DGB ҳисоб-китобларига кўра, умумий зарарнинг энг катта қисми — 35 млрд евро ходимлар ҳиссасига тўғри келади. Бу маблағ ишчиларга қонунда белгиланган минимал иш ҳақи тўлиқ тўланмагани натижасида юзага келган.

Яна 22 млрд евро ижтимоий суғурта жамғармалари томонидан йўқотилган. Ходимларга расман тўланиши лозим бўлган иш ҳақи камайтириб кўрсатилиши ёки тўлиқ тўланмаслиги натижасида ижтимоий суғурта тизимига ҳам етарли миқдорда бадаллар келиб тушмаган.

Бундан ташқари, Германия солиқ органлари 7 млрд евро миқдорида даромад солиғини ололмаган.

Касаба уюшмалари бирлашмаси айрим ҳолатларда бундай молиявий йўқотишлар иш берувчиларнинг қонунда белгиланган мажбуриятларни бажармаслиги билан боғлиқ жиноий хатти-ҳаракатлар натижаси эканини таъкидлаган.

Ҳар соат учун 2,40 еврогача кам тўланган

Таҳлил ходимлар ўртасида ўтказилган сўров натижасида олинган иш вақти ва даромадлар ҳақидаги маълумотларга асосланган.

DGB маълумотларига кўра, Германияда қонуний минимал иш ҳақи жорий этилган 2015 йилдан буён ҳар йили ўртача 2 млн нафарга яқин ходим белгиланган миқдордан кам иш ҳақи олган.

Бундай ходимларга ҳар бир иш соати учун ўртача 1,70 евродан 2,40 еврогача кам ҳақ тўланган.

Натижада ходимлар нафақат жорий даромадининг бир қисмидан маҳрум бўлган, балки улар учун тўланадиган ижтимоий суғурта бадаллари ҳам камайган. Бу эса ижтимоий суғурта жамғармалари тушумларига ҳам таъсир кўрсатган.

Минимал иш ҳақи соатига 13,90 евро

Матнда келтирилишича, Германияда қонун билан белгиланган минимал иш ҳақи ҳозирда соатига 13,90 еврони ташкил этади.

Ушбу миқдорни фақат қонунда назарда тутилган айрим истисно ҳолатлардагина камайтириш мумкин. Хусусан, баъзи амалиёт ўтовчилар учун алоҳида қоидалар амал қилиши мумкин.

DGB таҳлилига кўра, минимал иш ҳақи талабларини четлаб ўтиш фақат ходимларнинг шахсий даромадига эмас, балки давлат бюджети ва ижтимоий суғурта тизимига ҳам миллиардлаб евро миқдорида молиявий йўқотиш келтириб чиқарган.

Kun.uz