Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Бухорода “Отабой Эшонов ўқишлари” республика илмий-амалий конференцияси бўлди

24 ноябрь куни Бухоро давлат университетида “Янги Ўзбекистон Конституцияси: замонавий конституцияшунослик, инсон ҳуқуқлари ва миллий давлатчилик тараққиёти” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 34 йиллиги ҳамда таниқли ҳуқуқшунос олим, академик Отабой Эшонов таваллудининг 110 йиллигига бағишланди.

Илмий анжуман Бухоро давлат университети, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Конференцияда асосий эътибор янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини илмий-назарий жиҳатдан ўрганиш, замонавий конституцияшуносликнинг долзарб масалаларини таҳлил қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалаларига қаратилди. Шунингдек, миллий давлатчилик тараққиёти ва ўзбек ҳуқуқшунослик мактабининг бой илмий меросини чуқур тадқиқ этиш алоҳида диққат марказида бўлди.

Анжуманнинг очилишида Бухоро давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, профессор Камолиддин Самиев очар экан, айни конференциянинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва илмий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган икки тарихий санага бағишланганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, мазкур тадбирнинг илмий, маърифий ва маънавий аҳамияти ҳақида сўз юритиб, конференцияни ташкил этишда яқиндан ҳамкорлик қилган ташкилотларга миннатдорлик билдирди.

Конференцияда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов сўзга чиқиб, Бухоронинг мамлакатимиз илм-фани, маданияти ва миллий давлатчилиги тарихида тутган ўрни, бухоролик олим ва мутафаккирларнинг бой илмий-маънавий мероси ҳақида атрофлича сўзлади. Танқли ҳуқуқшунос ушбу қадимий заминнинг илм-фан ва маърифат ривожига қўшган ҳиссаси, Бухоро зиёлиларининг миллий давлатчилик ва ҳуқуқий тафаккур тараққиётидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратди.

Академик Отабой Эшонов сингари етук ҳуқуқшунос олимларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, уларнинг илмий анъаналарини давом эттириш ва келажак авлодга етказиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканлиги таъкидланди. Бу борада устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлаш, ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишларини рағбатлантириш ҳамда ҳуқуқшунослик соҳасида илмий мактаблар фаолиятини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади.

Академик А. Саидов “Отабой Эшонов ўқишлари” республика илмий-амалий конференциясини ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Мазкур ташаббус атоқли ҳуқуқшунос олимнинг илмий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб этиш, соҳа олимлари ўртасида илмий мулоқотни ривожлантириш ҳамда ёш авлоднинг ҳуқуқий билим ва тафаккурини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида эътироф этилган. Ўзбекистоннинг ҳуқуқий, ижтимоий, демократик ва дунёвий давлат сифатида белгиланиши мамлакатимиз тараққиётининг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлади.

Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бевосита амал қилиши, давлат органлари фаолиятининг инсон манфаатларига хизмат қилиши, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган нормаларнинг мустаҳкамланиши замонавий конституцияшунослик олдига янги илмий ва амалий вазифаларни қўймоқда. Бугунги кунда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, конституциявий қадриятларни жамият ҳаётига кенг татбиқ этиш борасида илмий ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Шу маънода, “Отабой Эшонов ўқишлари” илмий анжуманининг анъанавий тарзда ўтказилиши келгусида миллий ҳуқуқшунослик мактабининг бой илмий меросини асраб-авайлаш, конституциявий ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш, олимлар ва ёш тадқиқотчилар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда илм-фан ва амалиёт интеграциясини мустаҳкамлаш учун самарали илмий мулоқот майдонига айланиши мумкин.

Анжуман якунида иштирокчилар эътироф этганларидек, мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг жамият ва давлат ҳаётидаги беқиёс аҳамиятини кенг тарғиб этиш, инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, миллий давлатчилик анъаналарини чуқур ўрганиш ҳамда ўзбек ҳуқуқшунослик илмининг бой меросини келажак авлодга етказишга қаратилган муҳим илмий-маърифий тадбир бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 26.11.2026 Ko'rishlar 15
Ulashish