ХАЛҚНИНГ БАХТЛИ ҲАЁТИ– ИНСОННИНГ ЭНГ УЛУҒ ҲУҚУҚИДИР!
“Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича тўртинчи форуми тафсилотлари
Жорий йил 14 май куни Тошкент шаҳрида Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги эксперт, илмий, давлат ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича тўртинчи форуми бўлиб ўтди. Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ташкил этилаётгани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, адолатли жамият қуриш ва давлат бошқарувини такомиллаштириш масалалари мустақиллик йилларида мамлакатимиз тараққиётининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.
Бугунги глобаллашув ва рақамлашув шароитида инсон ҳуқуқлари масаласи фақат бир давлат доирасида эмас, балки минтақавий ва халқаро ҳамкорлик даражасида ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масалага айланди. Шу нуқтаи назардан, “Хитой – Марказий Осиё” форматидаги мулоқотлар давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва инсон қадрини улуғлашга хизмат қиладиган умумий механизмларни ишлаб чиқиш учун муҳим майдон вазифасини бажаради.
Бизнинг фикримизча, инсон ҳуқуқларини таъминлаш фақат ҳуқуқий нормалар қабул қилиш билан чекланиб қолмаслиги керак. Энг муҳими - ушбу ҳуқуқларнинг амалда таъминланиши, ҳар бир инсон ўзини ҳимояланган ва қадрли ҳис қилиши ҳисобланади. Айниқса, ёшлар ҳуқуқлари, таълим олиш имкониятлари, гендер тенглик, экологик хавфсизлик ва рақамли ҳуқуқлар каби масалалар бугунги кунда алоҳида эътибор талаб этади. Чунки замонавий тараққиёт нафақат иқтисодий ўсиш, балки инсон манфаатларини таъминлаш билан ҳам баҳоланади. Ҳар бир маърузаларда,“қилишимиз керак”,“таклиф берардик”деган сўзларни тинглаб, минтақада инсон ҳуқуқлари соҳасида келгусида яна кўплаб ишлар бажарилишини билиш мумкин. Хитой давлат ҳам ушбу форумда ташаббускор давлат сифатида фаол иштирок этди. Форум мобайнида бир неча олимлар билан суҳбат қурдик. Хитой ижтимоий фанлар академияси Халқаро ҳуқуқ институти директори, олим Лю Хуавэньнинг фикрлари мени жуда мамнун этди. “Тўғриси юртингиз ҳақида кўп эшитганман. Ўзбекистоннинг юридик таълим тизими ҳам эътиборли масала. Нутқимда инсон ҳуқуқларини сиёсийлаштириш масласини илгари сурдим. Бизда бир неча кемтиклар мавжуд. Ривожланиш ҳуқуқини тадқиқ этмоғимиз лозим. Форумнинг асосий мақсадларидан бири“Халқнинг бахтли хаёти-энг олий ҳуқуқдир”дейди олим.
Олимнинг ушбу фикрларини тинглар эканмиз, сўнгги йилларда юртимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини ҳис қилиш мумкин. Инсон қадрини улуғлаш тамойили - давлат сиёсатининг марказига айланиб, суд-ҳуқуқ тизими, сўз эркинлиги, фуқаролик жамияти институтлари ва аҳолининг ижтимоий ҳимояси соҳаларида катта ўзгаришлар кузатилмоқда. Бу жараёнларда халқаро ҳамкорлик ва хорижий тажрибани ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик инсон ҳуқуқлари соҳасида янги ёндашувлар ва амалий механизмларни шакллантиришга хизмат қилиши мумкин.
Форумнинг яна бир муҳим жиҳати — унда нафақат давлат органлари,намоёндалар балки олимлар, экспертлар ва бизнес вакилларининг ҳам иштирок этаётганидир. Чунки инсон ҳуқуқлари фақат ҳуқуқшунослар муҳокама қиладиган мавзу эмас. Бу иқтисод, таълим, технология, экология ва маданият билан чамбарчас боғлиқ бўлган комплекс тушунчадир. Масалан, рақамли технологияларнинг ривожланиши инсон ҳуқуқлари соҳасида янги имкониятлар билан бирга муайян хавфларни ҳам келтириб чиқармоқда. Шу боис, сунъий интеллект, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва киберхавфсизлик каби йўналишларда ҳам давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарур. Форум ташкилотчилари – Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази эришилган натижаларни умумлаштириб, қуйидаги ташаббусларни илгари сурдилар.
- БМТнинг Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 40 йиллиги муносабати билан тараққиёт инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг калити эканини, тараққиёт ҳуқуқи эса инсоннинг асосий ҳуқуқи эканини яна бир бор таъкидлаш лозим. Ҳамкорлик орқали ривожланишни ишонч билан рағбатлантириш ва ривожланиш орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиётга кўмаклашиш, “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг Марказий Осиё мамлакатлари тараққиёт стратегиялари билан уйғунлигини янада кучайтириш, Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликнинг юксак сифатли ривожланишини рағбатлантириш ҳамда инсон ҳуқуқларини амалга ошириш учун янада мустаҳкам пойдевор яратиш зарур.
- “Халқнинг бахтли ҳаёти инсоннинг энг улуғ ҳуқуқидир” деган концепцияга амал қилиш. Олти мамлакат халқларининг гўзал ҳаётга интилишларига мувофиқ, аҳоли фаровонлигини ошириш ва турмуш даражасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш, қишлоқ хўжалиги, транспорт, “яшил” энергетика, таълим, тиббий хизмат кўрсатиш, бандлик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашиш, аҳолининг ҳаёт сифатини узлуксиз яхшилаб, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янги босқичга олиб чиқиш лозим.
- Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари умумий чегарага эга эканини ҳамда тақдири муштараклигини аниқ англаб етиш; экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқлим ўзгаришига биргаликда чора кўриш, биохилма-хилликни асраш, “яшил” ва кам углеродли ривожланишга кўмаклашиш, яшил тоғлар ва мовий сувларни асраш, гўзал умумий уйимизни барпо этиш, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш, шунингдек, глобал барқарор ривожланишга фаол ҳисса қўшиш керак.
- Илмий-техника инқилоби ва саноат ўзгаришлари очиб бераётган янги имкониятлардан биргаликда фойдаланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун рақамли интеллектуал технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ янги вазифаларга муносиб жавоб қайтариш. Асосий эътиборни “инсон ҳамма нарсадан устун” деган тамойилга қаратиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни рағбатлантириш, рақамли тафовутни қисқартириш, рақамли ва интеллектуал технологияларни инсон манфаатларига йўналтириш, янги ахборот технологиялари ва сунъий интеллектни қўллашнинг салбий оқибатлари олдини олиш ҳамда улардан инсон ҳуқуқларини илгари суришда янада самарали фойдаланиш керак.
- Хитой ва Марказий Осиё мамлакатларининг ўз миллий воқеликларига мос келадиган инсон ҳуқуқларини ривожлантириш йўлидан боришини қўллаб-қувватлаш, “Хитой – Марказий Осиё руҳи”ни ҳар томонлама ривожлантириш, цивилизациялар ўртасидаги алмашинув ва ўзаро ўрганишни чуқурлаштириш, шунингдек, миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда умумий модернизация орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиётга кўмаклашиш талаб қилинади.
- Олти мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича институтлари, жамоат ташкилотлари, олий таълим муассасалари, таҳлилий марказлари, корхоналари, оммавий ахборот воситалари ва ёшлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ривожлантириш борасидаги концепциялар ва амалий тажриба билан чуқур алмашиш, мулоқот кўприкларини қуриш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Хитой ва Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқларининг мувофиқлаштирилган ривожланишига кўмаклашиш зарур.
- Ўзгаришлар ва тартибсизликлар ўзаро туташиб кетган дунёда ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал бошқарувга жиддий хавфлар юзага келган шароитда биз Глобал тараққиёт ташаббуси, Глобал хавфсизлик ташаббуси, Глобал цивилизация ташаббуси ва Глобал бошқарув ташаббусини ҳаётга татбиқ этишимиз, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, бутун дунёда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз ҳамда жаҳондаги инсон ҳуқуқлари ишининг ривожланишига туртки беришимиз шарт.
- “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форумини институционализация қилишга кўмаклашишда давом этиш, кўпроқ экспертларни фаол иштирокка жалб қилиш, “Хитой – Марказий Осиё” саммити натижаларини сидқидилдан ҳаётга татбиқ этиш, инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича консенсусни доимий равишда мустаҳкамлаш ва олти давлатнинг ушбу соҳадаги ҳамкорлигини кучайтириш, Хитой ва Марказий Осиёнинг ўзаро яқин ва туташ тақдирли ҳамжамиятини барпо этишга янада катта ҳисса қўшиш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми минтақада инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Инсон ҳуқуқлари, адолат ва тараққиёт бир-бири билан узвий боғлиқ тушунчалардир. Агар жамиятда инсон қадри улуғланса, ҳуқуқ ва эркинликлар таъминланса, барқарор тараққиётга эришиш мумкин бўлади. Шу сабабли, юқори сифатли ривожланиш орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиётни биргаликда илгари суриш бугунги даврнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Саидакмал Мамасолиев,
Саидислом Нуриддинов,
Тошкент давлат юридик университети талабалари,
“Адолат кўзгуси” ҳуқуқий-маърифий газетаси 2026 йил 29 май 5-сон
Ўзбекча
English
Русский