Хориждаги ватандошимиз мурожаати ижобий ҳал этилди

Мамлакатимизнинг Беларусдаги элчихонаси вакиллари ушбу давлатдаги ҳамюртимиз Р.Р.нинг мурожаатидан сўнг, унинг яқинда туғилган фарзандини Ўзбекистонга қайтаришга кўмаклашди. Бу ҳақда “Дунё” АА мухбири хабар берди.

Гап шундаки, жорий йил май ойида МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг халқаро анжуманидаги иштироки доирасида Ўзбекистон делегацияси Беларусь ИИВ ЖИДга қарашли Тергов ҳибсхонаси ва Маҳкумлар учун республика шифохонасини бориб кўрганди. Бу тадбирда МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев, Омбудсман девонининг етакчи маслаҳатчиси Дониёр Тўраев, мамлакатимизнинг Минск шаҳридаги консули Нодир Ўсаров ҳамда МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Евгения Парамонова иштирок этганди.

Ўшанда пенитенциар муассасада сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ўтказиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши масалаларини ўрганиш ҳамда зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалалари асосий диққат марказида бўлди.

Ташриф чоғида тергов ҳибсхонасида сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан суҳбат ўтказилди. Уларга ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, ваколатли органларга мурожаат қилиш имкониятлари ҳамда консуллик муассасаси билан ўзаро алоқа қилиш тартибига оид айрим масалалар тушунтирилди.

Мулоқот асносида хорижий давлат ҳибсхонасида сақланаётган юртдошларимизнинг процессуал кафолатларга риоя этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тартиби тўғрисида зарур ахборот олишини таъминлаш ҳолатлари ўрганилди. Уларнинг консуллик ёрдамидан фойдаланиш имкониятини яратиш, шунингдек, яқинлари билан алоқа қилиб туриши каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатмиз делегациясининг мазкур тергов ҳибсхонасида бўлиши ва Ўзбекистон фуқаролари билан учрашиши МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси фаолияти доирасида давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, Беларусь ҳудудида бўлиб турган фуқароларимизни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим амалий тадбир бўлди.

Ўша учрашувда Минскдаги 1-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган  ватандошимиз тез кунда туғилажак фарзандини Ўзбекистонга қайтариш ва уни яқин қариндошлари қарамоғига топшириш бўйича амалий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилганди.

Шундан сўнг, ушбу мурожаат бўйича элчихона томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ваколатли давлат идоралари билан ҳамкорликда зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди. Дипломатларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида қисқа вақт ичида яқинда туғилган чақалоқ юртимизга қайтарилди. Айни пайтда бола яқин қариндошлари қарамоғига топширилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech