Коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни

Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 22 июнда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди.

Янги Қонун мамлакатимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиноий тажовузлардан ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат бошқаруви ва иқтисодий соҳада қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги стратегик аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади. Қонун билан 3 та Кодекс ва 5 та Қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Биринчидан, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестри юритиладиган бўлди. Реестрга киритилган шахсларга қатор чекловлар белгиланиб, улар жумладан давлат хизматига кириши, сайланадиган лавозимларга номзодини кўрсатиши, давлат харидларида қатнашиши тақиқланди.

Иккинчидан, Жиноят кодексида “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчасига таъриф берилиб, унга 18 турдаги жиноятлар кириши белгиланди.

Учинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга янги институт – комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг қонуний асослари яратилди. Уларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун билан ўрнатилди.

Тўртинчидан, коррупцияга қарши курашишда энг қуйи маиший коррупциядан тортиб, юқори даражадаги мансабдор шахслар орасидаги жиноятчиликка қарши амалий механизмлар белгиланди.

Бешинчидан, комплаенс тузилмаларнинг мустақил ва таъсирчан ишлашини таъминлаш учун ушбу бўлинмалар ходимларининг хавфсизлик кафолатлари ўрнатилди.

Олтинчидан, комплаенс тузилмалари барча давлат органларида ташкил этилади. Шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш фаолиятини олиб борувчи тузилмаларнинг ўзида ҳам комплаенс-назорати тизими олиб борилади.

Еттинчидан, комплаенс тузилмаларининг бутун фаолияти Президент Администрациясининг Комплаенс хизмати томонидан мувофиқлаштирилади. Бошқача айтганда, эндиликда коррупцияга қарши тарқоқ ҳолда курашиш эмас, ягона тизим асосида яхлит тузилма сифатида иш олиб борилади.

Саккизинчидан, 5 турдаги коррупциявий жиноят учун жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қоидалари қўлланилмаслиги белгиланди. Бу ўринда: ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш; фирибгарлик учун ҳукм қилинган ва етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопламаганлик;  такроран ёки хавфли рецидивист бўла туриб ёхуд жуда кўп миқдорда пора олиш; пора бериш; пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларини содир этган шахсларга нисбатан юқоридаги енгилликлар қўлланилмаслиги ҳақида сўз бормоқда.

Тўққизинчидан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига ҳар бир давлат органи ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупциявий хавф-хатарлар харитасини шакллантириш вазифаси юклатилди. Унда ҳар бир йўналиш бўйича жиноятчилик статистикаси, амалиёт таҳлили, аҳолининг муносабати, коррупцияга қарши курашиш сиёсати самарадорлиги каби маълумотлар акс эттирилади.

Ўнинчидан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш, ҳудудий кенгашларнинг мақоми ва вазифалари, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига  8 та янги вазифа белгиланди. Шу тариқа мамлакатимизда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш каби устувор вазифалар қонуний асосда мустаҳкамланди.

Журналистларнинг ушбу янги Қонун талабларини ҳаётга кенг ва тўлиқ татбиқ этишдаги иштироки бевосита ва билвосита миқёсларда фаол намоён бўлиши фарзу қарздир. Негаки, журналистлар, оммавий ахборот воситалари ва улар мансуб бўлган фуқаролик жамияти коррупцияга қарши курашда назоратчи, фош этувчи ва жамоатчилик фикрини шакллантирувчи асосий кучдир.

Бинобарин, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддаси “Оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашишда иштирок этиши” деб номланган. Ушбу моддага кўра, оммавий ахборот воситалари:

  • коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

  • коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга, шу жумладан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тадбирларни ёритади;

  • коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

  • коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Шу ҳуқуқий негизга таяниб, оммавий ахборот воситалари ва журналистлар тимсолидаги улкан ижтимоий куч-қудрат яширин коррупциявий схемалар, манфаатлар тўқнашуви ва бюджет маблағларининг талон-торож қилинишини аниқлаб, оммага ошкор қилиш орқали давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга яқиндан кўмаклашади.

Бунинг учун журналистлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг журналист текшируви ўтказиш ҳуқуқи қонуний кафолатлаб қўйилган. Яъни, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, “Журналист ахборот тўплаш ва текширув ўтказиш ҳуқуқига эга”.

