Андижонда профилактика инспекторлари учун ташкил этилган икки кунлик семинар-тренинг ўз ниҳоясига етди

27 июнь куни Андижон шаҳрида ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспекторлари учун ташкил этилган “Халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусидаги икки кунлик семинар-тренинг ўз ишини якунлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирнинг иккинчи куни ҳам юқори савияда ўтди. Тренинг давомида иштирокчилар томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари, халқаро шартномалар нормаларини миллий қонунчиликка мослаштириш масалалари, шунингдек, Ўзбекистон Президентининг “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Семинар-тренинг иштирокчилар учун Миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев томонидан “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва миллий стандартлар”; Ички ишлар вазирлиги Академияси доценти Умид Фозилов томонидан “Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий стандартлар”; Миллий марказ бўлим бошлиғи Иқболбек Абдумажидов томонидан “Қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг олдини олишнинг халқаро-ҳуқуқий ва миллий норматив асослари”; Миллий марказ бош мутахассиси Ҳусниддин Холмаматов томонидан “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва унинг профилактика инспекторлари фаолиятидаги аҳамияти” мавзуларида маърузалар тақдим этилди.

Тадбирда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар билан манзилли ишлашда фаоллик кўрсатган 13 нафар МФЙ профилактика инспектори фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Уларга Миллий марказ томонидан нашр этилган ҳуқуқий адабиётлар топширилди.

Тадбир давомида олинган билим ва кўникмалар профилактика инспекторларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech