“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони соҳиби Ремко Рейдинг – 50 ёшда

1976 йил 7 июль – нидерландиялик журналист,

ёзувчи ва тарихнавис Ремко Рейдинг туғилган кун

 

Нидерландиялик таниқли журналист, тарихчи-тадқиқотчи ва ёзувчи Ремко Рейдинг 50 ёшга тўлди. У 1976 йил 7 июлда Нидерландиянинг Амерсфорт шаҳрида туғилган.

Ремко Рейдинг номи юртдошларимизга яхши таниш ва жуда қадрлидир. Чунки у Иккинчи жаҳон уруши даврида Смоленскдаги қақшатқич жангларда мардларча курашган ва асирга олиниб, фашистларнинг Нидерландиядаги “Амерсфорт” концлагерига ташланган 101 нафар ўзбек аскарининг аччиқ қисмати ҳақида биринчилардан бўлиб бонг урган фидойи ижодкор ҳисобланади.

Гап шундаки, Ремко Рейдингнинг ҳаёти 1998 йилда, 22 ёшида бутунлай ўзгариб кетади. Ўша даврда журналистика факультети талабаси бўлган бу йигит ўз она шаҳри яқинидаги Леусден (Рюстхоф) қабристонида унутилиб кетган "Шон-шараф майдони" (Soviet War Cemetery) борлигини билиб қолади. У ерда дафн этилган 865 нафар аскарнинг шахсини аниқлаш ва уларнинг оилаларини топиш истаги навқирон журналист ҳаётининг бош мақсадига айланади.

Ремко Рейдинг 2010 йилда махсус жамғарма тузиб, уни "Шон-шараф майдони" фонди деб номлайди. Шу тариқа янги Фонд асосчиси уруш қурбонлари хотирасини тиклаш бўйича тизимли ишларни бошлаб юборади.

Унинг 25 йилдан ортиқ вақт давомида олиб борган изланишлари натижасида 250 дан ортиқ аскарнинг шахси аниқланади. Ремко уларнинг яқинларини топиб, Нидерландиядаги қабрларини зиёрат қилишларини ташкиллаштиради.

Кейинчалик Ремко Леусден шаҳрида "Soviet War Cemetery Experience" музейини ташкил этади. Бу музей Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари, жумладан, ўзбек ўғлонларининг кўрсатган жасоратига бағишланган.

Нидерландия заминида хоклари ётган 101 нафар ўзбек жангчиси 1941 йилда фашистлар томонидан асирга олинган ва 1942 йил 9 апрелда қатл этилган. Айнан Ремко Рейдинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан "Шон-шараф майдони" фонди ҳар йили шу қайғули санада собиқ “Амерсфорт” концлагерининг юртдошларимиз отиб ташланган майдонида хотира тадбири ўтказиб келади.

Ремко Рейдинг ҳозирги вақтда Нидерландиянинг “Шон-шараф майдони” фонди бошқаруви раиси лавозимида ишлайди. Мазкур ёдгорлик мажмуаси Амерсфорт шаҳрининг “Растхоф” қабристонига туташ ҳудудда жойлашган бўлиб, бу ерда 865 нафар совет аскари, жумладан, 101 нафар ўзбек жангчиси дафн этилган.

Р.Рейдинг ана шу қурбонларнинг шахсини аниқлаштириш учун изчил изланишлар олиб бормоқда. Хусусан, Р.Рейдинг 2021 йилда ўзбекистонлик жангчиларга тааллуқли экани тахмин қилинган бир қанча тарихий ҳужжатларни топишга муваффақ бўлган.

 Р.Рейдинг Иккинчи жаҳон урушининг ўзбекистонлик 101 нафар қаҳрамони ва қурбони тақдирини чуқур ўрганиб, шу қайғули ва ибратли воқеа тафсилотлари ҳақида “Шон-шараф майдони болалари” номли китоб ҳам ёзган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов 2022 йил январида Брюсселда таниқли журналист ва адиб Ремко Рейдинг билан учрашуви чоғида қаттол урушнинг ўзбекистонлик 101 нафар қаҳрамони ва қурбони тақдирини чуқур ўргангани ҳамда ана шу қайғули ва ибратли воқеа тафсилотлари ҳақида алоҳида китоб ёзгани учун унга чуқур миннатдорчилик изҳор этганди.

