Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.

Ушбу ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, таҳлилий доиралар учрашувлари, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда бошқа тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.

Ўзаро савдо ҳажми барқарор суръатда ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Сўнгги беш йилда бу кўрсаткич қарийб 3 баробар ошиб, ўтган йил якунига кўра салкам 1 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг ортда қолган даврида унинг ҳажми яна 30 фоизга ошди. 360 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Етакчилар куни кеча ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ ҳаракатлар келишиб олингани ҳамда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, енгил саноат, мебелсозлик ва саноатнинг бошқа тармоқларида янги кооперация лойиҳаларидан иборат чора-тадбирлар режаси қабул қилинганини олқишладилар.

Ўзбекистон тинч атомдан фойдаланиш ва шу соҳада инфратузилмани барпо этиш борасидаги тажрибани алмашишдан манфаатдор экани билдирилди.

Кеча Минск шаҳрида бўлиб ўтган учинчи Ўзбекистон-Беларусь ҳудудлараро форумининг самарали натижалари алоҳида эътироф этилди. Унинг якунида савдо шартномалари ва инвестиция битимларининг салмоқли тўплами имзоланди.

Томонлар халқаро тузилмалар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга қатъий интилишларини тасдиқладилар.

Фаол маданий-гуманитар алмашинувни изчил давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларусь дўстлиги хиёбонини барпо этиш ташаббуси учун Александр Лукашенкога миннатдорлик билдирди.

Жорий йил охирига қадар қўшма туризм, тиббиёт ва таълим форумларини ташкил этишга келишиб олинди.

Йиғилиш давомида қўшма Ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг ҳисоботлари ҳамда музокаралар кун тартиби юзасидан аниқ таклифлари ҳам тингланди.

Якунда Президент Шавкат Мирзиёев ҳамкасби Александр Лукашенкога расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишни таклиф этди.

“Yangi Oʻzbekiston” va “Pravda Vostoka” gazetalari tahririyati