Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга

Ушбу қоида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Асосий қонунимизнинг айни моддасига мувофиқ, “Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир. Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир”.

2 сентябрь – Билимлар кунида Янги Ўзбекистон мактаблари остонасига қарийб 800 минг нафар жажжи ўғил-қизларимиз илк бор қадам қўйди. Мамлакатимиздаги 10 минг 225 та умумтаълим мактаби биринчи синфига борган барча ўқувчиларга 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат «Президент совғаси» тўпламлари топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига табригида таъкидлаганидек, “Кейинги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли Янги Ўзбекистон мактаблари бутунлай янгича қиёфа касб этиб, таълим сифати такомиллашиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Ана шундай муҳитда улғайиб, камолга етаётган, ўқиш, касбий таълим, “Ай-ти”, ижодий изланишлар, спорт, жамоат ишларида дастлабки ютуқлари билан ота-оналар ва устозларни хурсанд қилаётган ўғил-қизларимиз – бизнинг нурли келажагимиз, олтин фондимиздир”.

Маълумот учун: Юртимиз мактабларида айни вақтда 550 минг нафардан ортиқ ўқитувчи 6,7 миллион нафардан зиёд ўқувчига таълим-тарбия бермоқда.

         

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 02.09.2026 Ko'rishlar 32
Ulashish