4 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида ўз ишини бошлаган Парламентлараро иттифоқ Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси айни шу мавзуга бағишланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан билан ташкил этилган мазкур нуфузли анжуман Олий Мажлис Сенати ҳамда Парламентлараро иттифоқ ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Конференция Янги Ўзбекистон ёшларининг жамият ва давлат ҳаётидаги фаол иштирокини кенгайтириш, уларнинг парламент фаолиятидаги ролини кучайтириш, ёш авлод вакиллари ўртасида глобал мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббусларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Бугунги кунда дунё тобора мураккаб ва зиддиятли геосиёсий жараёнларни бошдан кечираётган бир шароитда ёшларнинг сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон қадр-қиммати ва ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш масалалари халқаро ҳамжамиятнинг муҳим кун тартибига чиқмоқда.
Шу жиҳатдан мазкур конференция ёш авлод овозини халқаро парламент мулоқотига олиб кириш, уларнинг глобал муаммолар ечимига қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ёш парламент аъзолари ўртасида тажриба алмашинувини кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг глобал конференция иштирокчиларига йўллаган табригини Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.
Табрикда Ўзбекистон БМТнинг «Ёшлар – 2030» стратегиясини жадал амалга ошираётган дунёнинг ўнта етакчи давлати қаторидан ўрин олаётгани қайд этилди. Мамлакатимиз глобал ёшлар тараққиёти индексида энг тез ривожланаётган давлатлардан бири сифатида эътироф этилган.
“Ишончим комилки, анжуман доирасидаги мулоқот ва мунозаралар очиқ, конструктив ва амалий руҳда кечади. Уларда илгари суриладиган ташаббуслар, қабул қилинадиган самарали ҳужжатлар ва янги ҳамкорлик механизмлари ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, шунингдек, парламентлараро ҳамкорлик институтларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, деб алоҳида таъкидлаган Президент.
Тадбир давомида Олий Мажлис Сенат Раиси Ўзбекистонда ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилаётган эътибор хорижий парламентлар аъзолари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилаётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституция, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва бошқа стратегик ҳужжатларда ёшлар манфаатлари устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов ёшлар масаласига қаратилаётган эътиборнинг аҳамияти ҳақида тўхталди. Президентимиз айтганларидек, ёшларга имконият беришнинг энг юқори кўриниши уларнинг ўзлари қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этишидир. Шу мақсадда парламент фаолиятида ҳам ёшлар билан ишлашнинг институционал механизмлари жорий этилди.
Парламентлараро иттифоқ Президенти Тулия Эксон ёшларнинг овози халқаро миқёсда муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнларида тобора катта аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Айниқса, турли мамлакатлардан келган ёш парламент аъзоларининг ўзаро мулоқоти, тажриба алмашинуви ва ҳамкорлиги бугунги глобал муаммоларни ҳал қилишга янги ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилишини қайд этди.
Ушбу халқаро анжуманда дунёнинг 60 га яқин мамлакатидан ёш парламент аъзолари, 11 халқаро ташкилот вакилларидан иборат қарийб 250 нафар иштирокчи қатнашмоқда. Иштирокчилар орасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов ҳам бор.
Глобал конференция доирасида инсон ҳуқуқлари ва ёшларнинг сиёсий иштироки, ижтимоий адолат, рақамли хавфсизлик, таълим ва муносиб меҳнат, ёш аёлларнинг сиёсий фаоллиги, шунингдек, парламентларнинг глобал муаммоларни ҳал этишдаги роли каби қатор муҳим масалалар муҳокама қилинмоқда.
Мулоқот давомида ёш парламент аъзолари замонавий дунёдаги долзарб муаммолар юзасидан ўз фикр ва ташаббусларини билдиради ҳамда инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини таъминлаш, тинчлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, шунингдек, барқарор тараққиётга эришиш масалалари бўйича ўзаро тажриба алмашади.
Тадбир якунида ёш парламент аъзоларининг таклиф ва ташаббусларини ўзида акс эттирган глобал конференциянинг якуний ҳужжати қабул қилиниши назарда кутилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
