Кейинги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбек тилининг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани қайд этилди.

Қонун билан “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топишини назарда тутувчи тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, янги таҳрирдаги алифбога ўтиш жараёнида фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олиш мақсадида Қонун кучга киргунига қадар амалдаги алифбо асосида расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг муомалада бўлишига тўсқинлик қилинмаслиги белгиланмоқда. Давлат органлари ва ташкилотларининг айрим рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичлардан эса улар яроқсиз ҳолатга келгунига қадар ёки белгиланган муддатгача фойдаланишга рухсат берилади.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидаларини такомиллаштириш, давлат тилидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, ўзбек тилини рақамлаштириш жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

“Yangi Oʻzbekiston” va “Pravda Vostoka” gazetalari tahririyati