23 июнь куни “Дўстлик” фестивали тадбирлари пойтахтимизнинг “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи пойига тантанали гулчамбар қўйиш маросими билан бошланди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раҳбарияти ва ходимлари, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик намояндалари иштирок этди.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида эътироф этилгани муносабати билан мамлакатимизда 31 июлга қадар “Дўстлик” фестивали ўтказилмоқда. Фестивалнинг тантанали очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев ҳам қатнашди.
Бугунги кунда юртимизда турли миллат ва элат вакилларининг тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳитида яшаб келаётгани Янги Ўзбекистон сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. “Дўстлик” фестивали ана шу эзгу қадриятларни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маданиятини кенг тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Фестиваль доирасида илмий-амалий конференциялар, маънавий-маърифий учрашувлар, ёшлар форуми, маданий тадбирлар, концерт дастурлари ва кўргазмалар ташкил этилади. Бу кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар ва дўстлик анжуманлари жамиятда бирдамлик руҳини янада кучайтириш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, инсонпарварлик ва миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Бундай ташаббуслар янги Ўзбекистонда тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат энг юксак қадрият эканини яна бир бор баралла намоён этади. Фестиваль мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини кенгайтириш ҳамда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” ғоясини тарғиб этишга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
