҳанинг асосий йўналишлари қаторида илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантириш орқали миллий иқтисодиёт рақобатбардошлиги ва самарадорлигига эришиш, унинг устувор йўналишларини белгилаш ва ресурсларни мақсадли йўналтириш, давлат илмий дастурларини ишлаб чиқиш, асослантирилган ташаббус ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш каби мақсадлар қайд этилмоқда.
Қонунда илм-фан ва илмий фаолият соҳасида давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш, илм-фанга интилиш ва унинг жозибадорлик муҳитини шакллантириш, ёшларни илмий фаолиятга жалб этиш, ёш истеъдод эгаларини тайёрлаб бориш каби йўналишларга ҳам урғу берилмоқда.
Манба: kun.uz
- Қўшилди: 12.08.2019
- Кўришлар: 7247
- Чоп этиш