Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Сирдарёда профилактика инспекторлари учун семинар-тренинг ўтказилди

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 29 июнда ўтказилган мажлисда профилактика инспекторлари фаолияти ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш истиқболлари ҳақида алоҳида сўз юритилди. Мамлакатимиз ҳудудларида маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспекторлари учун ўтказилаётган семинар-тренинглар давлатимиз раҳбари айни мажлисда илгари сурган масалалар тарғиботи билан уйғун тарзда олиб борилмоқда.

Тадбир ташкилотчилари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ички ишлар вазирлиги, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ҳисобланади. Машғулотлар “Инсон ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусига  бағишланган.

24 июль куни Сирдарё вилоят ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари профилактика инспекторлари учун худди шундай навбатдаги семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбирни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Фаррух Ҳайдаров очиб берди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тадбир иштирокчиларни қутлар экан, ушбу ўқув семинари Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилганига эътиборни қаратди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси асосида профилактика инспекторларининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсадида “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилаётгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг профилактика инспекторларига хос бўлмаган ортиқча вазифалардан уларни халос этиш, аҳолига хизмат кўрсатиш тизими асосида ишлаш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш жараёнида замонавий фанлар — хавф-хатар таҳлили, рақамли технологиялар, профайлинг ва оилавий медиация каби йўналишларни жорий этиш зарурлиги ҳақидаги кўрсатмалари юзасидан атрофлича тушунтириш берилди.

Ўз навбатида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази етакчи мутахассиси профессор Илҳом Турғунов Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 24 июндаги “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган масалаларнинг моҳияти ва аҳамияти хусусида атрофлича тўхталди.

Шунингдек, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинган жорий йилда маҳалла институтининг янада мустақил ва халқчил тузилмага айланиши, “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни камбағаллик, ишсизлик, жиноятчилик ва оилавий ажримдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги устувор вазифалар кўриб чиқилди. Айни жараёнда маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика тизимини такомиллаштириш орқали аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш механизмларининг ғоят муҳимлиги таъкидланди.

Машғулотларда асосий эътибор профилактика инспекторларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни очиш, тергов қилиш ҳамда уларнинг олдини олиш борасидаги касбий фаолиятида, шунингдек, бошқа хизматлар, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик жараёнида зарур бўладиган инсон ҳуқуқларига доир халқаро стандартлар бўйича билимларни шакллантиришга қаратилди. Шу билан бирга, ички ишлар органлари ходимларида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш кўникмаларини ҳосил қилиш масаласи алоҳида эътибор марказида бўлди.

Семинар мавзусининг турли қирраларини теран ёритишга қаратилган бир қатор маърузалар тингланди. Маърузаларни халқаро ва миллий ҳуқуқ соҳасида юқори тажрибага эга соҳа намояндалари, олимлар ва экспертлар гуруҳи тақдим этди.

Семинар-тренинг якунида профилактика инспекторлари тест синовларидан ўтказилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Nashr sanasi 24.07.2026 Ko'rishlar 15
Ulashish