Гендер тенглик – барқарор тараққиёт омили

Мамлакатимизда гендер тенгликка доир турли форумлар, анжуманлар, ижтимоий-маърифий лойиҳалар ўтказилмоқда.

Самарқанд мезбoнлик қилаётган ЮНЕСКO Бoш кoнференциясининг 43-сессияси дoирасида жoрий йилнинг 4 нoябрь куни гендер тенглигини кўп тoмoнлама ҳамкoрлик oрқали ривoжлантириш масалаларига бағишланган йирик xалқарo тадбир бўлиб ўтди.  

Унга Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Республика “Оқила қизлар” ҳаракати, “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти, ЮНЕСКО ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари, турли жабҳаларда илмий изланишлар олиб бораётган олима аёллар, медиа тузилмаларнинг ходимлари иштирок этди.  

ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, ЮНЕСКОнинг гендер тенглик бўйича департаменти директори Бегонья Ласагабастер ва бошқалар гендер тенгликни таъминлаш жаҳон миқёсидаги долзарб масалалардан эканини эътироф этди.  

–Гендер тенглиги, аёллар ҳуқуқлари бўйича халқаро миқёсда кўплаб ютуқларга эришилган бўлса-да, лекин ҳали бу борада кўплаб ҳал этилиши керак бўлган ишларни таълим даргоҳларидан, синфхонларидан бошлаш керак, деб ўйлайман, – деди ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле. – Бу борада кўпроқ натижага эришиш учун онгларни, дунёқарашни, гендер тафовутларни, эскича қараш ва  қолипларни ўзгартириш керак. Сир эмаски, бугунги кунда компьютер технологиялари соҳасида иқтидорини намойиш этаётган қизлар 10 фоизни ташкил этади. Айни пайтда ушбу йўналиш, илм-фан, сунъий интеллект соҳаларида қизларнинг билимларини бойитиш, иқтидорини намойиш этиши учун янада кўпроқ имконият яратиш керак.  

–  Ўзбекистонда хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга оид 100 га яқин ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган, – деди Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова. – Мамлакатимизда аёлларнинг таълим, меҳнат, тадбиркорлик ҳуқуқларини ҳимоялашга оид кўплаб ташаббуслар илгари сурилмоқда. Оила, хотин-қизларни ижтимоий ҳимоялаш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги амалий эътибор натижасида, қизларни таълимга қамраб олиш, олима аёллар учун кенг имкониятлар яратиш масаласига ижобий ютуқларга эришилмоқда.

Тадбирда ЮНЕСКО мукофотига эришган бир қатор олима аёллар ўз муваффақиятларини қўлга киритиш йўлидаги тўсиқларни қандай баратараф этганларига оид тажрибалари билан ўроқлашди.  

Ҳамкорликда гендер тенгликни таъминлаш юзасидан амалий режалар белгилаб олинди.

Тадбир доирасида қадимда Турон заминида яшаб ўтган етакчи аёлларнинг тарихда тутган ўрни ва мавқеига бағишланган “Аёл. Тарих. Тамаддун” номли китоб-альбомнинг тақдимоти бўлиб ўтди.  

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech