Жиззахда инсон ҳуқуқлари бўйича семинар-тренинг ўтказилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимиз ҳудудларида ўқув машғулотлари тизимли тарзда давом эттирилмоқда. Ушбу тадбирларнинг ташкилотчилари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ички ишлар вазирлиги, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ҳисобланади.

Хусусан, 20-21 июль кунлари Жиззах шаҳрида вилоят ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспекторлари учун ўтказилган семинар-тренингни Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Ғайрат Қодиров очиб берди. Машғулотлар “Инсон ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусига  бағишланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тадбир иштирокчиларни қутлар экан, даставвал, ушбу ўқув семинари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 29 июнда ўтказилган профилактика инспекторлари фаолияти ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган мажлисда кўтарилган масалалар тарғиботи билан уйғун тарзда олиб борилаётганига эътиборни қаратди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида профилактика инспекторларининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилаётгани қайд этилди. Давлатимиз раҳбарининг профилактика инспекторларига хос бўлмаган ортиқча вазифалардан уларни халос этиш, аҳолига хизмат кўрсатиш тизими асосида ишлаш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш жараёнида замонавий фанлар — хавф-хатар таҳлили, рақамли технологиялар, профайлинг ва оилавий медиация каби йўналишларни жорий этиш зарурлиги ҳақидаги кўрсатмалари юзасидан атрофлича тушунтириш берилди.

Ўз навбатида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази етакчи мутахассиси профессор Илҳом Турғунов Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 24 июндаги “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган масалаларнинг моҳияти ва аҳамияти хусусида атрофлича тўхталди.

Шунингдек, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинган жорий йилда маҳалла институтининг янада мустақил ва халқчил тузилмага айланиши, “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни камбағаллик, ишсизлик, жиноятчилик ва оилавий ажримдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги устувор вазифалар кўриб чиқилди. Айни жараёнда маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика тизимини такомиллаштириш орқали аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш механизмларининг ғоят муҳимлиги таъкидланди.

Машғулотларда асосий эътибор профилактика инспекторларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни очиш, тергов қилиш ҳамда уларнинг олдини олиш борасидаги касбий фаолиятида, шунингдек, бошқа хизматлар, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик жараёнида зарур бўладиган инсон ҳуқуқларига доир халқаро стандартлар бўйича билимларни шакллантиришга қаратилди. Шу билан бирга, ички ишлар органлари ходимларида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш кўникмаларини ҳосил қилиш масаласи алоҳида эътибор марказида бўлди.

Семинар мавзусининг турли қирраларини теран ёритишга қаратилган бир қатор маърузалар тингланди. Маърузаларни халқаро ва миллий ҳуқуқ соҳасида юқори тажрибага эга соҳа намояндалари, олимлар ва экспертлар гуруҳи тақдим этди.

Тренинг тингловчиларига мавзуга оид методик қўлланмалар тарқатилди.

Тадбир якунида фаол иштирокчиларга ташаккурномалар топширилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech