Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Олий Мажлис Сенатида “Гендер тенглик ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтиришнинг устувор вазифалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбати БМТнинг 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш кун тартибида белгиланган 5-мақсад – гендер тенгликка эришиш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига бағишланди.

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий ва институционал асослари мустаҳкамланиб бормоқда. Янги таҳрирдаги Конституцияда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатланган.

Шунингдек, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилиниб, хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимоясига қаратилган механизмлар кучайтирилди.

2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси доирасида ҳам давлат органлари, маҳаллий Кенгашлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Муҳокамаларда хотин-қизларнинг парламент ва маҳаллий Кенгашлар фаолиятидаги иштироки ортиб бораётгани, қизларнинг олий таълим билан қамрови кенгайгани қайд этилди. Шунингдек, аёлларнинг тадбиркорлик, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларидаги фаоллиги тобора кучайиб бораётгани таъкидланди.

Давра суҳбатида Сенат аъзолари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда маънавият ва маърифат соҳаси вакиллари маърузалар билан иштирок этди.

Уларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтириш, қизларнинг таълим олиши ва етакчилик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг 5-мақсадини амалга ошириш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш ҳамда жамиятдаги гендер стереотипларини бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар, шунингдек, фикр алмашилди, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини янада кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Nashr sanasi 20.08.2026 Ko'rishlar 104
Ulashish