Ушбу мулоқот асносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2020 йили Тошкент шаҳрида очилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси таркибида 101 нафар ўзбек жангчиси хотирасига бағишлаб “Концлагерь” ёдгорлиги бунёд этилгани таъкидланди. Шунингдек, “Шон-шараф” давлат музейида, Р.Рейдинг тўплаган тарихий далил ва ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, айни мавзуни ёритишга қаратилган махсус павильон ишлаб турибди.

Нидерландиялик маданият арбоби Б.Чарлак 2021 йилда “Ўзбекистон – Буюк Ипак йўлининг гавҳари” номли китобини нашр эттирди. Ушбу китобда ҳам 101 нафар ўзбек аскарининг аччиқ қисмати ҳақида Р.Рейдинг тақдим этган тарихий маълумотлар қайд этилган.

Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб ўзбек киноижодкорлари томонидан миллатимизнинг гўзал сийратини, азалий одоби ва инсонпарварлик фазилатларини теран очиб берадиган ушбу ҳаётий қисса асосида “101” номли бадиий фильм тасвирга олинган. Бу ҳақда китоблар чоп этилди, оммавий ахборот воситаларида атрофлича маълумотлар эълон қилинди.

Р.Рейдинг уруш қурбонлари хотирасини тиклаш, уларнинг шахсини аниқлаш, қариндошларини топиш борасида амалга ошираётган эзгу фаолият миллий ва халқаро даражада юқори баҳоланган. Хусусан, у 2023 йилда Ўзбекистон томонидан – “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан мукофотланган. Ушбу нишон ўз соҳибига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори номидан тантанали равишда тақдим этилган.

Бунга қадар Ремко Рейдинг уруш қурбонлари хотирасини тиклашдаги улкан хизматлари учун 2014 йилда Нидерландиянинг “Оранж-Нассау Ордени рицари” унвони билан тақдирланган. Лёсден шаҳри (Нидерландия) мэрияси 2019 йилда Р.Рейдингни жамият олдидаги хизматлари учун Анни де Бофорспелд кўкрак нишони билан мукофотлаган. Шунингдек, 2023 йили унга Барселонада Халқаро қаршилик кўрсатиш жангчилари федерацияси (FIR) томонидан Мишель Вандерборг мукофоти топширилган.

Р.Рейдинг Ўзбекистонга бир неча бор келган ва Иккинчи жаҳон уруши давридаги ўзбек жангчилари жасоратига бағишлаб ташкил этилган тадбирларда қатнашган. Айниқса, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси бунёд этилганидан кейинги даврда юртимизга ташриф буюриб, оммавий ахборот воситаларида ушбу тарихий мажмуадан олган таассуротларини самимий изҳор этгани эътиборлидир.

Ремко Рейдинг бугунги кунда ҳам урушда ҳалок бўлган аскарларнинг исм-шарифларини тўлиқ тиклаш ва уларнинг авлодларини топиш йўлидаги инсонпарварлик миссиясини фаол давом эттирмоқда. Р.Рейдингнинг Нидерландия тупроғида дафн этилган ўзбек жангчилари қабрларини обод қилиш ташаббуси, бир томондан, миллий ва умуминсоний қадриятларга мос бўлса, иккинчи томондан, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган инсон қадрини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатига тўлиқ жавоб беради.

Мухтасар айтганда, инсон қадрини жойига қўйиш йўлидаги улкан хизматлари, хусусан, Нидерландия заминида фашизм қурбонига айланган ўзбек жангчилари шахсини аниқлаш йўлида кўрсатган фидойилиги ва юртдошларимиз хотирасига нисбатан юксак ҳурмат-эҳтироми учун Ремко Рейдинг ҳар қанча таҳсину эътирофимизга муносиб.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech