Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

УСТОЗ ЖУРНАЛИСТНИНГ ЭЗГУ ТАШАББУСИ

Янги Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳага, хусусан, жамиятда китобхонлик маданиятини юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари эътироф этганларидек: “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда”.

Дарҳақиқат, китоб – йиллар суронини енгиб ўтиб, тафаккур ва одамийлик сабоқларини авлоддан авлодга етказувчи маънавий кўприк. Кутубхона эса инсонларни мутолаа орқали руҳан покловчи, қалб кўзини очувчи ва ақлни қувватлантирувчи зиё масканидир. Шунинг учун ҳам инсониятни яхшиликка, эзгу амалларга ундовчи китоблар ёзаётган илм ва ижод аҳлини, эл-юрт манфаати учун кутубхоналар бунёд этаётган маърифатсевар фидойиларни донишманд халқимиз ҳамиша ардоқлаган.

Бугун ҳам халқимиз маънавиятини юксалтириш мақсадида қалам тебратаётган, кутубхоналар ташкил этиб, ёшу кексани китобхонликка ўргатаётган зиёлиларимиз оз эмас. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, таниқли адабиётшунос ва публицист Аҳмаджон Мелибоев ҳам ана шундай қалби ва онги уйғоқ, маърифатпарвар ижодкорлардан биридир.

Аҳмаджон Мелибоев 1946 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилояти Сафед Булон қишлоғида таваллуд топган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетида таълим олган.

Аҳмаджон Мелибоев юзлаб долзарб мавзулардаги мақолалари, “Ёлғиз яшаб бўлмайди”, “Ҳуштакни ким чалади?”, “Торнинг чўмичдан фарқи”, “Сувора соғинчи”, “Қирқ бешинчи бекат”, “Қабоҳат тўри”, “Ризқ дарахти”, “Ўзингни ўзинг бошла”, “Ўзимдан ўтганлари”, “Юз таҳлил”, “Журналистнинг тил бойлиги”, “Сиз ёзмаган китоб” сингари ўнлаб публицистик тўпламлари, бадиий ва ҳажвий асарлари, журналистикага оид ўқув-амалий қўлланмалари билан қалами ўткир журналист, истеъдодли ижодкор ва закий олим сифатида танилган.

Устоз журналист ҳозирда “Жаҳон адабиёти” журналига бош муҳаррирлик қилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий университетида талабаларга журналистикадан сабоқ бермоқда.

Аҳмаджон Мелибоев халқимизга илм ва маърифат улашиш мақсадида яна бир эзгу ташаббусни амалга оширди: Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Қизилёзи қишлоғида кутубхона ташкил этди. Кутубхона фондидан атоқли ижодкорнинг умр бўйи тўплаган ўн мингга яқин китоблари ўрин олган. Ҳомий ташкилотлар ва саховатпеша инсонларнинг кўмаги ила ушбу зиё маскани янгидан янги китоблар билан бойиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳам устоз журналистнинг хайрли саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, мамлакатимизнинг чекка Қизилёзи қишлоғида жойлашган кутубхонага 26 номдаги 120 та китобни совға қилди. Ушбу китоблар 2026 йил 12 август куни кутубхона асосчиси Аҳмаджон Мелибоевга топширилди.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Nashr sanasi 13.08.2026 Ko'rishlar 188
Ulashish