Айни чоғда, журналист коррупция ҳақида материал тайёрлаётганда айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши лозим. У ўзи тайёрлаётган материалларининг ҳаққонийлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шарт. Журналист ўз касбига доир ахборотдан шахсий мақсадларда, масалан, тамагирлик, товламачилик ёки бирор амалдорни қўрқитиш учун фойдаланиши қатъиян ман этилади.

Буларнинг барчаси – амалдаги қонунчиликда муҳрланган мажбуриятлардир. Журналист коррупцияни ёритишда холислик ва ҳалолликни таъминлаш мақсадида нафақат ушбу мажбуриятларга, айни чоғда, Журналистларнинг миллий касб этикаси кодекси талабларига ҳам риоя қилиши шарт.

Табиийки, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ахборот маконида тегишли муҳит яратиши ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Бундай муҳит коррупцияга нисбатан жамиятда салбий ижтимоий фикрни ва муросасизлик ҳиссини шакллантиради.

Бунда, айниқса, журналистларнинг ахборот тарқатиш фаолияти алоҳида ўрин тутади. Жамиятнинг коррупция ҳолатлари ҳақидаги тезкор ва холис ахборот билан таъминланиши, шубҳасиз, бундай ҳолатларга барҳам бериш ва жазо муқаррарлигини таъминлашга кўмаклашади.

Қолаверса, оммавий ахборот воситалари жамият вакилларига эркин фикр билдириш учун платформа тақдим этади. Бошқача айтганда, оммавий ахборот воситалари фуқароларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш ва қонунбузарликлар ҳақида хабар бериш учун очиқ минбар вазифасини ўтайди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир». Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 69-моддасида оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақомга эгалиги кафолатлаб қўйилганини таъкидлаш лозим.

Шу асосда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида белгиланганидек, журналистлар давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш учун жамоатчилик назоратининг асосий воситачиси сифатида хизмат қилиш бурчига эга. Улар фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамият фаоллари ва блогерлар қатори жамоатчилик назоратини амалга оширади, яъни давлат харидлари, бюджет сарфланиши ва қонун лойиҳалари устидан мустақил мониторинг юритади.

Шунингдек, журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий саводхонлик борасидаги фаолияти аҳолининг ҳуқуқий билимлари ошиши ва порахўрликка қарши туриш кўникмалари шаклланишига хизмат қилади. Бундан ташқари, улар коррупция хавфи юқори бўлган соҳаларни соддалаштириш ва рақамлаштириш бўйича ҳукуматга тавсиялар киритиш ҳамда коррупция ҳақида хабар берган шахслар ва жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишларига ҳам муносиб ҳисса қўшади.

Яна бир муҳим янгилик: Янги Ўзбекистонда суриштирув олиб бораётган журналист ва блогерларга тазйиқ ҳамда босимларнинг олдини олиш мақсадида махсус ҳимоя ордерларини бериш тизими жорий этилмоқда. Бу тартиб “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда парламент палаталари муҳокамасидан ўтмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 21-моддасига кўра, “Инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт”.

Инсон, халқ, давлат манфаатларига путур етказмаслик, демакки манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик – ҳар кимнинг инсоний фазилатлари, хусусан, ҳалоллиги билан бевосита боғлиқ. Ҳалол киши хиёнат, ғирромлик каби иллатлардан холи бўлиб, у тўғри ва ҳалол, покиза ва виждонан яшайди, бировларнинг ҳақига заррача ҳам хиёнат қилмайди. Бундай инсонлар ҳалол билан ҳаромни фарқлайди, фақат ўз меҳнати эвазига тирикчилик қилади, ҳаром-харишдан жирканади, ҳаромхўрликни гуноҳи азим ва ахлоқсизлик деб билади.

Ҳалолликнинг зидди – коррупция иллатидир. Зеро, “коррупцияга қарши маданият” шаклланмаган жамиятда адолатсизлик ва жиноятлар одат тусига айланади. Шу сабабли ҳам ҳар бир демократик давлат ўз ривожланиш концепциясида ушбу иллатга қарши курашишга қаратилган чораларни кўзда тутади. Журналистлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари бу борада жамият ва давлат ўртасидаги ишончли кўприкдир.

 

Ғулом МИРЗО

«Куч – адолатда» газетасининг 2026 йил 3 июль кунги 25 (1111)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech