Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Академик Акмал Саидов Санкт-Петербург давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида учрашув ўтказди

11 сентябрь куни Санкт-Петербург давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази директори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Россия Фанлар академиясининг хорижий аъзоси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси  Акмал Саидов билан учрашув бўлди.

Қизиқарли мулоқот асносида олий юридик таълимни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўқув жараёнини такомиллаштириш ва жамиятнинг замонавий талабларига жавоб берадиган малакали мутахассислар тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Талабалар тайёрлаш сифатини ошириш, ёшларнинг юксак ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш нечоғлик муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Томонлар таълим ва илмий муассасаларнинг академик ҳамкорлиги ҳамда ўзаро алоқаларига алоҳида урғу бердилар.

Шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, академик алмашинувларни йўлга қўйиш, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги таълим ҳамда илмий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

А. Саидов Санкт-Петербург давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолияти, унинг таълим йўналишлари ва асосий вазифалари билан яқиндан танишди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. Шу мақсадда қўшма таълимий ва илмий ташаббусларни ривожлантириш, шунингдек, талабалар ва ўқитувчилар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган Англашув ва ҳамкорлик меморандумини тайёрлаш ҳамда имзолашга келишиб олинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 11.09.2026 Ko'rishlar 78
Ulashish